islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ИЙМОН ЗИЁДА БЎЛАДИМИ?

Иймон луғатда “рост деб билиш” ва “омонлик бериш” маъноларини англатади. Мотуридия мазҳабида “рост деб билиш” маъноси мўътабар ҳисобланади. Истилоҳда эса “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни рост деб билиш ва уни тил билан ифодалаш иймон деб аталади”.

Бизнинг мотуридия мазҳабимизда иймон зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди.

Ашъария мазҳабининг жумҳур уламолари наздида эса иймон зиёда ва кам бўлиши мумкин ҳисобланади. Аслида, ушбу фарқ икки мазҳаб ўртасидаги “амаллар иймоннинг бир қисми ҳисобланадими ёки йўқми” борасидаги баҳслардан келиб чиққан масаладир.

Ашъария мазҳабининг жумҳур уламолари ўзларининг мазкур қарашларига ақлий ва нақлий далиллар келтиришган.

Ақлий далиллари: иймон ҳақиқати зиёда ва кам бўлмайди, дейиш оддий авомнинг, балки фосиқ кимсанинг иймонини пайғамбарлар ва валийларнинг иймони билан тенг дейиш бўлиб қолади. Буларнинг иймонлари тенг эмас дейиш эса иймоннинг зиёда ва кам бўлишини тақозо қилади.

Нақлий далиллари: кўплаб оятларда иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган маънолар очиқ-ойдин баён қилинган.

“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (Анфол сураси, 2-оят).

Шу каби далилларга кўра, ашъария мазҳабининг жумҳур уламолари наздида иймон зиёда ва кам бўлиши мумкин ҳисобланади.

Мотуридия мазҳаби уламолари: “Иймон зиёда ва кам бўлмайди” – деганлар ва ўзларининг бу қарашларига кўплаб ақлий ва нақлий далиллар келтиришган.

Ақлий далиллари: иймон деганда тўлиқ 100% бўлган ишонч тушунилади. Агар ишонч 100% га етмаган бўлса “зон” (катта эҳтимол) даражасидаги ишонч бўлиб қолади. Бундай ишонч эса иймон ҳисобланмайди. Ана шу эътибордан иймон (яъни 100% ишонч) ўзи тўлиқ бўлгани учун бошқа зиёдаликни қабул қилмайди. Бу даражадан кам бўлса иймон бўлмай қолиши эътиборидан камайиши ҳам мумкин эмас, деб эътиқод қилинади.

Нақлий далилларга жавоблари:

“Иймонларини зиёда қилувчи” маъносидаги оятлар мўмин кишининг Қуръон оятлари тиловат қилинган пайтда иймон нури янада зиёдалашиб, ҳаёт йўлларидаги таъсири ошиб боришини англатади. Яъни мўминлар тоат-ибодатларда бир-бирларидан фарқли бўладилар, аммо иймоннинг аслида ўзаро тенг бўладилар. Масалан, мевали дарахтлар бир-биридан кўп ё кам мева беришда фарқли бўлади, аммо мевали дарахт деган ном уларнинг барчасига тенг ишлатилади.

Зоҳири иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган оятларни мотуридия мазҳаби уламолари уч хил маънода тушунтирганлар:

1. Мўминлар дастлаб иймон келтириб тасдиқлашган. Сўнгра бир фарздан кейин яна бошқа фарзлар қўшилиб зиёда бўлган. Шунга кўра, олдинги иймон келтирган нарсаларидан бошқа яна иймон келтирадиган нарсалар зиёда бўлган. Яъни иймоннинг ўзи эмас, иймон келтирилган нарсалар зиёда бўлади;

2. Мўминлар келтирган иймонларида доимо собит туришининг ўзи иймон узра зиёдалик ҳисобланади. Яъни, иймоннинг ўзи эмас иймонда бардавом бўлиш соатма-соат зиёда бўлиб боради;

3. Мўминлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мўъжизаларини кўрганларидан сўнг яна бошқа бир мўъжизаларини кўрган вақтларида ихлослари янада зиёда бўлиб боради.

Шунга кўра мотуридия мазҳабига кўра иймоннинг асли эмас, балки унинг нури янада зиёдалашиб, ҳаёт йўлларидаги таъсири ошиб боради деб тушунилади. Яъни, мўминлар тоат-ибодатларда бир-бирларидан фарқли бўладилар, аммо иймоннинг аслида ўзаро тенг бўладилар.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

127940cookie-checkИЙМОН ЗИЁДА БЎЛАДИМИ?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: