islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Байтул Маъмур

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан, у зот Молик ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

“…Бўшаганимдан сўнг, қарасам, Иброҳим алайҳи салом (ўтирган эканлар). (Жибрил) айтди: “Бу отангиз, унга салом беринг”, мен салом бердим, алик олдилар. Сўнг (Иброҳим алайҳи салом): “Солиҳ ўғил ва солиҳ Набийга марҳабо бўлсин”, – дедилар. Сўнг Сидратул Мунтаҳога кўтарилдим, қарасам унинг барглари филнинг қулоқлари каби (катта) экан. (Жибрил): “Бу Сидратул Мунтаҳо”, – деди. Унда тўртта анҳор бор экан, иккита ботин (ички) анҳор ва иккита зоҳир (ташқи) анҳор. Мен: “Бу иккиси нима эй Жибрил?”, – дедим. У: “Икки ботин (ички) анҳорлар жаннатдаги анҳорлар, зоҳирлари (ташқилари) эса Нил ва Фурот”, – деди. Сўнгра мени Байтул Маъмурга кўтарди…”[1].

Имом Бухорий бошқа бир ўринда шундай ривоят қиладилар: “Ҳудба ибн Холид бизга ривоят қиладилар, Ҳаммом бизга ривоят қиладилар Қатодадан ва менга Халифа: “Бизга Язид ибн Зуройъ ривоят қиладилар, Саъид ва Ҳишом бизга ривоят қиладилар, иккалалари айтдилаки: “Бизга Қотада Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумдан у эса Молик ибн Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
“Ва еттинчи осмонга бордик ва:
“Ким у?”, – дейилди.
“Жибрил”, – дейилди.
“Ёнингиздаги ким?”, – дейилди.
“Муҳаммад”, – дейилди.
“Унга рисолат юборилдими? Унга марҳабо бўлсин, қандай ҳам яхши келувчи келди”, – дейилди. Ва Иброҳим алайҳи салом олдиларига бордим, унга салом бердим. У менга:
“Ўғил ва Набийга марҳабо бўлсин”, – дедилар. Сўнг мени (Жибрил)
Байтул Маъмурга кўтарди ва:
“Бу Байтул Маъмур, унда ҳар куни етмиш минг фаришта намоз ўқийди. Чиққанларида эса унга қайтмайдилар”, – дедилар…”.

Шунингдек, Меърожда Байтул Маъмур ҳақида яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Қатода розияллоҳу анҳу қилган ривоятида: “(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) Байтул Маъмурни кўрдилар унга ҳар куни етмиш минг фаришта киради ва унга қайтмайдилар (навбат етмаганлигидан)”, – деб айтилган. Бу ривоятни Исмоилий раҳимаҳуллоҳ Ҳасан ибн Суфёндан, у зотдан ташқари  Абу Яъло ва Бағавий ва бир қанча уламолар раҳимаҳумуллоҳ ҳам ривоят қилганлар.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Саъид ибн Абу Аруба розияллоҳу анҳудан у зот эса Абу Қатода розияллоҳу анҳумолардан ривоят қиладилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга айтдилар: “Байтул Маъмур осмонда Қаъбанинг рўпарасидаги масжид. Агар қуласа, Каъбанинг устига қулайди. Ҳар куни етмиш минг фаришта киради, агар чиқишса, қайтмайдилар”[2].

Шунингдек, Имом Исҳоқ ўзларининг “Муснад”ларида, Имом Табарий ва бир қанча уламолар Холиб ибн Аръара раҳимаҳуллоҳ Али розияллоҳу анҳудан қилган ривоятини ривоят қиладилар. Унда: “Али розияллоҳу анҳу Сақфул Марфуъ ҳақида сўралдилар”, ва “Осмон”, дедилар. Ва Байтул Маъмур ҳақида сўралдилар. Айтдиларки: “Байтнинг (Каъбанинг) рўпарасидаги Байтдир. Унинг ҳарамлиги, ердаги бу(яъни Каъба)нинг ҳарамлиги каби. Ҳар куни унга етмиш минг фаришта киради ва унга қайтмайдилар”, – дедилар[3].

Ибн Мирдавайҳ раҳимаҳуллоҳ эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан шу каби ҳадисни ривоят қилиб, Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан солиҳ санад билан, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан заиф санад билан ривоят қилган зиёдасида: “У Байтул Ҳаромнинг рўпарасида. Агар қуласа, унинг устига қулайди”, – дедилар. Бу ривоят Имом Фокиҳийнинг “Макка китоби” номли китобларида  Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга борган саҳиҳ санад билан ривоят қилганлар, бироқ мавқуф ҳолда.

Шунингдек, Ибн Мирдавайҳ раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Абу Ҳотим раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолда шу каби ривоятни ривоят қилиб, зиёда ҳам қилганлар: “Самода анҳор бор, уни “Тириклик анҳори” дейилади. Ҳар куни унга Жибрил алайҳи салом кириб, шўнғийдилар, сўнг чиқадилар. Ва устларидаги томчиларни қоқадилар ва устларидан етмиш минг томчи тушади. Аллоҳ ҳар бир томчидан бир фариштани яратади ана ўшалар намоз ўқийдилар, сўнг қайтмайдилар”. Бироқ бу ривоятнинг санади заиф. Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ бу ривоятни анҳорни зикрисиз Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан саҳиҳ туруқ билан ривоят қилганлар. Бироқ бу ривоят мавқуф.

Имом Ҳасан ва Муҳаммад ибн Уббод ибн Жаъфар розияллоҳу анҳулар: “Байтул Маъмур – Каъба”, – деганлар. Лекин биринчи ривоят кўпроқ ва машҳур.

Кўпроқ ривоятларга кўра Байтул Маъмур еттинчи осмонда жойлашган. Бошқа бир важҳдан Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича у тўртинчи осмонда жойлашган, ва у қавлга “Қомус”нинг соҳиби жазм қилганлар.

Яна бир қийлда эса у олтинчи осмонда жойлашган дейилган. Бошқа қийлда эса у Аршнинг остида. Бир қийлда эса: “Уни Одам алайҳи салом ерга туширилганларидан сўнг қурганлар. Сўнг тўфон замонида кўтарилган”, – дейилган. Бу ривоят Байтул Маъмур аслида Каъбадир. У Байтул Маъмур деб номланади холос”, – деб айтадиганларнинг далилига ўхшайди.

Байтул Маъмур ривоятидан фаришталар энг кўп махлуқотлигига далил қилинади. Чунки ҳар куни Жибрил алайҳи саломдан тушган томчилардан  фаришталар яратилар экан, оламда қанча фаришталар борлигини билиш имконсиздир.[4]

Хулоса:

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак: Байтул Маъмур осмоннинг қайси қаватида жойлашганлиги ҳақида турли ҳил қавллар бор, улар:

  1. 4 – осмонда;
  2. 6 – осмонда;
  3. 7 – осмонда;
  4. Ҳар бир осмонда бор;
  5. Аршнинг остида.

Биров, энг рожиҳ қавл, Байтул Маъмул еттинчи осмонда жойлашганлиги.

Тошкент ислом институти талабаси
Бахтиёр Нажмиддинов

[1] Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий”, “Дорур-райён лит-турос”, Қоҳира, 1986.
[2] Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний. “Фатҳул Борий шарҳу Саҳиҳил Бухорий”, “Дорур-райён лит-турос”, Қоҳира, 1986.
[3] Имом Табарий. “Тафсирут-Табарий”, “Ал-Рисала” нашриёти, Байрут, Лубнон, 1994.
[4] Аллома Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний. “Исро ва Меърож”, Қоҳира, “Дорул ҳарройн”, нашриёти, 2002.

78490cookie-checkБайтул Маъмур

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: