Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаларининг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, уларни миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик ғояларига ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ташкил этилган “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусидаги қардош халқлар ёзувчи ва шоирларининг кўргазмасига ташриф уюштирилди.

Ташриф давомида талабалар Ёзувчилар уюшмасининг фаолияти, миллатлараро дўстлик ҳамда диний бағрикенглик мавзусида яратилган қардош халқлар ёзувчи ва шоирлари асарлари билан танишдилар.
Шунингдек, қардош халқлар адабиётида бағрикенглик, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ғоялари қандай акс этгани, буюк ёзувчиларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари ҳақида маълумот берилди.

Бағрикенглик бу инсонларнинг турли дини, миллати, тили ёки маданиятидан қатъи назар, бир-бирини ҳурмат қилиш, тинч-тотув яшаш тамойилидир. Мазкур қадрият халқимизнинг асрлар давомида шаклланган миллий-маънавий меросининг ажралмас қисмидир. Ватанимиз ҳам бу тамойилга содиқ қолган ҳолда, жамиятда турли эътиқод ва маданият вакилларининг ўзаро ҳурмат ва тотувликда яшашини таъминлаб келмоқда.

Ташриф ёшлар учун нафақат маънавий сабоқ, балки миллий қадриятларимиз ҳамда бағрикенглик ғояларини чуқур англашга ундовчи муҳим тажриба бўлди.







