islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тошкент, Самарқанд ва Бухорода “Декларациялар мулоқоти” бўлиб ўтади

Жорий йил 16-20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўтказилади.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШ Глобал жалб қилиш институти,  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридги Дин ишлари бўйича қўмита, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимиятлари  томонидан ташкил этилмоқда.

“Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” Махсус резолюциясида мустаҳкамланган  тамойил ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган изчил ишларнинг бир қисми бўлиб, 2020 йилда давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси мақсадларига эришишга хизмат қилади.

2019 йил Тошкент шаҳрида илк бор ўтказилган “Декларациялар мулоқоти” жаҳон ҳамжамиятига ўзбек халқининг бой маданий-тарихий ва диний-фалсафий мероси, Ўзбекистон Республикасининг конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, жамиятда дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини сақлаб туриш бўйича сиёсий-ҳуқуқий тажрибаси билан танишиш имконини берувчи муҳим майдончага айланди.

Анжуман доирасида турли мамлакатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида динлар ва маданиятлар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажриба намойиш этилади.

Мазкур халқаро форум жаҳон ҳамжамиятининг эътиқод эркинлигини таъминлаш  ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатини бирлаштириш жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, давлатимизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинлиги бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий содиқлиги, Ўзбекистон Республикаси 2020 йил илк бор сайланган  БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши масъул аъзоси сифатида мамлакатимизнинг айни йўналишда эътироф этилган умумий стандартларни  халқаро миқёсда фаол тарғиб этишга тайёрлиги ифодасидир.

Бўлажак форумда 2019 йилда бўлгани каби Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка мамлакатлари ва АҚШ етакчи дин уламолари, илоҳиётшунослари, ҳуқуқшунослари, расмийлари тўпланади.

Анжуманга анъанавий тус берилиши ва тадбирда дунёнинг турли ҳудудларидан кенг доирадаги вакиллар иштирок этиши ҳам Ўзбекистон Республикасининг эътиқод эркинлигини, конфессиялараро тотувликни таъминлаш борасидаги давлат сиёсати самарадорлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаёганидан далолат.

Форум кун тартиби бир неча босқичдан иборат. Дастурнинг биринчи қисмига кўра, 16-17 май кунлари Тошкентда кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масаласида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан илмий-амалий семинарлар ўтказилади.

18 май куни Самарқанд шаҳрига танишув саёҳатини ташкил этиш кўзда тутилган иккинчи қисмда хорижий делегациялар мамлакатимиздаги энг қадимий шаҳарлардан бирининг маданий мероси билан танишадилар, турли конфессиялар диний масканларига ташриф буюриб, юртимизнинг тарихий  пойтахти бўлмиш Самарқанддаги диний ҳамжамият вакиллари билан учрашадилар.

Анжуман 19 май куни Бухоро шаҳрида “Декларациялар мулоқоти” мавзусидаги халқаро конференция билан ўз ишини якунлайди. Тадбирда илмий-амалий семинарлар сарҳисоб қилинади, эътиқод эркинлиги ва динлараро мулоқотни таъминлаш масаласи бўйича фикр алмашилади, келгуси ҳамкорлик истиқболи белгиланади.

Халқаро учрашувнинг асосий натижаси сифатида “Бухоро декларацияси” қабул қилинади. Илгари Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган декларацияларни тўлдирадиган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга қўшадиган муҳим ҳиссаси бўлади.

ЎзА

298260cookie-checkТошкент, Самарқанд ва Бухорода “Декларациялар мулоқоти” бўлиб ўтади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: