Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда. Халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш ҳамда 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ: 1. Қуйидагилар диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин: “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш; ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш; динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш; жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш; жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш; глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш; диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш. 2. Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида 15 та штат бирлигидан иборат Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этилсин. Марказ Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний мавзуларга оид адабиётлар, Интернет ва оммавий ахборот воситалари материалларини чуқур таҳлил қилиш, диний-ижтимоий муҳитнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш фаолиятини амалга оширадиган ахборот-таҳлилий тузилмаси ҳисобланади. 4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Ўзбекистон халқаро ислом академияси: Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигидаги Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит...