islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қалбинг билан яқинроқ таниш

Аллоҳни танувчи ва У Зотга интилувчи олам – бу қалбдир. У ички кечинмалар, инсон ҳис-туйғуларининг макони, ақл ва нафс ўртасидаги доимий курашнинг майдони. Айни пайтда инсон жисмининг бошқарув маркази. Зеро,  аъзоларингиз қалбингизнинг истак ва буйруқларига бўйсуниб хизмат қилади. Агар аъзоларингизни ёмонликлардан сақлашни истасангиз, қалбингизни поклашга киришинг! Чунки қалбни, унинг сифатларини ва касалликларини таниш ва поклаш диннинг асли ва асосидир. Қалб бир бўлак бўлиб, агар у соғлом бўлса, бутун жисм соғлом бўлади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Огоҳ бўлинг! Жасадда бир бўлак гўшт борки, агар у соғлом бўлса, жасад тўлиқ соғлом бўлади. Агар у айниса, бутун жасад айнийди. Ана ўша нарса қалбдир”. Имом Бухорий ривояти.

“Қалб” арабча сўз бўлиб “айланмоқ”, “ағдарилмоқ”, “тўнтарилмоқ” маъноларини англатади.

Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Эй қалбларни айлантириб турувчи Зот! Қалбимни динингда собит қилгин”, – дея жуда кўп дуо қилар эдилар. Имом Термизий ривояти.

Аллоҳ Ўзидан ўзгаларга боғланган ҳамда Ундан ўзгалар ташвишида бедор бўлган қалбларга Ўз муҳаббатини жойламайди. Аксинча, Парвардигор Ўзига муҳтожликни бойлик деб билган, Усиз беҳожатликни муҳтожлик деб билган, У сабаб хорликни азизлик деб билган, Усиз азизликни хорлик деб билган, У сабаб қийинчиликни роҳат деб билган, Усиз роҳатни азоб деб билган қалбни муҳаббатига макон этиб танлайди.

Қалблар орасида фақатгина  саломат қалбгина ўз соҳибига Қиёмат кунида фойда беради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)”(“Шуаро” сураси, 88, 89-оятлар).

Қалб гуноҳлар сабабидан қаттиқлашиб бораверади. Қалб қаттиқлашиб, қорайиб боргани сари қалб кўзи ҳам шунга яраша хиралашади ва оқибатда ожиз бўлиб қолиши мумкин. Қалбда олтита манзил бўлиб, уларнинг учтаси олий ва учтаси қуйи манзилладир.

Қуйи манзиллар:

1.    Қалб учун безаниб турувчи дунё;

2.    Қалб билан доим сўзлашувчи нафс;

3.    Қалбни васваса қилувчи душман (шайтон).

Олий манзиллар:

1.    Ҳақни танитувчи илм;

2.    Тўғри йўлга бошловчи ақл;

3.    Ибодат қилинадиган Аллоҳ.

Қалбингизни барча ёмон иллатлардан поклаб, саломат ҳолга келтирганингиздан сўнг унга киришга ҳаракат қилувчи ва эгаллашни хоҳловчи душманлардан ҳимоя қилишга бор кучингини сарфланг. Қалб қасрини душманлардан ҳимоя қилиш уни ҳасад, риё (одамлар кўриши учун амал қилиш), кибр ва ўз-ўзидан фахрланиш каби касалликлардан доимо авайлашингиз лозим бўлади. Илоҳий илм нур мисоли қалбга жойлашади. Унинг қалб диёридан мустаҳкам ўрин эгаллаши қалбнинг қай даражада саломатлигига боғлиқ, албатта. Қалб ва ақлнинг мақсадларда ҳамоҳанглиги инсонни юксакларга кўтаради, олийжаноб мақсадлар сари етаклайди. Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини ихлос билан бажаришга ундайди. Қалб илм ва ақл ёрдамида зоҳирий ва ботиний иллатлардан халос бўлади. Ана шунда саломат ҳолида ўз Роббисига йўлиқади!

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Бидоятул Ҳидоя” асари асосида
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
Жаҳонгир Рўзиев

Манба

52280cookie-checkҚалбинг билан яқинроқ таниш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: