Имoм Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими томонидан 3-курс талабалари учун навбатдаги маданий-маърифий экскурсия ташкил этилди.
Экскурсия давомида талабаларга Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими ходими Рахматулло Олтинбоев ва Ахборот-кутубхона ресурслари билан хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси Абдулазиз Қодиров ҳамроҳлик қилди.
Талабалар аввало Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. У ерда мутахассислар томонидан марказнинг асосий вазифалари, фатво чиқариш тартиби, диний саволларга жавоб бериш жараёни ва илмий хулосалар тайёрлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, соҳага оид зарур жавобларни олдилар.
Шундан сўнг талабалар “Шамсиддин Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйига ташриф буюриб, диний-маърифий адабиётлар яратилиш жараёни, китобларни таҳрирлаш, босма жараёни ва тарқатиш ишлари билан танишдилар. Нашриёт вакиллари томонидан талабаларга сўнгги йилларда чоп этилган асарлар, таржима қилинган китоблар ва уларнинг таълим-тарбия жараёнидаги аҳамияти ҳақида маълумот берилди.
Мазкур экскурсия талабаларга диний соҳада амалга оширилаётган илмий-маърифий ишлардан яқиндан хабардор бўлиш, назарий билимларини амалий кўникмалар билан бойитиш ва келгусида ўз фаолиятларида қўллаш имконини беради.