Бугун ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Тоҳир Малик (Ҳобилов Тоҳир) 2019 йил 16 май куни 73 ёшида вафот этди.
Шу муносабат билан «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси ҳамда Islom.uz портали таҳририяти адибнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади.
Тоҳир Малик (тахаллуси; асл исм-шарифи Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) (1946 йил, 27 декабрь, Тошкент) – Ўзбекистон халқ ёзувчиси (2000). Ўзбек адабий фантастикасининг асосчиларидан бири.
Биринчи йирик асари – «Ҳикмат афандининг ўлими» (1972). «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада қолган одамлар» (1982), «Бир кўча, бир кеча» (1983), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990), «Ов» (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машҳур.
«Шайтанат» романи (1-китоб, 1992; 2-китоб, 1995; 3-китоб, 1997; 4-китоб, 2000; 5-китоб, 2011) Тоҳир Маликнинг йирик асарларидан. Асар асосида кўп серияли телефильм яратилди. Романда турли қиёфадаги замондошларимизнинг образлари ёрқин лавҳаларда катта маҳорат билан чизилган, муҳим маънавий-ахлоқий муаммолар кўтарилган.
Кишиларни жиноятнинг разил оламидан эҳтиёт бўлишга чақирувчи ушбу огоҳлантирувчи асар мазмуни Тоҳир Маликнинг «Жиноятнинг узун йўли» (2004) илмий-таҳлилий рисоласида давом эттирилган. «Меҳмон туйғулар» (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўпламида адабий жараёндаги муаммолар акс этган.
Тоҳир Маликнинг ёзувчи Мирзакалон Исмоилий ижодий фаолиятини ёритувчи «Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги» (1988), Асқад Мухтор ижодини таҳлил этувчи «Собир» (2003), Ўлмас Умарбеков ижодига бағишланган «Қиёмат қарз» (2002) ҳамда Абдулла Қодирий романлари тахлил этилган «Ибрат мактаби» (1993) бадиалари ҳам бор.
Аллоҳ таоло бу табаррук инсонни Ўз раҳматига олсин, барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, саҳву хатоларини авф қилсин, гуноҳларини мағфират қилиб, раҳматига ноил, жаннатига дохил айласин!
Жаноза бугун, 16 май куни аср намозидан кейин Кўкча масжидида бўлиб ўтади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!