islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мусулмонлик ҳаққи

Унинг кўриниши сизни мафтун қилган, пишиқлиги ажаблантирган ва мустаҳкамлиги хайратган солган бинони кўрганмисиз?! Бундек бинолар асос ва устунлардан, девор ва тиргаклардан, ғиштлардан ташкил топган бўлади. Бинонинг жиҳозлари бир қанча бўлиб, бир-бирини мустаҳкам тарзда ушлаб туради. Бинонинг жипслиги ва салобати мана шуларнинг натижасида юзага келади.

Мусулмонлар ҳам асосларининг пишиқлиги, биноларининг юксаклиги ва алоқаларининг мустаҳкамлигида худди юқорида сифатланган бинога ўхшайдилар. Уларнинг бу ҳолатга эришишлари Аллоҳ таолонинг “Оли Имрон 103” оятидаги амрига бўйинсунганларидан бўлса, эҳтмимол.

Пайғамбаримиз с.а.в. ўз умматларини сифатлаб айтган сўзлари бунга ёрқин намунадир: “Мўмин мўминга нисбатан баъзиси-баъзисини мустаҳкам тарзда ушлаб турган бино сингаридир”. Имом Бухорий ривояти.

Мусулмонлар Аллоҳ таоло ўзининг каломида (Анбиё 92) дея марҳамат қилганидек бир уммат – бир жасаддирлар. Ундаги бир аъзо бошқа аъзодаги дардни ҳис қила олади. Нўъмон бин Башир р.а. Пайғамбаримиз с.а.в. дан ривоят қилган ҳадисда шундай марҳамат қилинади:  “Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирон аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Шу сабабли ҳам ушбу бирликни муҳофаза қилиш учун ислом бир мусулмонни бошқа мусулмонда ҳақлари борлигини белгилаб қўйди.

  1. Мусулмонни ҳурматини сақлаш. Ҳар бир мусулмонни қони, моли ва обрўсида ҳурмати бордир. Булар умумий ҳуқуқлар бўлиб, осуда инсоний ҳаёт биноси ана шунинг устига барпо бўлади. Инсон ўз нафсида хотиржам бўлиши керак. Унга бирор зўравон ноҳақ зулм қилиши керак эмас. Инсон ўз молида хотиржам бўлиши керак. Унга бирор ўғри ёки зўрлик ила тортиб олувчи тажовуз қилиши керак эмас. Инсон ўз обрўсида ҳам хотиржам бўлиши керак. Уни шарафи оёқ ости қилинишига ёки насабига доғ тушурилишига йўл қўйилмаслиги лозим. Инсонни қони, моли ва обрўсини сақлаш маъносида, жонга ва аъзоларга қилинган жиноятларга қасос, ўғирлик ва зинода ёлғондан айблашликка ҳад жорий қилинган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам ушбу ҳақларни сақлаш лозимлигини таъкидлаб, шундай марҳамат қилганлар: “Бир мусулмонни бошқа мусулмонга қони, моли ва обрўси ҳаромдир”. Муттафақун алайҳ.
  2. Саломга жавоб қайтариш. Мусулмонни бошқа мусулмон зиммасидаги ҳақи, унинг олдидан ўтганда ёки уни зиёрат қилиб борганда ёки унинг уйига ё иш жойига киришга изн сўраганда унга тинчлик-омонлик тилашлигидир. Тоинки бу билан унинг кўнглини кўтариб, ҳаётини барқорорлигини сўраган бўлади. Бу эса, “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи” дейишлик ила бўлади. Агар бирор кишига салом берилса, у ўзининг самимий муҳаббатини изҳор қилган ҳолда “ва алайкум ассалому ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳу” деб, жавобни унданда чиройли шаклда қайтариши лозим бўлади. Аллоҳ Қуръонда шунга буюрган: (Нисо 86).

Салом беришликда саломдан бошқаси унинг ўрнига ўтмайди. Зеро салом мусулмонларнинг дунё ва охиратдаги кўришишларидир. (Иброҳим 23).

  1. Беморни зиёрат қилиш. Инсон бемор бўлганда мадорсизлик сезади ва руҳан бўшашади. Унга умидсизлик оралайди. Ўлим шарпаси гўё уни ютиб юборгудай кўз олдида намоён бўлади. Касаллик саломатлигини адо қилганини ҳис қилади. Бемор мана шундай ҳолатда ўзига тасали берадиган бир инсонни, дуо қиладиган зиёратчини ва шифо топишига умид ўйғотадиган биродарни қидиради…

Беморни зиёрат қилишлик Ислом буюрган мусулмонлик ҳақ-ҳуқуқларидан биридир. Бу беморни кўнглини кўтариб, унга тасалли бериш,  шифо топиш ва ҳаётга бўлган ишончини ошириш ҳамда мана шундай машаққатли дамда у билан бирга эканини намоён қилиш каби юксак мақсадларни амалга ошириш учун машруъ қилинган. Шу билан бирга зиёратчи ҳам бемор ва беморликни кўрганда соғликни қийматини янада билиб, ўзидаги соғлик неъмати учун Аллоҳга шукр қилади.

Киши беморни зиёрат қилмоқчи бўлганда муносиб вақтни ихтиёр қилиши керак. Уни олдида узоқ вақт ўтирмаслиги ёки зиёрат қилиши билан унга ва  оиласига машаққат туғдирмаслиги ҳамда табибларнинг бемор билан кўп гаплашмаслик каби кўрсатмаларига риоя қилиши лозим бўлади.

  1. Жанозага қатнашиш. Мусулмон кишининг биродарига нисбатан бўлган алоқаси уни ҳаётдан ўтишлиги билан тўхтаб қолмайди. Балки бу алоқа унинг жаноза намозига иштирок этиш ва қабрига кузатиб бориш бўлган охирги видолашув билан ҳам давом этади. Яна шу билан бирга вафот этган кишининг оила аъзолари ўз мусибатларига ҳамдардлик кўрадилар.

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар: “Ким жанозага иштирок этиб, (жаноза) намозини ўқиса унга бир қийрот (савоб) бор. Ким жанозага у дафн этилгунича иштирок этса, унга икки қийрот (савоб) бор” дедилар. “икки қийрот нима?”- дейилди. Пайғамбаримиз с.а.в. “икки буюк тоғ мислича” дедилар.

  1. Чақириққа ижобат қилиш. Инсонга уйланиш ёки фарзанд кўриш ёки касалдан тузалиш каби уни хурсанд қиладиган Аллоҳнинг неъматлари ҳосил бўлади. Шунда ўзининг хурсандчилигига шерик бўлишлари учун яқинларини ва дўстларини зиёфат уюштириб чақиради. Икки кишининг бир-бирини Аллоҳ йўлида яхши кўришиши иймон рукнларидан ҳисобланади. Бунинг аломати эса, мусулмон киши биродарининг чақириғига лаббай деб ижобат қилишидир. Бу билан биродарлик алоқаларини ҳам мустаҳкамлаган бўлади. Жамиятда кишилар ўртасидаги бирликни сақлаш мақсадида ҳам чақириққа ижобат қилишлик мусулмоннинг зиммасидаги ҳақ деб белгилаб қўйилди. Пайғамбаримиз с.а.в. “Агар сизлардан бирортангиз валимага чақирилса унга борсин” дедилар. Муслим ривояти.
  2. Насиҳат қилиш. Насиҳат деганда насиҳат қилувчи тамонидан насиҳат қилинаётганга яхшиликни раво кўриш тушунилади. Бу ҳам мумулмоннинг зиммасидаги ҳақ ҳисобланади. Буни насиҳат қилишга салоҳияти бўлган барча инсон адо қилиши мумкин. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в. бир мусулмоннинг бошқа мусулмондаги ҳаққини санаб: “агар сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил” деганлар. Бунда албатта белгиланган шартларга амал қилиш талаб қилинади.
  3. Ғам-аламларини аритиш. Инсон ҳаётда соғлигида, молида, фарзандида ўзига тақдир қилган мусибатларга йўлиқади. Шунда у мусибатларини енгиллаштирадиган кўмакдошга муҳтож бўлади. Мусулмон киши ҳаёти давомида турли-туман қийинчилик, ғам ва бало-мусибатларни бошидан кечиради. Ана шундай оғир дамларда мўминлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари лозим. Баъзан киши молиявий жиҳатдан қийналиб қолади. У ейиш-ичиш, бошпана, даволаниш каби асосий эҳтиёжларини қондириш учун биродарларининг ёрдамига муҳтож бўлади. Ана шундай ҳолатларда мусулмонлар қийналган биродарларига саховат қўлини чўзишлари, ҳеч бўлмаса унга қарзи ҳасана беришлари лозим.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади” .

  1. Айбини беркитиш. Мусулмон киши ҳеч қачон биродарини одамлар ўртасида шарманда қилиш учун камчиликларини қидириб, гапириб юрмайди. Аксинча, дин йўлидаги биродарларида нуқсон кўрса, уни бошқалар кўзидан беркитади. Бу ҳақда бир қанча ҳадисларни келтириб ўтиш мумкин:

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким мусулмон биродарининг айбини беркитса, Қиёмат куни Аллоҳ унинг айбини беркитади. Ким биродари айбини очиб юрса, Аллоҳ унинг айбини очиб, уйида турган ҳолида шарманда қилади”. (Ибн Можа ривоятлари).

Салафлардан бири айтадилар: “Мен айбсиз одамларни кўрдим. Бироқ улар бошқалар айбини гапирдилар ва бошқалар ҳам уларни айблаб гапиришди. Айб-нуқсонли одамларни ҳам кўрдим. Улар бошқалар айбини гапирмадилар, бас, унутилдилар: уларнинг ҳам айблари кўринмади”.

Мусулмонларнинг айб-камчилигини қидириб юрмоқ мунофиқлик саналади. Бировларни кўпчилик ўртасида изза қилиш учун фақат нуқсонларини излаб юрувчи кимсалар қалбига иймон неъмати мустаҳкам ўрнашмаган бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб, баланд овозда нидо қилдилар: “Эй, тилида мусулмон бўлиб, қалби иймонга тўлмаган кимсалар! Мусулмонларга озор берманглар, уялтирманглар, камчиликларини қидирманглар! Кимда-ким мусулмон биродарининг камчилигини қидирса, Аллоҳ ҳам унинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни кўч-кўрони ичида бўлса ҳам шарманда қилади”. (Термизий ривоятлари). Абу Довуд ва Аҳмад ривоятларида: “Мусулмонларни ғийбат қилманглар!” – ҳам дейилган.

Тошкент ислом институти

ўқитувчиси Ф.ЖЎРАЕВ

44910cookie-checkМусулмонлик ҳаққи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: