islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Усул ал-фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшган олим ватандошимиз

Ислом ҳуқуқи пойдевори Қуръони карим ва суннатдан иборат бўлса-да, унинг назарий асослари ва далиллардан истинбот қилиш усулларини белгилаб берувчи фан усул ал-фиқҳдир. Ушбу илм ривожи йўлида кўплаб олимлар заҳмат чекканлар. Айниқса, ҳанафий мазҳаби намояндаларидан бири, қози ва усул ал-фиқҳ олими Абу-л-Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Паздавий бу борада пухта услубий ёндашувлари билан ажралиб туради.

Олим (1010–1089) Қашқадарё вилоятининг ҳозирги Касби тумани ҳудудидаги Пазда (Эски Фазли) қишлоғида туғилган. Унинг отаси ҳам илм маърифат соҳиби бўлиб, ўғлига ҳуқуқшунослик фанидан илк диний билимларни берган. Ёш Али қишлоқ мактабида Қуръонни ёд олиб, араб тили ва ҳисоб илмини пухта ўрганган. Сўнг ўша даврда Мовароуннаҳр маданият ва маърифат марказларидан бири бўлган Насаф шаҳрида усул ал-фиқҳ илмини янада мустаҳкамлайди. Илм эгаллаш йўлида ҳар жиҳатдан талабчан бўлган Абу-л-Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Паздавий тез орада етук ҳуқуқшунос олим бўлиб етишади. Унинг “Канз ал-Вусул ила Маърифат ал-Усул” (Усул илмини ўрганишга борадиган хазина) номли асари “Усул ал-Паздавий” номи билан машҳур бўлиб, асрлар давомида ҳанафий олимлари учун асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Паздавий ўз даврининг етук қозиси сифатида ҳам довруқ қозонган. Яъни, у Мовароуннаҳрда узоқ йиллар қозилик қилиб, шариат қонунларини қўллашда чуқур билим ва адолатни намоён этган. У усулул фиқҳ соҳада бир қатор муваффақиятларга эришган. Хусусан, ҳанафий услуби тизимини такомиллаштириб, мазҳабнинг далиларини баён қилиб берган. Ушбу илмий хулосалар ўз замонининг машҳур олими Имом Сарахсийнинг “Ал-Усул” асарига нисбатан ихчамроқ бўлиб, мураккаб масалаларни оддий, тушунарли ва қисқа қилиб баён этади. Далилларга чуқур ёндашувда Қуръони карим, суннат, ижмо, қиёс каби асосий манбаларни таҳлил қилади ва ҳанафий мазҳаби нуқтаи назарини мустаҳкамлайди. Унинг “Усул ал-Паздавий” асари ҳанафий усулининг муҳим асосларидан бири ҳисобланади ва ҳозирги кунгача талабаларга қўлланма сифатида ўқитиб келинади.

Абу-л-Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Паздавийнинг энг машҳур китоби – “Канз ал-Вусул ила Маърифат ал-Усул” (“Усул билимларига олиб борадиган хазина”)дир. Олим мазкур асарида Қуръони карим ва суннатни талқин қилиш усулларини, қиёс (ўхшашликка асосланган ҳукм) ва истиҳсон каби муҳим тушунчаларни содда ва равон қилиб тушунтиради. Ушбу манба бугунги кунда ҳам Ал-Азҳар (Миср), Девбанд (Ҳиндистон) каби университетларда ўқитиб келинади.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Паздавийнинг “Канз ал-Вусул” асари XII, XIII асрларда Анадолу (Туркия)га олиб борилган ва у ерда ҳанафий фиқҳининг ривожида ҳал қилувчи рол ўйнаган. Бу ҳақда Ибн Обидин “Радд ал-Мухтор” асарида ҳамда Котиб Чалабий “Кашф ал-Зунун” китобида маълумот бериб ўтган.

Дарвоқе, ҳанафий мазҳабида усул ал-фиқҳнинг асосий ривожи Имом Сарахсий томонидан бошланган бўлса, бу йўлни қатъият билан давом эттирган йирик олим ҳам айнан Абу-л-Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал Паздавийдир. У Сарахсийнинг тафсилий ва кенг ёндашувларини янада тизимли, ихчам ва далилларга асосланган услубда бойитиб, ҳанафий усулининг ўзига хос мактабини яратган. Шу сабабли у фиқҳий тафаккур тарихида Имом Сарахсийдан кейинги энг йирик усул ал-фиқҳ олими сифатида эътироф этилади.

Умуман олганда, Али Паздавий ҳанафий фиқҳ усулининг назарий жиҳатдан чуқурлаштирилиши ва баҳсли масалаларнинг илмий асосда шарҳланишида беқиёс хизмат қилган. Унинг асарлари бугунги кунда ҳам илмий тадқиқот ва фатво соҳасида асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда. Али Паздавий ҳақиқатан ҳам пухта, далилларга таянган ва услубий асосга эга илмий қарашлари билан исломий ҳуқуқ фани ривожига улкан ҳисса қўшган олимдир.

Камолиддин ҒОЗИЕВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси

448180cookie-checkУсул ал-фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшган олим ватандошимиз

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: