islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ЧАҚИМЧИЛИК

Аллоҳ таоло буюк китоби бўлмиш Қуръони каримда: “Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир” (Ҳужурот, 12), – деб марҳамат қилди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Орангиздаги ахлоқи энг яхши кишиларни, оиласига нисбатан ўз вазифасини ўринлатиб адо қилувчиларни, улфат орттирган ва ўзи ҳам кўпчиликка улфат бўла олган кишиларни Аллоҳ яхши кўради. Ундан бунга гап ташувчи, одамлар орасини бузувчи ва тўғри кишиларнинг айбини қидирувчи кимсаларни эса, Аллоҳ яхши кўрмайди”.

Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири – чақимчилик ҳисобланади. Чақимчилик, гап ташиш ҳеч ким хуш кўрмайдиган ва айб ҳисоблайдиган бир хусусиятдир. Ҳозири кунда бу иллат “баъзи” инсонлар орасида шу даражада кўп тарқалганидан гап ташишларини ўзлари ҳам англаб етмайди. Ва яна “чақимчилик бўлмасин-у” ёки “ғийбат бўлмасин-у” деб ҳам қўшиб қўйишади. Ҳар соҳага жуда аҳамиятли бўлган динимиз бизга бу каби иллатлардан сақланишни ўргатади. Жумладан, оятдаги: “Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи” жумласида аввал билмай гуноҳ қилиб, кейин ўз гуноҳига афсусланиб, тавба қилган кимса учун Аллоҳнинг фазли карами кенг эканлигига далолат қилади.

Ҳасан Басрий, Аллоҳ улардан рози бўлсин, айтадиларки: “Ким сенга гап етказса, билгинки, сенинг гапингни бошқага ҳам етказади”. Шунингдек, агар бирор кимсани чақимчилик қилаётган ҳолатида кўрса, уни дарҳол бу ишдан қайтариш кераклиги ва бу каби ёмон ишдан қайтаришлик вожиблиги динимизда таъкидланган.

Нақл қилинадики, бир одам ҳикмат аҳлидан бўлган бўлган кишининг олдига 7 масала юзасидан 700 фарсах йўл юриб бориб, у кишига дедики: “Менга айтинг-чи:

– Осмонлардан каттароқ ва оғирроқ нарса борми, бўлса нима у?
– Ердан кенгроқ нарса борми, бўлса у нима?
– Тошда қаттиқроқ нарса борми, бўлса у нима?
– Оловдан қизғинроқ нарса борми, бўлса у нима?
– Қаҳратон қишдан совуқроқ нарса борми, бўлса у нима?
– Денгиздан ҳам бойроқ нарса борми, бўлса у нима?
– Етимдан ҳам хорроқ зот борми, бўлса у ким? деб сўраса, донишманд шундай жавоб берди:

-Ор-номусли кишига туҳмат қилмоқ осмондан ҳам катта ва оғирроқ;
– Ҳақиқат ердан ҳам кенгроқ;
– Иймонсизнинг қалби тошдан ҳам қаттиқроқ;
– Ҳирс ила ҳасад оловдан ҳам қизғинроқ;
– Ночор қолиб, қариндошга бош уриб бормоқ қаҳратон қишдан ҳам совуқроқ;
– Қаноатли қалб денгиздан ҳам бойроқ;
– Чақимчи, туҳматчилар фош бўлганда етимдан ҳам хорроқ бўладилар”.

Аллоҳ таоло барчамизни ёмон иллатлардан узоқ қилсин!

2-курс талабаси
Ғофурова Омина

68800cookie-checkЧАҚИМЧИЛИК

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: