Оиша (р.а.) дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.) ни мана бундай деганларини эшитдим: Руҳлар сафарбар қилинган аскарлардир. Уларнинг ўзаро танишлари бирлашади, нотанишлари тарқалади”. (Бухорий ривояти). Жамиятда яшовчи кишилар қайсидир инсонлар билан дўстлашишга, яқин бўлишга интилади. Агар ўша икки инсонни ўрганиб чиқилса, улар ахлоқ-одоб, ёки дин-диёнатда, фикрий қараш ёки касб-ҳунарда бир-бирига ўхшар эканлар.
Иёс раҳматуллоҳи алайҳ бир юртга бир жамоа кишилар билан сафар қилди. У ерлик аҳоли билан учрашадилар ва томонлар ўртасида гап-сўз ва гурунглар бўлиб ўтади. Иёс маҳаллий аҳолига қарата, биз икки кун ичида сизларнинг ораларингиздаги яхши ва ёмонларингизни ажратиб олдик, дейди. Қандай қилиб дейилганда, у зот, бизнинг ичимизда яхшилар ҳам ёмонлар ҳам бор эди. Ҳар ким ўзига ўхшаши билан, яъни яхшиларимиз яхшиларингиз билан, ёмонларимиз ёмонларингиз билан топишиб олиб, улфатлашиб қолди, дейди.
Ташкил қилинган ҳар қандай мажлис ёки бошқа бир тадбирга қаралса, оз вақт ичида унинг иштирокчилари гуруҳларга бўлиниб олиб, ҳар бир гуруҳ ўз муаммолари билан овора бўлиб кетгани кузатилади. Ҳаттоки, улар орасига бегона суқилмоқчи бўлса, дарҳол барчанинг кайфияти ўзгаради. Худди шунингдек, самолёт, поезд, автобус ёки бошқа нарсага минганда ҳам инсон қалби ундагиларнинг баъзиларига интилади ва бошқалардан қочади. Қизиғи шундаки, у инсон бунга қадар на улар ва на булар билан бирор марта учрашган.
Бунинг сирини Расулуллоҳ (с.а.в.) юқоридаги ҳадис орқали баён қилиб берганлар, яъни, бандаларнинг руҳлари бир-бирларини кўрганда севинадиган, ўрталарида ўзаро таниш-билишлик ва ошна-оғайнилик қалин бўлган аскарлардир. Абу Яъло ўзининг “Муснад” китобида Амра бинти Абдурраҳмондан ривоят қилади: “Маккада кўп мазаҳ қилиб юрувчи бир аёл бўлар эди. У Мадинага келиб ўзи каби аёл ҳузурига тушгани хабари Оиша (р) га етиб келганда, у зот, Ҳабибим рост айтган эканлар. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.) ни руҳлар сафарбар қилинган қўшинлардир. Уларнинг ўзаро танишлари бирлашади, нотанишлари тарқалади, деганларини эшитганман, дедилар”.
Юқорида айтилган тадбир сабаб йиғилган жамоатнинг яна бир томонига аҳамият берайлик. Кўпинча бу ерда ҳозир бўлган покиза, солиҳ, тақводор ва улуғ инсонлар ўзлари томонга яхши инсонларни жалб қилаётган бўладилар ёки ўзларига ўхшаш инсонлар томон интилаётганликлари кузатилади. Ҳаттоки улар орасида маълум даражада ўзаро илиқлик пайдо бўлиб, мустаҳкам дўстликка ҳам айланиб кетиши мумкин. Айни шунга ўхшаш вазиятни шу ерда ҳозир бўлган фосиқ, фожир ва золим кишилар ўртасида ҳам кўринади. Яъни, улар ҳам ўзларига ўхшаш тубан кимсалар билан яқинлашиб, ўзаро ҳамтовоқларга айланишиб қолади. Ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) мана бундай деб марҳамат қиладилар: “Агар бир мўмин юзта мунофиқ ва биргина мўмин бор бўлган мажлисга кирса, ўша мўминнинг олдига ўтирмагунга қадар, унинг томонига яқинлашиб келаверади. Агар бир мунофиқ юзта мўмин ва биргина мунофиқ иштирок этаётган мажлисга кирса, ўша мунофиқнинг ёнига ўтириб олгунга қадар, унинг томонига интилиб келаверади”. Бу эса ҳар бир жон ўзи сезиб-сезмасдан ўзига табиатан ўхашаш жон томонга қараб интилишига далолат қилади. Молик ибн Динор айтади: “Ҳеч қачон ўзида шеригининг сифатларидан бири бўлмаган жуфтлик умргузаронлик борасида бир-бири билан топишмайди. Инсонлар ўзаро мутаносиблик бўлмай туриб парвозда бирлашиши мумкин бўлмаган қушларга ўхшайди”. Шунинг учун ҳам бир кун у зот қарға билан турган каптарни кўрганларида ҳайрон бўлган экан. Бир муддат сўнгра уларнинг ҳар иккиси ҳам чўлоқ эканлигини уча бошлаганларида пайқаб қолдилар ва ана шу сабаб бирга эканлар-да, деб қўйган эканлар.
Ўз руҳий оламининг мазкур хусусияти ҳақида қисман тушунчага эга бўлган ака ва укаларимизга қуйидагиларни эслатиб қўймоқчимиз. Агар сен қачон ўзингни яхшилик ва тақво ила танилган инсонлардан олиб қочаётганингни сезсанг, билгинки, сенда қандайдир бир касаллик бор ва сен парҳезкорлик бобида улар каби эмассан. Руҳинг улар руҳига яқинлашиши учун ўзингни ўнгла, касалларингни давола. Шунда уларга нисбатан қалбингдаги нафрат ўрнини улфат эгаллайди.
Шунингдек, агар ўзингни фисқ-фужур ва расволик билан танилган инсонлар томон қалбинг мойил бўлаётганингни сезсанг, сен ўзингни айбли деб ҳис қил ва ҳали фурсат бой берилмай туриб ўнглан. У кабилардан бутунлай узоқлаш. Аллоҳга тавба қилиб, улар гирифтор бўлган ишлардан омонлик сўра.
Хулқ-атворингда камчиликлар кўплигини билишингга қарамай, ўзингни солиҳлар билан ҳамсуҳбат бўлишга, улар билан бир даврада ўтиришга ҳаракат қилаётганингни кўрсанг, билгинки, йўлинг бутунлай тўғри бўлмасада, сенда яхшилик қолдиқлари ҳамон мавжуд ва ҳали ҳануз сендан яхшиликни умид қилиш мумкин экан. Энди сен ушбу умидни кўпайтир, токи сендаги ёмонлик бутунлай кетиб, ўрнига яхшилик келсин.
Юқоридагидан фарқли равишда ўзинг покиза, тақводор бўла туриб, баъзи гуноҳкорлар томонига кетиб қолаётганингни ҳис қилсанг, билгинки, сенга шайтон йўл топиб олибди. Дарҳол ишингни тузатиб, шайтондан сақлан ва Аллоҳнинг паноҳига қоч.
Абу Зарр (р) айтада: “Яхшига йўлдошлик ёлғизликдан, ёлғизлик эса, ёмонга ҳамроҳ бўлишликдан афзал. Яхши гап айтувчи жим тургандан, жим туришлик эса, ёмонни сўзлашдан яхшироқдир”.
“Диний фанлар” кафедраси
ўқитувчиси Саиджамол Масаитов