islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Умавийлар давлати

Умавийлар – Яқин ва Ўрта Шарқ, Мовароуннаҳрда хукмронлик қилган мусулмон халифалари сулоласи (661-750), арабларнинг Маккадаги қурайш қабиласининг умайя уруғидан келиб чиқишган.

Асосчиси – Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо. Умавийлар ғарбда Шимолий Африка, Пирений ярим оролининг катта қисми, шарқда Табаристон, Журжон, Мовароуннаҳр, Синд ва бошқа ҳудудларда ҳукмдорлик қилди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумо (661-680) ва Абдулмалик даврида (685-705) давлатнинг ҳарбий, сиёсий, иқтисодий қудратини оширувчи бир қанча маъмурий ва ҳарбий ислоҳотлар ўтказилган. Хусусан, халифа лавозими наслий бўлиб қолган, давлат хазинаси ва давлат архиви ташкил этилган, араб тили давлат тили деб эълон қилинган, янги (олтин, кумуш ва мис) пул чиқарилган, ҳарбий денгиз флоти ташкил этилган. Умавийлар пойтахтни Дамашқ шаҳрига кўчирганлар, шу туфайли бу халифаликни Дамашқ халифалиги деб ҳам аташади.

Умавийлар даврида кўплаб қўзғолонлар (736-737 йиллар Ўрта Осиёдаги Хорис ибн Сурайж, 731-740 йилларда Марокашдаги барбарлар қўзғолони, 742 йили Мағрибда хорижийлар қўзғолони ва бошқалар) бўлган.

747-750 йиллардаги Абу Муслим қўзғолони натижасида халифа Марвон ибн Муҳаммад тахтдан тушган, ҳокимият аббосийлар қўлига ўтган.

Умавийлар ҳукмдорлари: Муовия ибн Абу Суфён (661-680), Язид ибн Муовия (680-683), Муовия II ибн Язид (683-684), Марвон I ибн Ҳакам (684-685), Абдулмалик ибн Марвон (685-705), Валид ибн Абдулмалик (705-715), Сулаймон ибн Абдулмалик (715-717), Умар ибн Абдулазиз (717720), Язид ибн Абдулмалик (720-724), Ҳишом ибн Абдулмалик (724-743), Валид II ибн Язид (743-744), Язид III (744), Иброҳим ибн Валид (744), Марвон II ибн Муҳаммад (744-750) .

Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг Муовия замонига қадар халифалик махсус бир кишининг ҳаққи эмас эди. Мусулмонлар кимни хоҳлашса, ўшани халифа қилар эдилар. Имом Ҳасан истеъфосидан сўнг, Муовия ибн Суфён халифаликка муқаррар бўлиб, халифаликда расмий сулолани расм қилиб, ўз ўғли Язидни валиаҳд қилди.

Шундан сўнг халифалик уларнинг хонадонларида қолди. Улар ибн Уммая қабиласидан бўлганлари учун уларни уммавийлар, деб атаганлар. Бу жамоадан ўн тўрт нафар киши навбатма-навбат халифалик қилдилар. Уларнинг халифалик даврлари ҳижрий ҳисобда тўқсон бир йил давом этди. Пойтахти Шом шаҳри бўлган. Уммавийларнинг машҳур халифалари: Муовия, Язид, Валид ибн Абдулмалик ва уларнинг энг охиргиси Марвон ибн Муҳаммад эди. Энди уларнинг қисқа ҳолларини баён қилайлик.

Муовия ибн Абу Суфён. Муовия уммавийлар давлатининг асосчисидир. Ҳазрати Усмон замонларида Шом вилоятининг волийси қилиб тайинланган эди. Ҳазрати Усмон қатл қилинганларидан сўнг ҳазрати Алига қарши исён қилиб, ҳазрати Усмоннинг хунини даъво қилган ва бу Сиффин жангига сабаб бўлган. Ҳазрати Али ўлдирилгандан ва имом Ҳасан истеъфосидан сўнг халифалик тахтига эришган. Кўп тавозекор ва тадбиркор эди. Ҳар вилоятларнинг улуғларини моддий ва маънавий тадбиркорлиги сабаб ўзига тарафдор қилишга эришган. Унинг замонида Ислом лашкари баъзи шаҳарларни қўлга олдилар, ҳатто Истамбул шаҳрини ҳам мусохара қилдилар, лекин ололмаганлар.

Биринчилардан бўлиб Ислом вилоятларига қози ва муфтийларни юборган, янги йўллар қурдирган, почтани ҳам таъсис қилган шу зот эди. Ўзи тириклигида ўғли Язидни валиаҳд қилиб, ҳижратнинг олтмишинчи йилида вафот қилган.

Язид ва Карбало ҳодисаси. Язид ибн Муовия отасининг ўрнига ўтирди. Бу ишдан Макка ва Кўфа аҳли ғазабга келди.

Кўфа аҳли имом Ҳусайнга хат ёзиб, биз Язидга байъат бермаймиз, сизни халифа қиламиз, дедилар. Имом Ҳусайн уларнинг сўзларига ишониб, аҳли байт ва ўзларига алоқадор бўлган етмиш нафар киши билан Маккадан Кўфага юрдилар. Язид бу воқеани эшитиб, лашкар юборди. Язид лашкари Карбало мавзесида ҳазрати Ҳусайнга рўбарў бўлишди. Улар Имом Ҳусайн ва шерикларини ўлдирдилар. Мусулмонлар амалга оширилган бу жиноятдан маҳзун бўлдилар. Бу ҳодисадан ҳали балоғатга етмаган имом Зайнул Обидиндан бошқа ҳеч ким омон қолмади. Бу хабардан Макка аҳли ғазабга келиб, Абдуллоҳ ибн Забайрни халифа қилдилар. Мадина аҳли ҳам унга тобе бўлди. Язид уларнинг устига ҳам лашкар юборди. Унинг лашкари аввалан Мадинани жанг билан олди, сўнгра Маккага келиб, уни эгаллади. Лашкар жангда Язиднинг ўлганидан хабар топиб, орқага қайтдилар.

Андалус фатҳи. Андалус Оврупонинг ғарбий-жанубий чеккасида жойлашган. Харитига қарасангиз кўрасизки, бу мамлакат жуда кенгдир. Ҳозирги  Испания ва Португалия номли икки давлат бу ерларда ҳукмронлик қилади. Андалус мамлакати шимол тарафдан Франция, жануб тарафдан Форс мамлакати билан қўшнидир. Форс ва Андалуснинг ораларида бир бўғоз бўлиб, уни Сабата бўғози, деб аталади. Шундай қилиб, ушбу мамлакат ҳам Валид ибн Абдулмалик замонида мусулмонлар кўлига ўтди. Шу тариқа Мисрдан Форсга қадар бўлган ҳамма мамлакат Ислом аҳли қўлида бўлди. Бу жойларнинг Мусо ибн Насир исмли волийси Валидга мактуб ёзиб, агар халифа ижозат қилса, Андалусни фатҳ қилишини маълум қилди. Валид ижозат қилди. Мусо ибн Насир ўз ёрдамчиси Ториқ ибн Зиёдни оз сонли лашкар билан Андалус тўғрисида маълумот олиб келишини буюрди. Ториқ бу лашкар билан Сабата бўғозидан ўтиб, Андалусга келди.

Бўғоз этагидаги тоғ этагида тўхтаб, кемаларга ўт қўйиб ёқиб юборди ва ҳамроҳларига, энди бизга қайтишга йўл қолмади, ғайрат қилинглар, олдингга юрамиз ва шу мамлакатни қўлга киритамиз деб амр қилди. Сўнгра тоғ этагидаги йўлдан юрдилар. Андалус ҳукмдорлари билан жанг қилиб, уларнинг шаҳарларини олдилар. Ушбу тоғни ҳозирга қадар “Жабали Ториқ”, яъни Ториқ тоғи, деб аталади ва Сабата бўғозини ҳам “Бўғози Жабалут Ториқ”, яъни Ториқ тоғининг бўғози, дейилган. Мусо ибн Насир бу хабарни эшитиб, ўз лашкари билан Андалусга келди.

Иккала сардор қўшилдилар, биргаликда Андалус аҳлига қарши жанг қилиб, мамлакатни эгалладилар.

Марвон ибн Муҳаммад ва уммавийлар давлати. Валид ибн Абдулмалик вафотидан сўнг, аксар халифаларда ўзига хос баъзи камчиликлар юзага кела бошлади. Ҳижратнинг 127 йилида уммавийларнинг сўнгги подшоҳи бўлган Марвон ибн Муҳаммад халифалик тахтига ўтирди. Бу одам ғайратли ва илмли бўлган. Лекин уммавийлар давлати секин-аста қулай бошлаган эди. Абу Муслим бошчилигидаги қўзғолончилар 132 йилда Марвон лашкарини мағлуб этди. Шундай қилиб, халифалик уммавийлардан аббосийларга ўтди.

Ислом тарихига умавийлардан кейин қадам қўйган сулола номи Аббосийлар деб аталади. Улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб зурриёдларидир. Унга Абул Аббос ас-Саффоҳ асос солган, охирги халифа Мустаъсим бўлган. Аббосийлар ҳижрий 132-656 (милодий 750-1259) йилларда, яъни беш асрдан зиёд халифалик қилишган. Шиорлари қора байроқ бўлган. Улар даврида халифалик пойтахти Дамашқдан Бағдодга кўчирилган, иқтисод-савдо ва маданий соҳалар гуллаб-яшнаган.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

302750cookie-checkУмавийлар давлати

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: