islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Халифа Умар разияллоҳу анҳунинг мусулмонлар ҳаётини ўзгартирган 10 ислоҳоти

Иккинчи халифа Умари Фаруқ разияллоҳу анҳу кўзга кўринган саҳобалардан бири ва умматнинг қудратли ва салоҳиятли халифаси эди. У Арабистон ярим оролида Ислом келишидан олдин ҳам ўзининг кучли ва ўзига хос қобилиятлари билан танилган эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг издоши сифатида ислом динининг тарқалишида катта рол ўйнади. Унинг Исломнинг иккинчи халифаси сифатидаги ислоҳотлари жуда ҳам аҳамиятлики, ишлари кўплаб давлатлар бошқарувида ҳануз давом этмоқда.

Шунинг учун ҳам Умар разияллоҳу анҳу нафақат ислом ҳудудини кенгайтириш, балки кенгайган мусулмон давлатлари учун ҳаётий ислоҳотларни амалга ошириш билан ҳам машҳурдир.

  1. Байтул Мол. Исломнинг иккинчи халифаси даврида ислом давлати ҳудуди сезиларли даражада кенгайди ва шу туфайли янги ҳудудлардан катта даромадлар кела бошлади. Масалан, Баҳрайн ҳокимлигидан Мадинага даромад сифатида 500 дирҳам юборилди. Халифа Умар разияллоҳу анҳу бу пулни қандай сарфлашни ҳал қилиш учун обрўли ва салоҳиятли мусулмонлардан иборат Кенгаш йиғди. Охир-оқибат Мадинада Байтул Мол номи билан машҳур бўлган Марказий Ғазначилик ташкил этишга қарор қилинди. Ушбу молиявий институт доирасида давлат даромадлари халқ эҳтиёжларига, аҳоли фаровонлигини қўллаб-қувватлашга, табиий офатлар ва қурғоқчиликка қарши курашга йўналтирилди.
  2. Девон (Администрация). Халифа Умар разияллоҳу анҳу улкан давлатнинг бошқарув тизимини тартибга солмоқчи бўлиб, барча муҳим давлат ишларининг ҳисобини юритувчи “Девон” номли муассаса тузди ва бунинг натижасида давлат архиви ташкил этилди. Шунингдек, девоннинг асосий вазифаларидан бири янги ерлардан келадиган даромадларни адолатли тақсимлаш эди.
  3. Мустақил суд тизими. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларида адолат катта аҳамиятга эга. Бошқаларга ноҳақлик қилиш энг кенг тарқалган гуноҳлардан биридир. Мадинада халифа Умар разияллоҳу анҳу шахсан суд ишларини кўриб чиқди ва Мадина аҳли ўртасида адолат тимсолига айланди. Халифа Умар оддий халқ учун тезкор ва холис адолатни таъминлаш учун мустақил суд тизимини яратди. У ўз ҳокимлари ва қозиларига ислом таълимотлари асосида суд ишларини юритишнинг асосий қоидаларини ишлаб чиқди. Суд ҳокимиятининг асосий мақсади – шахснинг мавқеидан қатъи назар, адолатли ҳукм чиқаришдир. Бошқа дин вакилларига низо ва масалаларини ўз қонунларига мувофиқ ҳал қилишга рухсат берилди.
  4. Календар (Тақвим). Халифа Умар разияллоҳу анҳу ҳукмронлигидан олдин мусулмонларда бирорта тақвим бўлмаган. Умар даврида йил бошланишини қайси санадан ҳисоблаш борасида баҳслар бошланди. Баъзилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан бошлаб, баъзилари вафотидан, бошқалари эса, Маккадан Мадинага ҳижрат қилинган вақтдан бошлаб йилни ҳисоблашни таклиф қилдилар. Натижада, Умар разияллоҳу анҳу бошчилигидаги саҳобалар йил бошини ҳижратдан, яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадинага кўчиш санасидан бошлаб ҳисоблашга қарор қилдилар. Бу қарор бошқа саҳобалар билан маслаҳатлашганидан кейин қабул қилинган, албатта. Ягона календарнинг жорий этилиши ҳукумат ишларини юритишга ва одамлар ҳаётида ҳам ижобий таъсир кўрсатди.
  5. Ерни кадастр бўйича рўйхатга олиш. Халифа Умар разияллоҳу анҳу даврида давлат ҳудуди жуда ҳам кенгая борди. Бу даврда Сурия, Миср ва Ироқ ерлари бутунлай мусулмонлар қўлига ўтган эди. Бу кенгайиш янги ерларни ҳисобга олиш заруриятини юзага чиқарди. Шундай қилиб, халифа Умар разияллоҳу анҳу даврида ерларни кадастр расмийлаштируви бошланди. Умар бу масалани ҳал қилишни саҳобалар Усмон ибн Ҳунайфа ва Ҳузайфа ибн Яманий разияллоҳу анҳумга топширди. Бу ислом тарихидаги биринчи кадастр рўйхати эди. Унинг шарофати билан халифаликда деҳқончилик учун яроқли ерлар аниқланди, масалан, Сивад ва Жабал вилоятларида жуда катта миқдорда унумдор ерлар топилди.
  6. Жизя ва Хирож. Янги ўзлаштирилган ерларда тартиб ўрнатиш қийин иш эди. Халифа Умар разияллоҳу анҳу бу ишнинг мураккаблигини тушунди. Янги ғайримусулмон аҳоли ўз ерларида деҳқончилик қилиши, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланишни давом эттириши зарур эди. Шунинг учун махсус солиқлар: жизя ва хирож жорий қилинди. Хирож биринчи марта халифа Умар разияллоҳу анҳу даврида Сурия, Миср ва Ироқ ерларида жорий қилинган. Бу солиқни ўз ҳудудларида деҳқончиликни давом эттирмоқчи бўлган мусулмон бўлмаган деҳқонлар тўлаган. Жизя эса мусулмон бўлмаганлар учун жон солиғи эди. Ундан аёллар, қариялар, ногиронлар, камбағаллар, қуллар ва роҳиблар озод қилинди.
  7. Таровеҳ намози. Умар разияллоҳу анҳу мусулмонлар жамоатининг бирлигини жуда қадрларди. Бу борадаги муҳим қадамлардан бири масжидда таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш анъанаси бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида таровеҳ намози ҳар доим ҳам жамоат бўлиб ўқилмаган. Бу анъана биринчи марта ҳижрий 14 йилнинг Рамазон ойида киритилган. Халифа Умар разияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан таровеҳ намозига имомлик қилишни сўради. Шундай қилиб, таровеҳ Рамазон ойининг энг гўзал одатларидан бири, унинг безаги бўлиб, бутун мусулмонларни бирлаштирди.
  8. Ушр. Халифа Умар разияллоҳу анҳу бутун умри давомида адолатли бўлишга ҳаракат қилди. Умар бошқа мамлакатларда тижорат қилаётган мусулмон савдогарлар товар қийматининг 1/10 қисми миқдорида ўша давлатларга бож тўлашини аниқлади. У адолат учун халифаликда хорижлик савдогарлар учун ҳам шундай солиқ жорий этишни буюрди. Шундай қилиб, мусулмонлар ҳам, чет эллик савдогарлар ҳам ўзларини тенг ҳис қила бошладилар.
  9. Шаҳарсозлик. Катта ҳудудлар янги шаҳарлар қуришни талаб қилди. Халифа Умар разияллоҳу анҳу даврида шаҳарсозлик қоидалари ишлаб чиқилган бўлиб, у бошқа нарсалар қатори уйлар, майдонлар ва кўчаларнинг ўлчамини белгилаб берди. Демак, Куфа ва Басра шаҳарлари қурилишида уйлар 3 хонадан кўп бўлмаслиги белгиланиб, баланд уйлар қуришга рухсат берилмаган. Янги шаҳарларда араб муҳожирлари учун турар-жойлар ажратилган. Асосий кўчаларнинг кенглиги 24 метр, ўртачаси 18 метр, кичиклари 4 метр бўлиши керак эди.
  10. Ҳарбий ислоҳот. Халифа Умар разияллоҳу анҳу даврида қўшинлар давлатда алоҳида бир бўлим сифатида эътироф этилган. Халифа аскарлар учун маош ва махсус нафақалар белгилади. Алоҳида ҳарбий маҳаллалар қурилиб, яхши ҳарбий техника ва қуроллар билан таъминланди. Душманлар билан урушга шай туриш учун мунтазам равишда ҳарбий машғулотлар олиб борилди. Бу амалиётлар халифа Умар разияллоҳу анҳу давридаги энг муҳим ислоҳотлардан бири эди.

Шу билан бирга, Умар разияллоҳу анҳу томонидан почта тизими, ер солиғи ва жамоат хавфсизлиги ва фаровонлигини тартибга солиш каби бошқа муҳим ўзгаришлар ҳам амалга оширилди. Умар разияллоҳу анҳу мусулмонлар бошқарув тизимининг муваффақиятига асос солган даҳо давлат арбоби ҳисобланади.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

266690cookie-checkХалифа Умар разияллоҳу анҳунинг мусулмонлар ҳаётини ўзгартирган 10 ислоҳоти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: