islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тавба фазилати

Инсон бордирки баъзан билиб, баъзан билмаган ҳолда хатоларга йўл қўяди. Ўзининг хатоларини билиши, уни англаб етиши илмдир. Шундай илм гуноҳларни тарк қилишга сабабчи бўлади. Ундан кўзланган мақсад ҳам аслида мана шу эди. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай буюради:

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: ”Эй Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирсан”, – дерлар” (Таҳрим, 8). Бу оятда “қайтинглар”, ”чин тавба қилингиз” дегани амри вожиб келтирилгандир.

Тавба сўзи аслида “қайтиш” маъносини англатади. Истеълоҳда эса, банданинг гуноҳдан қайтиши ҳам тавба дейилар экан. Тавба нима учун керак деган саволнинг жавоби шуки Аллоҳ бизларга раҳмат эшикларини очади. Агар бизга тавба қилиш имкони берилмаганида эди ер юзида биронта ҳам инсон жаннатга кирмаган бўларди. Қачонки гуноҳ қила туриб тавба қилса, шу бандани Аллоҳ таоло яхши кўради. Тавба инсонларга келаётган балони ҳам қайтаришга сабаб бўлади. Масалан, Юнус алайҳиссалом қавмига шиддатли азоб келиши муқаррар бўлиб турган пайтда, бутун қавм эркаклар аёллардан, аёллар болалардан ажралиб қаттиқ тавба қилишиб, йиғлашиб, то саҳар вақтигача тавба қилганларидан кейин уларга келиши лозим бўлган балони Аллоҳ таоло қайтарди. Кўряпмизки, тавба нақадар улуғ неъмат.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур саҳобаларидан бўлган Каъб ибн Моликнинг тавбалари “тавбатан насуҳа” (холис тавба) бўлганлиги учун ҳам, Аллоҳ таоло унинг зикрини Қуръонда келтирдики, қиёматга қадар тиловат қилинадиган бўлиб қолди. Ҳақиқий тавба эди у. Бу воқеа Табук ғазотида бўлиб ўтган. Ҳар гал ғазотга чиқаётганларида ички сотқинларни чалғитиш учун Мадинани бошқа томонидан айланиб, ўтиб кетилар эди. Аммо бу сафар одатга хилоф ўлароқ қачон, қайси жойга боришлари маълум қилинди. Тонгда йўлга чиқадиган бўлдилар. Каъб ибн Молик ва унинг икки шериги ҳалигача йўлга отланишмаган эди. Каъб ибн Молик ўз даврининг бой ва обрўли кишиларидан эди. Кенг майдонли боғларидан бир дарахтнинг соясида дам олиб ётишиб “Эртага йўлга чиқаман” деб кунни ўтқазишади. Эртаси куни яна “Эртага йўлга чиқаман, тез юриб етиб оламан” деб хаёл қилишди. 3 кун ўтиб, ғазотга кетганларнинг қайтиб келаётганлари маълум бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб нима учун бормаганликларини айтишади. Каъб ибн Моликга навбат етганида унинг жавоби йўқлигини айтади. Шунда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олиб, саҳобаларига у билан гаплашмасликларини айтадилар. Саҳобалар ҳатто саломига ҳам алик олишмайди. Каъб ибн Молик жуда изтиробда қолади. Қаттиқ тавба қилади, шунчалик холис тавба қилидики, 50 кун ўтади. Аллоҳ учун бор мол мулкларини эҳсон қилиб юборади, битта кўйлагигина қолади. 50 кун тонгида бир киши “Эй Каъб суюнчи бер, Аллоҳ сени тавбангни қабул қилди!” – деб узоқдан бақириб келади. Шунчалик қувониб кетадики, сенга шу устимдаги кўйлагимни ҳадя қилайин, деб бериб юборади. Шу пайт бир отлиқда киши келиб, у ҳам шу гапларни қайтариб суюнчи дейди. Каъб ибн Молик сенга берадиган нарсам қолмади, майли бировдан қарзга кўйлак олиб сенга берайин, деб уни ҳам қуруқ қайтармайди. Ўзи эса масжид томон боради. Пайғамбаримиз “Аллоҳ сени тавбангни қабул қилди, эй Каъб!”, деб уни қучоқлаб қўядилар. Шунда Тавба сураси нозил бўлган экан. Тавба шу даражада улуғ, аҳамиятли амаллардан бири эканки, Қуръони каримда 114 та сурадан биттасини Тавба деб ажратиб қўйди ва уни “Басмала”сиз бошлади. Бунинг сабаби инсонларни тавбага чақириш, гуноҳкорларни гуноҳдан тийилишига бир ишора эди.

Хасан Басрий тавба ҳақида шундай байтни келтирганлар:

Эй Аллоҳга қарши йигит, осий сағир,
Гуноҳкорнинг жазоси не, биласанми?
Осийларнинг жойи – саъир ёнар ўзи,
Шиддатли ўт ичра пишар гўзал юзи.
Майли, ўтда ёнай десанг, Хақни унут…
Ё ўзингни гуноҳлардан узоқда тут.
Аллоҳингга қарши гуноҳ қилган бўсанг,
ТАВБА қилки, гаровдаги оддий қулсан.

Кимки гуноҳларни тарк этмас экан, иймони заифлашиб бораверади. Зарарли озиқлар баданга таъсир қилганидек, гуноҳлар иймонимизга таъсир қилади. Кишининг динини гуноҳлари заҳарлайди. Кимки уни содир этса, фурсат борида бу қилмишидан қайтмоғи вожиб. Фурсат бой берилса, умр зое бўлади. Бундан ҳам аламлироғи эса, охират саодатини бой беришдир.

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти

2-босқич талабаси Комола Эшпўлатова

59350cookie-checkТавба фазилати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: