Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш муҳим масала ҳисобланади. Чунки айнан ёшлар мамлакат салоҳиятини ташкил қилади. Меҳнат бозорида ёшларга муносиб иш ўринларини топиб бериш мамлакат истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, мазкур жараёнлар якунига етиб бораётган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да янада салмоқли тус олди.
Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 2021-2022-ўқув йили битирувчилари ҳамда иш берувчи вазирликлар, идоралар, турли ташкилот, корхона ва муассасалар ўртасида бевосита мулоқотини таъминлаш мақсадида “Ёшлар – Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси” шиори остида иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар учрашуви ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Карьера куни”ида академия таклифига биноан Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров, кадрлар бўлими мутахассиси Г.Мираҳмедова, Мониторинг ва ички назорат бўлими ходими А.Қодиров, Ахборот ва техник таъминот бўлими ходимаси Д.Каримова, Техник-фойдаланиш ва хўжалик бўлими бошлиғи М.Мамаюсупов кўргазмали материаллар билан иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талабалар ҳамда иш берувчи ташкилотлар билан “Карьера куни” учрашувнинг ўтказилиши мунтазамлик касб этган.
Тадбирда академиянинг Психология (дин социопсихологияси), Тарих (Ислом тарихи ва манбашунослиги), Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими, Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар, Информатика ва ахборот технологиялари бакалавриат битирувчилари; Тарих (Ислом цивилизацияси), Ҳадисшунослик, Халқаро муносабатлар ва замонавий сиёсий жараёнлар, Ақида, калом илми ва ақидавий таълимотлар, Туризм (зиёрат туризмини ташкил этиш ва бошқариш” каби магистратура йўналишларида битирувчи талабалар иштирок этди.
Академия битирувчилари Олий маъҳаддаги вакант иш ўринлари юзасида ўз қизиқиш ва мутахассисликлари бўйича мурожаат қилиб, инстиут тўғрисида маълумотга эга бўлдилар.
Тадбирни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг “Исломшунослик” факультети декани Зокир Рўзиев, “Мумтоз шарқ филологияси” декани Илёс Мирзиётов ҳамда “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультети декани Аширали Абдирашидов сўзга чиқдилар.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясини 2021-2022 ўқув йилида 341 нафар талаба бакалаврни, 91 нафар йигит-қиз эса магистратура босқичини тамомлайди.
Академияда “Исломшунослик”, “Мумтоз шарқ филологияси” ҳамда “Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар” факультетлари, “Ўзбек тили ва мумтоз шарқ адабиёти”, “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA”, “Дин психологияси ва педагогика”, “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми”, “Чет тиллари”, “Араб тили ва адабиёти Ал-Азҳар”, “Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари”, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш IСESCO” каби кафедралар фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси жорий йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан эълон қилинган Миллий рейтингда энг етакчи 10 та, илмий салоҳият ва ижтимоий-гуманитар соҳа ОТМлари рейтингда эса энг юқори 5 та таълим муассасаси қаторидан ўрин олди.
Таъкидлаш жоизки, глобаллашув даврида замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак. Шу боис, сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида хассос соҳа — муқаддас ислом динини илмий нуқтаи назардан, фундаментал тадқиқ этиш, улуғ алломалар маънавий меросини қайта кашф этиш орқали дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшадиган юксак салоҳиятли мутахассис-кадрлар тайёрлаш жараёнида ҳам кўплаб янгиликлар амалга оширилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талаба-ёшлар халқаро таълим стандартлари асосида таҳсил олмоқда. Уларга ўз соҳасининг етук олимлари, мутахассислари сабоқ беряпти. Халқаро миқёсда ҳам ўз нуфузига эга бўлиб бораётган Ўзбекистон халқаро ислом академияси мунтазам равишда ўз моддий-техник базасини ҳам ривожлантириб, талабаларнинг халқаро таълим стандартлари асосида таълим олиши учун барча зарур шароитларни яратиб бермоқда.
Битирувчиларни муносиб иш ўрни билан таъминлаш мақсадида бугунги кунда 100 дан ортиқ иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Жумладан, талабалар республикамиздаги барча таълим муассасалари, ташкилот ва идораларда амалиёт олиб боряпти.
Маълумки, Тошкент ислом институти ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида ўқув, илмий-маърифий ва ташкилий йўналишларда дўстона ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тошкент ислом институтининг кўплаб ўқитувчилари, ходимлари ва битирувчилари Ислом академиясида магистиратура ва докторантура босқичида таҳсил олиб келмоқдалар. Шу билан бирга мустақил тадқиқотчи сифатида докторлик дессертацияларини муносиб ҳимоя қилмоқдалар. Ўз ўрнида Олий маъҳаднинг кафедра ва бўлимларида Ислом академиясининг салоҳиятли кўплаб битирувчилари ўқитувчи ва ходим сифатида меҳнат қилмоқдалар.
“Карьера куни”ида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов академия битирувчилари бандлигини таъминлашда самарали ҳамкорлик учун Тошкент ислом институти раҳбариятига миннатдорчилик сифатида ректор Уйғун Ғафуровга ташаккурнома ва эсдалик совғасини топширди.
Тадбир якунида ишга танлов юзасидан иш берувчиларнинг битирувчилар билан суҳбат жараёнлари ташкил этилди.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бермоқда.
ТИИ Матбуот хизмати