islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Ҳасадчининг ғами узилмайди

Халқимизда “ҳасад қилиб эмас, ҳавас қилиб яшанг” деган ҳикматли гап бор. Бу гапнинг маъносини тўлиқ англаш учун  дастлаб, ҳасад ва ҳавас маъноларини  тўғри тушуниш лозим бўлади. Ҳасад сўзи луғатда “арчиш” ва “шилиш” деган маънони англатади. Чунки ҳасад ҳасадгўйнинг қалбини шилиб ачиштиради. Уламолар ҳасадни “ўзгадаги неъматнинг завол топишига кўз тикиш” дея таърифлаганлар.

Ҳавас эса “ўзгадаги неъматнинг завол топишига кўз тикмасдан ўшанга ўхшаш неъмат ўзида ҳам бўлишини орзу қилишдир”.

Ҳасаднинг ёмон иллат экани Қуръони каримда ҳам ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган:

أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ

“Ёки Аллоҳ одамларга ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?”, (Нисо сураси, 54-оят).

وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ

“Ҳасадчининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб айт”, (“Фалақ” сураси, 5-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига бу иллатдан сақланишни алоҳида таъкидлаганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: قَالَ « إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ فَإِنَّ الْحَسَدَ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْكُلُ النَّارُ الْحَطَبَ ». رَوَاهُ اَبُو دَاوود.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки, ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.

Ҳасадчидаги бу иллат ҳасад қилинган кишидан кўра унинг ўзига кўпроқ зарарли бўлади. Чунки ҳасад қилинган инсонга унинг ҳасадидан зарар етмай қолиши ҳам мумкин. Аммо ҳасадчининг ўзи албатта қуйидаги ёмонликларга мубтало бўлиши тайин:

  1. Ҳасадчининг ғам узилмайди;
  2. Ҳасадчидан инсонлар нафратланади;
  3. Ҳасадчи Аллоҳнинг ғазабига йўлиқади;
  4. Дунёда ҳам, охиратда ҳам азобда бўлади;
  5. Унга тавфиқ эшиклари ёпилади.

Шу ўринда табиий равишда савол туғилади: “Инсон ўзига шунчалик зарарли бўлган бу иллатга қандай чалинади?”. Уламолар бу саволга жавоб бериб шундай деганлар: Ҳасад қуйидаги сабабларга кўра юзага келади:

  1. Кўра олмаслик;
  2. Кибр;
  3. Мақсадга эришолмай қолишдан қўрқиш;
  4. Мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик;
  5. Одамларга яхшиликни раво кўрмайдиган табиати бузуқ бўлиш.

 “Ҳар дарднинг даъвоси бор, деганларидек, ҳасад аталмиш бу дарднинг ҳам даъвоси борми?”- деган саволга уламолар шундай жавоб берганлар: Ҳасад икки йўл билан даволанади:

  1. Илм билан;
  2. Амал билан.

Яъни, ҳасадчи инсон дастлаб ҳасаднинг нима экани ва унинг зарарларини ўрганади, сўнгра ҳасади буюрган ишни аксини қилади. Ана шунда иншааллоҳ бу иллатдан халос бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли маънавий ва жисмоний иллатлардан саломат сақласин.

3-курс талабаси

Комилжонова Фотимахон

48350cookie-checkҲасадчининг ғами узилмайди
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!