Президент Шавкат Мирзиёев биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари форумнинг барча иштирокчиларини самимий қутлади.
“Ўзбекистон замини кўп асрлар давомида дунёнинг турли минтақаларидаги савдогар, ишбилармон ва тадбиркорлар эътиборини ўзига тортиб келган.
Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган юртимиз қадимдан Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг карвон йўллари туташган ҳудуд сифатида машҳур бўлган.
Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Византия, Миср каби мамлакатларда шаклланган цивилизация ва маданият намуналари айнан қадимги Мовароуннаҳр, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида учрашиб, бир-бирини ўзаро бойитиб келган.
Бунинг натижасида 3 минг йиллик давлатчилик тарихига эга мамлакатимиз узоқ давр мобайнида дунёнинг савдо, иқтисод, илм-фан, маданият ва санъат юксак равнақ топган марказларидан бири бўлиб хизмат қилган”, деди Президент.
“Ушбу кўҳна заминдан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, дунёвий ва диний илмларнинг улуғ намояндалари бугунги кунда ҳам бутун инсониятга хизмат қилаётган ноёб кашфиёт ва бебаҳо асарлар яратиб, уларни жаҳон аҳлига мерос қилиб қолдирганлар.
Мисол учун, ҳозирги даврда ҳам долзарб бўлган карантин тушунчасини Европада “Авиценна” номи билан танилган аждодимиз, буюк шифокор Абу Али ибн Сино бундан минг йил муқаддам биринчи бўлиб амалиётга жорий қилгани тарихдан яхши маълум.
Машҳур давлат арбоби, айни пайтда буюк астроном бўлган Мирзо Улуғбек эса 15-асрдаёқ Самарқандда расадхона қурдириб, мингдан ортиқ юлдузларнинг энг тўғри координатларини аниқлаб, илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшган.
Замонавий инновацион ва блокчейн технологиялари ва сунъий интеллект негизини ташкил қилувчи алгоритм атамаси яна бир улуғ аждодимиз – Муҳаммад Ал-Хоразмий номи билан боғлиқ эканидан сизлар албатта хабардорсиз”, деди давлатимиз раҳбари сўзини давомида.
“Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг географик жойлашувига кўра, Шимол ва Жанубни, Ғарб ва Шарқни магистрал транзит коридорлари орқали боғлаб турадиган Марказий Осиё минтақасининг ўзаги ҳисобланади.
Биз “Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланишимизни жадал давом эттирмоқдамиз.
Бундан 5 йил аввал биз Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиб, унинг доирасида кенг кўламли демократик ислоҳотларни амалга ошириш йўлини танладик.
Ушбу ислоҳотлар дастури давлатимиз ва жамиятимизнинг барча соҳаларини қамраб олиб, қонун устуворлигини таъминлаш, рақобатни ривожлантириш, коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш каби муҳим йўналишларни ўзида мужассам этган.
Биз биринчи навбатда, илгари инвесторларни Ўзбекистон бозорига кириши ва эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилган барча омилларни бартараф этиб, тадбиркорлик учун қулай шароитлар ярата бошладик”.
“Ислоҳотларимизнинг муҳим йўналиши сифатида мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва сўз эркинлигини таъминлаш, демократик медиа макон яратиш бўйича зарур чоралар амалга оширилмоқда.
Оммавий ахборот воситаларини “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш, давлат идораларининг жамият олдидаги ҳисоб́дорлигини ошириш борасида сезиларли натижаларга эришмоқдамиз.
Бу борадаги энг муҳим ютуғимиз шуки – биз жамиятимизда “ёпиқлик муҳити”дан қутулиб, Янги Ўзбекистон пойдеворини айнан эркинлик ва адолат тамойиллари асосида барпо этмоқдамиз.
Кўп йиллар давомида мамлакатимизни турли “қора рўйхат”ларга киритилиши учун сабаб бўлган мажбурий, жумладан, болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.
Бунинг эътирофи сифатида яқинда халқаро “Cotton Campaign” коалицияси ҳамда жаҳондаги машҳур брендлар томонидан Ўзбекистон пахтаси ва текстиль маҳсулотларига нисбатан илгари ўрнатилган бойкот бекор қилинди”.
“Биз ислоҳотларимизнинг биринчи кунидан бошлаб таълим ва инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор бериб келмоқдамиз.
Сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиб, ушбу масканларда тарбия олаётган болаларимиз қамрови аввалги 27 фоиздан 67 фоизга кўтарилди.
Бундан ташқари, 200 га яқин янги мактаблар барпо этилди, 3 мингдан ортиқ мавжуд мактаблар эса реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди.
Шу ўтган қисқа даврда 82 та янги университет ва институт, жумладан, 23 та хорижий олийгоҳ ташкил этилиб, олий таълим даргоҳларининг умумий сони 159 тага етди.
Натижада, мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражасини олдинги 9 фоиздан 28 фоизгача етказишга эришилди ва бу йўналишдаги ишларимиз давом эттирилмоқда.
Барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муҳим ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда”.
Янги Стратегиямизнинг пировард мақсади – давлатимиз ва жамиятимизнинг барча соҳа ва йўналишларида “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётга татбиқ этиш”, деди давлатимиз раҳбари.
Манба: ЎзА