islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚУРЪОНГА ЭҲТИРОМ

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, Аллоҳнинг каломи ёзилган мусҳафларимиз ҳам ўзига хос эҳтиромга лойиқ бўлади. Мусулмонлар илоҳий дастурлари саналмиш Қуръони каримни улуғлаши, унга ҳурмат кўрсатиши, асраб-авайлаши лозим бўлади. Йирик олим – Ватандошимиз Ҳаким ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ Қуръонга эҳтиром сифатида қуйидаги амалларни қатор санаб келтиради:

  1. Қуръон ўқиганда ҳар-ҳар сурадан оятларни танлаб ўқимасдан, мусҳафи шарифда берилган тартиб бўйича ўқимоқ; Ривоят қилинишича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол розияллоҳу анҳуни ҳар-ҳар сурадан оятларни териб ўқиётганига шоҳид бўлдилар ва у кишига ҳар сурани тартиб билан бутун ўқишини амр қилдилар. Ибн Абу Шайба ривояти.
  2. Мусҳафи шарифни очиқ ҳолида қолдирмаслик;
  3. Мусҳафи шарифнинг устига бошқа китобларни қўймаслик;
  4. Ўқиганда мусҳафни қўлида ушлаб баландроқ кўтармоқ, ёки бирор баландроқ лавҳ устига қўйиб ўқимоқ, ерга қўймаслик;
  5. Қуръон оятларини тахтага ёзиб ўқувчилар уни ўчириш лозим бўлганда туфук билан ўчирмаслиги, балки сув билан ўчирмоқлик;
  6. Мусҳафни сув билан ювиш лозим бўлиб қолса, ғусоласини (мусҳафни ювилган сув) нажосатхонага ва оёқ билан босиладиган ерларга оқизмаслик; Салафи солиҳлар мусҳаф ғусоласини шифо ниятида истеъмол қилар эканлар. Имом Қуртубий.
  7. Мусҳафи эскириб кетганда унинг саҳифаларини йиртиб бошқа китобларга муқова сифатида ишлатмаслик;
  8. Лоақал бир кунда бир марта бўлса ҳам мусҳафга қарамоқ; Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтар экан: “Мен ҳар куни Раббимнинг китобига қарайман. Бирор кунни мусҳафга қарамасдан ўтказиб юборишга Раббимдан уяламан”.
  9. Қуръондан кўз ҳаққини ҳар куни адо қилмоқ; Мусҳафга қараб ўқиганда кўз билан қулоқ ўз ҳаққини олишда шерик бўлади. Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кўзларингизни ибодатдаги ҳаққини адо этинглар!” Саҳобалар сўради: “Эй Аллоҳнинг Расули, кўзнинг ибодатдаги ҳаққи нима?”. Ул зот жавоб бердилар: “Мусҳафга қарамоқ, оятларида тафаккур қилмоқ ва ажоиботларига эътибор қаратмоқ!”. Байҳақий. Макҳул раҳимаҳуллоҳ Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Умматларим ибодатининг афзали Қуръонни қараб ўқимоқдир!” Байҳақий.
  10. Аллоҳнинг каломини ўзининг каломи ўрнида қўлламаслик; Масалан “Енглар ичинглар, исроф қилманглар” мазмунидаги оятни меҳмонларга қарата ўз каломи сифатида қўлламаслик керак. Бу Қуръонга ҳурматсизлик бўлади. Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг каломини ўз гапи ўрнида ишлатганларни жуда қаттиқ ёмон кўрар эканлар. Қуртубий.

Давоми бор.

Авазбек Мўминов
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжиди имом хатиби

98930cookie-checkҚУРЪОНГА ЭҲТИРОМ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: