I БОБ. ХАБАРЛАР ТАҚСИМОТИ
Бу бобда битта муқаддима ва бешта мавзу баён қилинган.
1) Кириш.
2) Биринчи бўлим. Ҳанафийлар наздида мутавотир хабар.
3) Иккинчи бўлим. Ҳанафийлар наздида машҳур хабар.
4) Учинчи бўлим. Ҳанафийлар наздида оҳод хабар.
5) Тўртинчи бўлим. Муҳаддислар наздида мутавотир хабар.
6) Бешинчи бўлим. Муҳаддислар наздида оҳод хабар.
КИРИШ
Маълумки, ҳанафий мазҳабидаги усул уламолари хабарни уч қисмга бўлганлар. Жумҳур уламолар эса иккига тақсим қилганлар: мутавотир ва оҳод. Ҳанафий мазҳабининг усул уламолари бу иккитага учинчи қисмни ҳам қўшиб уни “Машҳур” дея номлаганлар. Демак, хабарни бизгача етиб келишига мутавотир, машҳур ёки оҳод хабар дейилади. Иншаллоҳ, буларнинг ҳар бирин ўрганиб чиқамиз. Одатда, оҳод хабарларга бошқаларга нисбатан кўпроқ эътибор қаратилади. Бунинг сабабини ўз ўрнида баён қиламиз.
Муҳаддислар ҳадиснинг ровийларини кўп ёки камлигига қараб иккита асосий қисмга тақсимлайдилар:
1. Мутавотир
2. Оҳод
Оҳод уларнинг наздида уч қисмга бўлинади:
1.Машҳур
2. Азиз
3. Ғариб
Икки истилоҳ ўртасидаги фарқ: Бу икки тақсим ўртасидаги фарқ қуйидагича: Ҳанафийлар наздидаги машҳур ҳадис оҳоддан ажраган, алоҳида бир қисм бўлиб, мутавотир ва оҳод ўртасидаги поғонадир. Аммо муҳаддислар наздида машҳур ҳадис оҳоднинг қисмларидан ҳисобланиб, унга оҳоднинг ҳукми берилади.
БИРИНЧИ БЎЛИМ
Мутавотир хабар
Ҳанафий уламолар ҳадисни Набий алайҳиссаломга шубҳа қилинмасдан мукаммал етиб бориши эътиборидан мутавотирга, кўринишидан бироз шубҳа ила боғланишига кўра машҳурга ҳамда зоҳирий ва ботиний шубҳа билан боғланишига биноан оҳод ҳадисларга тақсимлаганлар.
Мутавотирнинг таърифи. Бу сўз луғатда تَوَاتُر [тава́тур] лафзининг исм фоилидир. Таватур – кетма-кет келмоқ, деган маънони англатади. تَوَاتَرَتِ الْمُدُنُ [тава́таротил мудун] деб шаҳарлар бир-бири билан кетма-кет боғланишига айтилади . Бу маънога Аллоҳ таъолониг қуйидаги ояти ҳам далолат қилади: ثُمَّ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا تَتْرَا – “Сўнгра Пайғамбарларимизни кетма-кет юбордик” .
Истеълоҳда – адади беҳисоб ва ёлғонга келишиб олиши ҳаёлга келмайдиган қавм ривоят қилган хабардир (яъни, ровийлар кўплигидан уларнинг ёлғонга келишиб олишлари ёки ҳар бири ўзича айтган ёлғони ўзаро мос келиб қолишининг имкони йўқ). Бу миқдор давом этиб, санаднинг охири аввали каби, ўртаси эса боши ва охири каби бўлади (санаднинг ҳамма жойида ҳудди шунақа беҳисоб адад бўлиши керак).
Мутавотирнинг ҳукми. Уламолар мутавотирнинг қуйидаги шартлари жамланган вақтда яқиний илмни ифода этишига иттифоқ қилганлар. Бундай хабарни инкор этувчиси кофирга чиқарилади .
Мутавотирнинг шартлари. Ҳанафий уламолар мутавотирда эътиборга олган шартлар учтадир:
1. Одатда ривоят қилувчилар ёлғонга келишиб олиши ёки уларни гаплари ёлғон устида ўзаро бир хил чиқиб қолиши маҳол саналадиган кўп адад.
2. Ровийлар ривоят қилаётган хабарини санаднинг бошидан охирига қадар ўзига ўхшаган кўп ададли ровийлардан ривоят қилиши.
3. Бу ровийлар интиҳода ўзлари таянган нарса фақатгина ақл эмас, балки ҳис бўлиши керак. Бундан мақсад, хабар қилиб айтилаётган гап бешта ҳис аъзоларидан бири билан билинган иш бўлиши лозим . (Масалан, иккини иккига кўпайтирганда жавоби тўрт бўлади, дейиш ёки учни иккига қўшганда беш бўлади, дейиш ақл ёрдамида топилган иш ҳисобланади. Яъни буни ўйлаб фикрлаб топса бўлади. Шу каби ишни инсонлар бир-бирларидан ривоят қилиб, мана шу гапни бир неча замонгача етиб бориши билан мутовотир хосил бўлмайди. Балки, хабарнинг суянгани ҳис бўлиши даркор. Мисол, тахтани ушлаб кўриб, унинг қаттиқ эканлиги билинади. Ёҳуд, чойнакни ичи чуқур, ғовак эканини унга назар орқали билинади. Яъни, бешта ҳис аъзоси билан билиб, мен шуни кўрганман, ўз қўлларим ила ушлаганман, деб бир-бирига ушбу хабарни етказсалар, қайсидир замонгача давом этса ва барча мутавотир даражада ривоят қилса, буни мутавотир дейилади.)
Эслатма. Бошқа хабарларнинг акси ўлароқ мутавотирнинг ровийлари адолатли бўлиши шарт қилинмайди .
Мутавотирда муайян адад шарт қилинадими? Ҳанафий уламолар наздида ихтиёр этилган гапга кўра мутавотир учун муайян адад шарт қилинмайди. Исо ибн Абон роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шу хабарлардан илмни ифода этадигани учун маълум чегара ва чекланган адад йўқ” .
Айнан ушбу йўлни кўпчилик фақиҳлар ва баъзи муҳаддислар тутганлар .
Уламоларнинг “…интиҳода таянган нарсаси ҳис бўлсин”, деган сўзларининг маъноси: Демак, хабарнинг мазмун-маъноси ақл ила хулоса қилиб чиқарилган иш бўлмаслиги, ҳис қилинадиган нарсалардан бўлиши лозим. Чунки, ақлиётлар (ақл билан топилган нарсалар)да мутавотирлик эътиборга олинмайди. Масалан, Жузжон аҳли оламни қадимий эмас, янги пайдо бўлганлиги хабарини берса, бу хабар мутавотир бўлмайди. Бу гап оламни янги пайдо бўлганлиги борасида зарурий илм (фикр юритмасдан, ўша заҳотиёқ ҳосил бўладиган илм)ни ифода этмайди. Чунки бу оламни янги пайдо бўлгани ақл билан топилган, хулоса қилинган ишдир. Ақл ила топилган ишларда эса мутавотирлик бўлмайди.
Таржимон: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулҳодий Ғиёс