islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Масжидлар қошида очилган Ислом оламининг 4 та энг машҳур университети

Қуръоннинг жуда кўп ўринларида илм олишга даъват этилади. Бу, ҳар доим инсоннинг фикрлаши ва илм олишнинг зарурлигини тушуниш учун ажойиб туртки ҳисобланади. Қуръоннинг ушбу даъвати бутун мусулмон оламида билимларнинг авлоддан-авлодга масжидлар, мактаблар, коллежлар, университетлар, расадхоналар, мадрасалар ва уламолар орқали ўтиб боришига замин ҳозирлади.

Қадимдан Ислом оламида мактаб, коллеж, мадраса, университетлар ўртасида умумий боғлиқлик бор. Мазкур умумийлик масжиддир. “Университет” арабчада “жомиа” деб аталади, жомиа масжиднинг, яъни жоме сўзининг муаннас шаклидир.

Маълумки, араб тили Исломда жуда муҳим тил ҳисобланади ва диний илмларни ўрганиш шу тил орқали амалга оширилади. Ислом билан боғлиқ атамаларнинг келиб чиқиши сўзнинг араб тилидаги маъноси билан чамбарчас боғлиқдир. Мисол учун, жоме ва жомиа сўзлари “жамланиш” ва “бирлашиш” маъноларини англатади. Университет Ғарбда Univerce, яъни “коинот” сўзидан келиб чиққан, арабчада эса, аввал айтилганидек, жомиа деб номланади. Яъни бир жойда жамланиш, бирлашиш, деган маънони англатади.

Бу “жамланиш” бора-бора масжидларда ёки унинг қошида таълим даргоҳлари, яъни университетлар ташкил этилишига сабаб бўлди.

Ушбу мақолада жомеларнинг жомиаларга айланиши тўғрисида сўз юритамиз.

Ал-Азҳар жомиаси

Бунга ёрқин мисоллардан бири Ал-Азҳар жомиаси бўлиб, мана орадан 1030 йил ўтиб, ҳозир ҳам фаолият юритмоқда.

Ал-Азҳар Мисрдаги олий таълим маркази сифатида кўплаб талабаларни бағрига олди. Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети талабалари орасида мисрликлар билан бир қаторда кўплаб хорижликлар ҳам таҳсил олади.

Тарихга назар соладиган бўлсак дастлаб, мазкур университет 970 йилда Фотимийлар даврида Ал-Азҳар масжиди қошидаги мадраса сифатида ташкил этилиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотимаи Заҳро разияллоҳу анҳо шарафига номланган.

Қоҳира шаҳри географик жиҳатдан Осиё ва Африка минтақасининг чорраҳасида жойлашганлиги боис Ал-Азҳарга кўплаб ҳорижий мамлакатлар талабалари ҳам илм талабида ташриф буюрган.

XIV–XV асрларда университет атрофида бир нечта мадрасалар очилган. Кейинроқ, улар Ал-Азҳар таркибига қўшилган. Аммо Миср Усмонли турклар томонидан босиб олингач, давлат илм даргоҳини қўллаб-қувватламай қўйган. Натижада таълим тизими инқирозга учраган. Қатор мадрасалар фаолияти тўхтатилган. Бироқ университет ўзининг муҳимлик даражасини сақлаб қолган. XVIII асрга келиб, Ал-Азҳар умуммусулмон таълим ва фан марказига айланган.

XIX асрнинг сўнгги чорагида таълим муассасасида ўқув дастурлари янгиланиб, ташкилий тузилмалар ва ички тартиб қоидалар шаклланишидек узоқ ва оғриқли жараён бошланган. Ал-Азҳар аста-секин университет унвонини қабул қилган.

1961 йилда “Ал-Азҳарни ривожлантириш тўғрисидаги қонун”га мувофиқ университетда политехника каби дунёвий факультетлар ҳам очилган. Ўша йили таълим муассаси қошида аёллар ва қизлар учун коллеж ташкил топган. Уларга аёл ўқитувчилар дарс берган.

Бугунги кунга келиб университет араб мамлакатлари ичидаги энг катта ва нуфузли таълим даргоҳига айланган, у ўзига хос Миср бренди ҳисобланади. Ҳатто, университет номи мамлакат конститутциясида қайд этиб ўтилиши унинг аҳамиятини кўрсатиб турибди. Ҳозирда Ал-Азҳар ўз таркибида ислом тадқиқотлари академияси, университет, маъҳадлар, жоме масжиди, бир қанча илмий марказларни бирлаштирган йирик расмий диний мажмуа ҳисобланади. Бугунги кунда университетнинг дунёда 3 миллионга яқин битирувчиси бор.

Университет битирувчилари орасидан файласуф, судья, ҳуқуқшунос, рассом, дипломат, жамоат арбоби, президент, олим, сиёсатчи, маданият арбоблари чиққан.

 Жумладан, Ўзбекистонда ҳам ушбу нуфузли олий таълим муассасасини тамомлаган ва бугун давлат ишларида фаолият юритаётган собиқ битирувчи бор.

Қаравийн жомиаси

Яна бир жомиалардан бири Марокашнинг Фас шаҳридаги Қаравийн деб номланган улкан мажмуа ҳисобланади. Бу университет дастлаб Қаравийн масжиди сифатида 859 йилда ёш олима Фотима Фиҳрия томонидан қурилган. Олима отасидан қолган катта миқдордаги бойлигини ўз халқининг таълим олиши йўлида масжид қуриш учун сарфлашга қарор қилди. Эътиборлиси, Фотима Фиҳриянинг ўзи лойиҳа бошида туриб, қурилиш ишларини бошқарди. Қурилиш тугагунига қадар у ҳар куни рўза тутди. Йирик масжидлар сингари, Қаравийн ҳам тез орада диний таълим ва илм-фан марказига айланиб, аста-секин табиий фанларни ҳам ўқув дастурларига киритди. Шунинг учун бу таълим даргоҳи Ислом тарихидаги энг қадимги университетлардан бири сифатида ҳақли равишда ўз обрўсига эга. Қаравийн университетида астрономик асбоб-ускуналари ҳам мавжуд. “Вақт ҳисоблагич хонасида” вақтни ҳисоблаш учун устурлоблар, телескоплар, қум соатларини кўриш мумкин. Бу ерда Қуръон, ақида, фиқҳ, нотиқлик, наср ва шеърият, мантиқ, геометрия, география ва тиббиёт илмлари ўрганилган. Шунингдек, грамматика, Ислом тарихи, кимё ва математика курслари ҳам мавжуд.

 Бу жомиада ҳам бир нечта ўзбекистонлик олим ва имом-хатиблар таълим олганлар.

Фотима Фиҳриянинг вафотидан сўнг муассасанинг фаолияти кенгайди. Масжид Африкадаги энг катта масжидга айланди. Унинг сиғими 22 000 кишидан иборат. Масжид қурилганида ички дарвоза ва 4 та кўндаланг даҳлизни ўз ичига олган 30 метрли ҳудуд бўлган.

956 йили масжид кенгайтирилиб, тўртбурчак шаклига келтирилди. 1135 йилда ёнма-ён қурилган биноларининг сони 22 тага етди. Ҳозирда Қаровийин 3 000 м.кв. ни ташкил қилади. Араб диёрининг мутафаккирларидан Маймонид, Фотима Каббож, Ибн Арабий ҳам университет битирувчилари саналади.

Зайтуна жомиаси

Масжид Туниснинг энг қадимги масжиди бўлиб, 5000 кв.метр майдонни эгаллаган ва тўққизта кириш эшиги бор. Масжид қурилишида Карфаген харобалари ашёларидан фойдаланилган. Шунингдек, масжид илк ва энг катта исломий университетлардан бири сифатида ҳам танилган. Асрлар давомида Қайрувон Тунис ва Шимолий Африканинг таълим ва илм маркази бўлиб қолди.

ХIII асрда Тунис Алмоҳад ва Ҳафсийлар давлатлари пойтахтига айланди. Шу сабабдан Зайтуна университети  Ислом таълимининг асосий марказларидан бирига айланди.  Дунёдаги биринчи ижтимоий тарихчи ибн Халдун шу куниверситет талабаси бўлган. Университетда ислом оламининг барча бурчакларидан талабалар теҳсил олишган. Зайтуна кутубхонаси Шимолий Африкадаги энг катта грамматика, мантиқ, ахлоқ, космология, арифметик, геометрия, минералогия каби барча илмий фанлар бўйича билимларни ўз ичига олган ўн минглаб қўлёзмаларга эга.

 Бу жомиада ҳам бир нечта ўзбекистонлик олим ва имом-хатиблар таълим олганлар.

Санкоре жомиаси

Мусулмон дунёсининг жанубий қисмида, Тимбукту шаҳридаги Санкоре университети XV-XVI асрларда ўзининг иқтисодий ва интеллектуал чўққисига эришди. Мали империяси ҳукмдори Манса Мусо ҳаждан қайтгач, Ислом маданияти тарқалиши учун муҳим марказ ҳисобланган Санкоре университетига асос солди.

Санкоре университети ўзининг гуллаган даврида мажмуада 180 та Қуръон мактаблари мавжуд бўлиб, унда 25 000 талаба таҳсил олар эди. Шунингдек, у ерда қўлёзма ва китоблар бозори ҳам фаолият юритар эди. Қуръон, исломшунослик, ҳуқуқ, адабиёт, тиббиёт ва жарроҳлик, астрономия, математика, физика, кимё, фалсафа, тилшунослик, география, тарих ва санъат каби фанлар ўқитилади.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

266590cookie-checkМасжидлар қошида очилган Ислом оламининг 4 та энг машҳур университети

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: