islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жума куни билан табриклаш бидъатми?

❓Савол: Баъзи танишларимиз жума куни билан табриклаш жоизмас, чунки, жума билан табриклаш бидъат, Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар бир-бирларини жума билан табриклашмаган, дейишмоқда. Шу гап тўғрими? Жума билан табрикламаслик керакми?

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мўмин-мусулмонлар ўзаро бир-бирларига соғлиқ-саломатлик тилаб, жума куни билан табриклашлари мубоҳ (савоб ҳам, гуноҳ ҳам бўлмайдиган) амаллардандир. Чунки жума куни билан табриклаш шариатнинг умумий мақсадига мувофиқ келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

ﻭَﻗُﻮﻟُﻮﺍ ﻟِﻠﻨَّﺎﺱِ ﺣُﺴْﻨًﺎ

яъни: “Одамларга ширин сўз бўлинг” (Бақара сураси 83-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай деганлар:

“والكلمة الطيبة صدقة” (متفق عليه عن أبي هريرة رضي الله عنه).

яъни: “Яхши гап садақадир” (Муттафақун алайҳ).
Жума куни билан табриклаш бир қанча асрлардан бери мусулмонлар орасида одат тусига айланиб, бу сабабли мусулмонлар бир-бирларини хурсанд қилиб келмоқдалар. Абдуллоҳ Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шундай деганлар:

ما رأى المسلمون حسنا فهو عند الله حسن ، وما رآه المسلمون سيئا فهو عند الله سيء (رواه الإمام الحاكم في المستدرك) “

яъни: “Мусулмонлар яхши кўрган нарса – Аллоҳ таоло наздида ҳам яхшидир, мусулмонлар ёмон кўрган нарса – Аллоҳ таоло наздида ҳам ёмондир” (Имом Ҳоким ривоятлари).
Қолаверса, жума куни кунларнинг энг яхшиси экани кўплаб ҳадисларда таъкидланган:

“خَيْرُ يَوْمٍ طَلَعَتْ عَلَيْهِ الشَّمْسُ يَوْمُ الْجُمُعَةِ فِيهِ خُلِقَ آدَمُ وَفِيهِ أُدْخِلَ الْجَنَّةَ وَفِيهِ أُخْرِجَ مِنْهَا” (رواه مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси жумадир! У куни Одам яралган, у куни жаннатга киритилган, у куни жаннатдан чиқарилган, қиёмат ҳам жума кунидадир” (Имом Муслим ривоятлари).
Жума куни мусулмонларнинг ҳафта ичидаги байрамлари ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

“إن هذا يوم عيد جعله الله للمسلمين، فمن جاء الي الجمعة فليغتسل، وإن كان عنده طيب فليمس منه، وعليكم بالسواك” ( اخرج إبن ماجة عن إبن عباس رضي الله عنه)

яъни: “Албатта бу (жума куни) байрам кунидир. Аллоҳ уни мусулмонлар учун (байрам) қилган. Шундай экан, ким жумага етса, ғусл қилсин. Агар унда хушбўйлик бўлса, ундан сепиб олсин ва мисвокни лозим тутинглар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳам жума кунини ҳафталик байрам экани ҳақида бундай деганлар:

“يوم جمعة، ويوم عرفة، وكلاهما بحمد الله لنا عيدٌ” (رواه الطبري في جامع البيان).

яъни: “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, Жума ва Арафа кунлари биз мусулмонларга байрам қилиб берди” (Имом Табарий “Жомиъул баён”да ривоят қилганлар).
Демак, байрамларда табриклаш мумкин бўлганидан кейин жума кунида ҳам табриклаш ва муборакбод этиш мумкин ва жоиздир. Чунки юқоридаги ҳадислар билан жума кунини ҳам байрам экани очиқ-ойдин маълум бўлмоқда. Шунга биноан, бу кунни байрамона кайфиятда, хушбўйликларни сепиб, хурсадчилик билан, ибодатларни адо этиб, ўзаро бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб, яхши тилакларни билдириб ўтказишимиз айни мудао бўлади. Жума куни сизга баракотли, муборак бўлсин, дейиш ҳам, яхши тилаклар жумласидандир.
Албатта, бу табриклаш ихтиёрий бўлиб, уни вожиб ёки суннат демаймиз. Бу амални тарк қилган киши гуноҳкор ҳам бўлмайди. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

172720cookie-checkЖума куни билан табриклаш бидъатми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: