Тошкент ислом институтига Индонезиянинг Кудус давлат ислом институти делегацияси ташриф буюрди.
ТИИ ва Кудус давлат ислом институти ўртасида 2024 йил январда англашув меморандуми имзоланган бўлиб, унда таълим муассасалари ўртасида талабалар алмашинуви, тадқиқот ва таълим қўшма дастурларини амалга ошириш, илмий конференциялар ўтказиш, профессор-ўқитувчилар учун стажировка ташкил қилиш сингари вазифалар белгиланган эди. Келишувдаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Замонавий ҳадисшунослик ва Қуръоншунослик фанларини ўқитиш Ўзбекистон ва Индонезия тажрибаси мисолида” мавзусида илмий давра суҳбати ўтказилди.
Шу муносабат билан ташриф буюрган “Усули дин” факультети декани Доктор Аҳмад Отабек Фахруррозий бошчилигидаги индонезиялик делегацияни Илмий ишлар ва фан бўйича проректор С.Примов ва Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Т.Эвадуллаев кутиб олиб, институт тарихи ва фаолияти ҳақида маълумот бердилар.
Тадбирни проректор С.Примов кириш сўзи билан очиб, икки таълим муассасасининг ҳамкорлик алоқалари ҳақида тўхталди, бакалавриат, магистратура, келгусида очилажак докторантура, тайёрлов курслари, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари ҳақида сўзлади.
Сўнгра, Доктор Аҳмад Отабек Фахруррозий сўзга чиқиб, “Араб бўлмаган халқлар Қуръони карим маъноларини тушунишида Индонезия тажрибаси” мавзусида маъруза қилди.
КДИИ Академик кенгаши раиси котибаси Доктор Умма Фарида Муҳаммад Асийқнинг “Индонезия диний таълим муассасаларида ҳадис фани ўргатилиши” мавзусидаги маърузаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси мудири Ҳурмуҳаммад Нурбаев “Ўзбекистон диний таълим муассасаларида Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фанларининг ўқитилиши” мавзусидаги чиқишида юртимиз олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари ўқув дастурлари, таълим босқичлари, ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти ва ўқитиладиган дарсликлар борасида маълумотлар меҳмонларда яхши таассурот қолдирди.
Тадбирда иштирок этаётган талаба ва устозлар ҳамда индонезиялик меҳмонлар ўртасида Қуръон ва ҳадисни ўрганиш бўйича икки таълим муассасалари тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Доктор Фахруррозий Ўзбекистондаги Қуръон ва ҳадис таълими методларига, диний таълим соҳасида йўлга қўйилган узвийлик ва институт устозларининг таълим бериш бўйича тажрибаларига юқори баҳо берди. Барча исломий илмларнинг пешқадамлари Бухорийлар, Термизийлар, Мотуридийлар, Насафийлар, Самарқандийлар каби алломаларга бешик бўлган юртимизга ташриф буюрганидан Кудус давлат ислом институти вакиллари мамнун эканликларини изҳор қилдилар.
Тадбир сўнгида проректор С.Примов меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдириб, институтлар ўртасидаги илмий алоқалар давом этишини таъкидлади. Доктор Аҳмад Отабек Фахруррозий ҳам дўстона мулоқот учун институт раҳбариятига ўз ташаккурини изҳор этди. Учрашув сўнгида делегация раҳбари институт “Эсдаликлар китоби”га фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдирди. Томонлар ўзаро эсдалик совғаларини топширдилар.
ТИИ Матбуот хизмати