Ҳеч кимга сир эмас, бугун дунё иқтисодий саҳнасида ислом банклари фаолияти салмоқли иш олиб бормоқда. Нафақат шахсларнинг балки жамиятнинг фойдасига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатаётган ислом банклари кўп жиҳатлардан рибовий банклардан фарқ қилади. Аслида, уларнинг ривожланиш сири ҳам шунда. Зеро, рибовий фаолият юритадиган банклар охир-оқибат инқирозга юз тутади. Чунки шариат тарозисига тўғри келмаган ҳар қандай фаолият тури давомий бўлмайди.
Ислом банклари фаолияти исломий ақидага боғлиқдир. Ҳалол ва харом қоидасига кўра ислом банклари шариатда ҳаром ҳисобланган нарсаларни молиялаштирмайди ва импорт қилмайди. Рибо ёки монополия асосида муомала қилмайди. Ислом банклари ресурслари ва инвестицияни шариатда рухсат этилган хизматлар соҳасига сарфлайди. Шунингдек, бу банклар ўз лойиҳарида мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилишга ва уларга ёрдам беришга катта эътибор берадилар.
Шу билан бирга ислом банклари беғараз ёрдам асосида фойда олиш тамоилига суянади. Ислом банклари мусулмонларни қийинчилик ва кутилмаган тангликдан сақлаган ҳолда унга жабр қилмай фойда олишга асосланган. Муомалада улар самимият, ростгўйлик, садоқат, ихлос, эътиқод ва меҳр шавқатга таянадилар. Кредитор (қарз берувчи) қарздорнинг қийналган вақтида қарз муҳлатини яна чўзиб беради. Улар ушбу шиорга таянадилар ва амал қиладилар: «Агар қарздор қийналса, бойигунча кутиш лозим».
Ислом банкларининг асосий мақсадларидан бири қарзи ҳасана бериш йўли билан маблағларни фойдали ривожланиш йўлларига сарфлашдан иборат.
Ислом банкларининг яна бошқа хусусиятлари икки тарафнинг тенглиги, олиб борилаётган фаолият ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиш ва инвестициядаги ишонч. Рибовий банкларда бу тамойил кузатилмайди. Ислом банкларида барча ишлар мижози билан ҳамкорликда бажарилади. Қарз беришда фойда олиш усулига таянилмайди, балки ўз мижози билан шерикчилик битими асосида иш юритади.
Шерик бўлган тараф ва банк капитал ҳамда пулни идора қилишда шерик бўлади.
Пул маблағлари ва сармояларни ишлатишда ислом банклари “музораба”га суянадилар. Унда банк барча молиялаштириш ишларини ўз зиммасига олиб, музориб эса меҳнат қилади. Бу ишлар банк белгилаб берган шартларга мувофиқ амалга оширилади. Музорибнинг кўрадиган фойдаси олдиндан белгиланган бўлади.
Шахсий жорий ҳисоб, рибовий банклардаги тижорий ҳисоблар билан деярли ўхшаш. Аммо ислом банки ишида бу ҳисобга фойда улуши тўланмайди. Рибовий тизимда бунга 5% атрофида тўланади.
Хулоса шуки, фойда зарар шерикчилиги ҳисоби рибовий банклардаги муддатли ҳисобга тўғри келса-да бу ҳисобларда зарар кўриш ҳолатлари ҳам ҳисобга олинади.
4-курс талабаси
Джуманиязов Фаррух