islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бу йилги қабул имтиҳонлари қандай ўтказилади?

ДТМ ўз сайтида тест синовлари 2 та фандан бўлиши ҳақидаги режани маълум қилди

«Коронавирус пандемияси шароитидаги карантин абитуриентларимизнинг ўқишга кириш тайёргарлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда», – дейилади ДТМ сайтидаги хабарда.

«Ана шундай чекловлар даврида абитуриентларимиз ўзлари хоҳлаганларидек тайёргарлик кўра олмадилар. Бунақа пайтда уларга ёрдам бериш, енгилликлар яратиш, фақат битирувчилар учун эмас, балки абитуриентлар учун ҳам фойдалидир.

Бу йил абитуриентларнинг уйидан чиқмаган ҳолда рўйхатдан ўтишини ташкил этиш, тест топшириқларини соддалаштириш, кириш тест синовларини содда шаклда ва қисқа вақт ичида ўтказиш каби енгилликлар яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 30 апрель куни Президентимиз раҳбарлигида ўтган йиғилишда белгиланган топшириқлар ва тасарруфида ОТМлари мавжуд бўлган вазирлик, идора, ташкилотлар томонидан киритилган таклифлар асосида ҳамда абитуриентларни қийнаб қўймаслик мақсадида фақат 2020-2021-ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда. Ушбу 2 та мутахассислик фанлари 2019 йил декабрь ойида белгиланган тартибда тасдиқланиб, кенг жамоатчиликка эълон қилинган эди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, инфекция бутунлай бартараф этилмаган шароитда абитуриентларнинг 1000 ўринлик биноларда 3-4 соат қолиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам мазкур ўқув йилида тест синовлари ўтказиладиган биноларда кўпи билан 700 тагача ўрин тайёрланади, ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м жой ажратилади, санитария-гигиена талабларига биноан, уларда ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади. Абитуриентнинг тана ҳарорати ўлчангач, бинога киритилади. Бинолар камида 4 маротаба дезинфекция қилинади. Буларнинг бари тест топширувчилар, гуруҳ назоратчилари ва жараёнга жалб этилган бошқа шахсларнинг саломатлигини ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.

Қайд этилган ушбу жараён ҳам карантин чекловлари бутунлай олиб ташлангандан сўнг амалга оширилади.

Кейинги ўқув йилидан бошлаб, ҳамма жараён белгиланган тартиб-қоидалар асосида бўлишини такроран эслатиб ўтамиз».

@xushnudbek

138190cookie-checkБу йилги қабул имтиҳонлари қандай ўтказилади?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: