Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари раҳбар ва педагоглари учун бўлиб ўтмоқда. Малака ошириш ўқувларида Тошкент ислом институтининг 18 нафар раҳбар ва ўқитувчилари ҳам иштирок этмоқдалар.
Диний таълим муассасалари раҳбар ва педагоглари учун малака ошириш ўқувлари бошланди. Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар, туман-шаҳар бош имом-хатиблари, отинойилари учун малака ошириш ўқувлари бўлиб ўтган эди. Ана шундай ўқувларнинг навбатдагиси эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари раҳбар ва педагоглари учун бўлиб ўтмоқда.
“Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида дин соҳа ходимларининг олдида турган вазифалар” йўналишидаги 36 соатлик ўқувларда 90 нафар тингловчи иштирок этяпти. Мазкур ўқувларнинг биринчи кунида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, тарих фанлари доктори, доцент Давронбек Махсудов “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда диний-маърифий соҳа ходимлари масъулияти”, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи, PhD Мансур Мусаев “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими, PhD Аҳмад Саад Даманҳурий “Ақидапараст контентларга илмий асосда раддия бериш услублари: халқаро тажриба” ҳамда Академия катта ўқитувчиси Аъзамхон Қамбаров томонидан “Мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушган шахсларни реабилитация қилиш масалалари (Ўзбекистон тажрибаси)” мавзуларида дарс машғулотлари олиб борилди.
Дарсдан сўнг тингловчиларнинг бўш вақтларини самарали ва мазмунли ўтказиш мақсадида пойтахтимиздаги “Ҳазрати имом” мажмуасига саёҳат ташкил этилди. У ерда тингловчилар “Қаффол Шоший” мақбараси, Бароқхон мадрасаси, “Мўйи муборак” мадрасаси, “Тилла шайх” ва “Номозгоҳ” масжидларини зиёрат қилди ҳамда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишди.
Малака ошириш ўқувлари давом этмоқда.