Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат туфайли у зотнинг атрофларида турган ҳар бир кишини билгимиз, танигимиз келади. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётганларида Омина онамизга ким доялик қилган эди? Айрим ривоятларда Ийсо алайҳиссаломнинг оналари покдомон Марям билан золим Фиръавннинг қўлида Мусо алайҳиссаломни улғайтирган Осиёдек мукаррама зотларнинг ҳозир бўлганлари айтилган. Аммо “Марям ва Осиё оналаримизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётган пайтда ҳозир бўлганлари” ҳақидаги ривоятни имом Суютий “Ал-хасоисул кубро” китобида (1/47): “Жуда ҳам мункар”, деган. Ҳақ гап эса, Омина онамизга Шифо розийаллоҳу анҳонинг доялик қилганларидир.[1] Онасининг исми Салмо, эрининг исми Авф, ўғиллари Абдураҳмон розийаллоҳу анҳу ва Асвад розийаллоҳу анҳу, қизи Отика розийаллоҳу анҳолардир[2]. Оламлар сарварининг ёруғ дунёга ташрифида истиқболларига чиққан, бўлажак пайғамбарни илк кутиб олиш шарафига муяссар бўлган Шифо бинти Авф розийаллоҳу анҳони Аллоҳ таоло кейинчалик ҳам кўп яхшиликлар ила сийлади. Шифо ҳақ дин келганида уни қабул этди, байъатда қатнашди, бошқа мусулмонлар қаторида ҳижрат қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида вафот этди ва ўғли Абдураҳмон ибн Авф розийаллоҳу анҳу жаннати эканига башорат олди. Пайғамбаримизнинг, айтиш жоиз бўлса, динимизнинг дояси бўлган Шифодан, унинг қилган хизматларидан Аллоҳ рози бўлсин. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим Зиёуддин [1] Ибн Касир, “Ал-бидоя ван ниҳоя” (2/264), “Ас-сийратун набавия”(1/207); Шайх Муҳаммад Хузарий, “Нурул яқин фи сийрати саййидил мурсалин” (1/5); Шайх Али ибн Нойиф Шаҳҳуд, “Мавсуъатул хутабил минбария” (2/107); Муаррих Ҳасан ибн Умар, “Ал-муқтафо мин сийратил мустафо” (1/3); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, “Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод” (1/341); Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхонтўра), “Нурул басар”; Ҳасан ибн Муҳаммад Машшот, “Иноратуд дужо фи мағозий хойрил варо” (2/75); Иброҳим Ибёрий, “Ал-мавсуъатул Қуръония” (1/25). [2] Муҳаммад ибн Саъд, “ат-Табақотул-кубро” (8/248). 454