islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Олий таълимда янги ўқув йили масофавий тарзда бошланади

Хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, онлайн тизими одатий, юзма-юз дарс ўтиш тизимининг ўрнини боса олмайди, дейди Олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзоқов.

Сентябрь ойидан бошлаб юқори босқич (иккинчи босқичдан бошлаб) талабалари учун ўқиш онлайн тарзда бошланади. Бу ҳақда Республика Олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзоқов маълум қилди, дея хабар бермоқда ЎзА мухбири.

— Янги ўқув йилига тайёргарлик масаласи ҳам жуда мураккаб бўлиб турибди. Март ойидан буён биз онлайн тизимида дарсларни ўтказяпмиз, лекин хоҳлаймизми, хоҳламаймизми, онлайн тизими одатий, юзма-юз дарс ўтиш тизимининг ўрнини боса олмайди. Ҳозирча сентябрь ойидан бошлаб 2, 3 ва 4-курс талабаларига ўқишни онлайн тарзда бошлаймиз, октябрь ойида 1-курсларни ҳам қабул қилиб олганимиздан кейин пандемия сал юмшаса, унда балки анъанавий тизимга яна қайтармиз, – деди Ўктам Умурзоқов.

35 та ОТМда 1-курслар учун ўқиш кредит-модуль тизимида бўлади

Бугун Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 25 августгача барча 7 минг 200 дан зиёд фан бўйича назарий ва амалий машғулотларнинг рақамли услубий таъминотини ва масофавий таълимга мослаштирилган ўқув дастурларини яратиши белгиланди.

Камида 35 та давлат ОТМларида биринчи курс талабалари учун ўқиш кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади.

Шунингдек, жорий йилда нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг камида 5 та олий таълим муассасаси трансформация қилинади.

Президент талабалар учун арзон интернет трафиклари жорий этиш бўйича топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев бугунги йиғилишда тегишли мутасаддиларга чекка ҳудудларни ҳам тезроқ интернет билан таъминлаш ва талабалар учун арзонлаштирилган интернет трафиклари ажратиш бўйича топшириқ берган. Президентга бу таклифни Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева билдирган, дея хабар бермоқда ЎзА мухбири.

— Талабалар билан доимий мулоқотдамиз, янги ўқув йилини бошлашда нималарга эътибор бериш ҳақида таклифлар оляпмиз. Пандемия сабаб ўтган йили иккинчи семестрни онлайн тарзда ташкил қилдик, ҳимояларни ўтказдик. Лекин шундан сўнг кўпчилик талабаларда ўзига хос таклифлар ва талаблар юзага келди. Агар янги ўқув йилини биз онлайн бошлайдиган бўлсак, чекка қишлоқларни ҳам интернет билан таъминлаш масаласини ҳамда талабалар учун муҳим бўлган арзонлаштирилган интернет трафикларни ажратиш борасида мурожаат қилдим ва Президентимиз тегишли мутасаддиларга бу бўйича топшириқ бердилар. Ўйлайманки, бу ҳаммамиз учун жуда ҳам қулай шароитни вужудга келтиради, – деди Гулчеҳра Рихсиева.

Манба: UzA

169250cookie-checkОлий таълимда янги ўқув йили масофавий тарзда бошланади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: