Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Махсус сиртқи бўлимига ҳужжат топширган абитуриентлар учун ақоид, фиқҳ ва араб тили фанларидан жорий йилнинг 5-6 июль кунлари ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтишини маълум қиламиз. 2018 йил 3 июль куни соат 9:00 дан 11:00 гача имтиҳон олди консультациялар бўлиб ўтади. Унда абитуриентлар учун ижодий имтиҳонга доир тартиб-қоидалар ва баҳолаш мезонлари ҳақида батафсил маълумотлар берилади. Шунингдек, мазкур даргоҳнинг кундузги таълим йўналишида ўқиш истагида ҳужжат топшираётган абитуриентлар диққатига! Тошкент ислом институти кундузги таълим йўналишида араб тилидан 2018 йил 24 июль куни ижодий имтиҳон ҳамда фиқҳ, ақоид ва Ўзбекистон тарихи фанларидан 25 июль куни тест синовлари бўлиб ўтишини маълум қиламиз. Кундузги таълим йўналишида имтиҳон олди консультациялар 2018 йилнинг 21 июль куни соат 9:00 дан 11:00 гача давом этади. Барча абитуриентларга омад ва зафарлар тилаган ҳолда 2018- 2019 ўқув йили Махсус сиртқи бўлим учун абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2018 йил 30 июнь соат 20:00 гача, кундузги таълим йўналишида 10 июль санасига қадар давом этишини эслатиб ўтамиз. 2018 йилнинг 7 июль куни Махсус сиртқи бўлим, 26 июль куни кундузги таълим йўналиши бўйича имтиҳон натижалари эълон қилинади. Мамнуният билан, Тошкент ислом институти қабул ҳайъати 769
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов ҳазратлари ИмомБухорий номидаги Тошкент ислом институтининг “Хатмул кутуб” тадбирида қатнашдилар ҳамда 2017-2018 ўқув йилида 12 мўътабар диний китобни ўқиб тугатган 140 нафар талаба ўғил ва қизларга фотиҳа бердилар. Тарихдан маълумки, қадимги Мавороуннахр мадрасаларида, хусусан Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Шош мадрасаларида Қуръони каримни ёд олиш билан бирга, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тасаввуф, фароиз, усулул-фиқҳ ва мусталаҳул-ҳадис фанлари бўйича ислом оламида машҳур олимларнинг араб, форс, туркий тилларда ёзилган мўътабар китоблари, ушбу китобларга ёзилган шарҳлар ва уларнинг ҳошиялари ўқитилган. Ушбу фанлар бўйича энг мўътабар китобларни тугатганларни эса “Хатм кардам мулло” деб номлашган. Талабалар мадрасада ўқишни тамомлаш вақтида “Хатмул кутуб”, яъни “Дарслик китобларни тугатганлик” тадбири бўлиб ўтган. Тадбирда ўша вақтдаги катта мударрислар, шаҳар қози ва муфтийлари йиғилган. Устоз ва талабаларга дастурхонлар ёзилиб, тадбир сўнгида китобларни ўқиб тугатган талабалар ва дарс берган устозлар ҳаққига дуои хайрлар қилинган. Аллоҳга шукурлар бўлсинки, юртимизда ана шундай азалий қадриятлар тикланмоқда, буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиш асосий вазифа қилиб белгиланмоқда. Жумладан, 2018 йил 15 июнь куни Президентимиз Ш.Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тамал тошини қўйиш маросимида диний уламолар ва барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити билан табриклаб, марказ қурилишининг шундай улуғ айём кунида бошланаётгани замирида эзгу ният, чуқур мазмун борлигини таъкидлади. Тадбирда Президентимиз “Шундай буюк мероснинг давомчилари бўла туриб, илмда ортда қолдик. Бугунги ташаббусларимиз, бошлаган ишларимизни барча мусулмон мамлакатлари тан оляпти. Энди шунга муносиб бўлишимиз, илм-маърифатда ўрнак бўлишимиз керак”, деб айтди. Шунга мувофиқ жорий йилнинг 21 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида муфтий ҳазратлари бошчиликларида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 12 мўътабар асарни ўқиб тугатган 140 нафар талаба ўғил ва қизлар ва уларнинг муҳтарам устозлари иштирокида “Хатмул-кутуб” йиғилиши бўлиб ўтди. Анъанага кўра Қуръон тиловати ва муфтий ҳазратларининг дуои-хайрлари билан бошланган тадбирда институт ректори У.Ғафуров 2017-2018 ўқув йили мобайнида талабалар устозлар кўмагида асосий дарс ва қўшимча машғулотларда ўқиб тамомлаган китоблари ҳақида тўхталди. Тадбирда У.Ғафуров ҳадис фани катта ўқитувчиси Ф.Маманосиров томонидан институтнинг 30 нафар талабаларига ўқув йили бошидан Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асари матни ва унинг шарҳи факультатив дарс сифатида ўқитила бошлангани, устозларнинг ҳиммати ва талабаларнинг ғайрати билан Имом Термизийнинг “Сунани Термизий” асари тўлиқ ўқиб тугатилгани, ҳамда жорий йилнинг 17 июнь куни Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида жойлашган Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий зиёратгоҳида хатми Қуръон қилиниб, мазкур китобни хатмонаси бўлиб ўтганини ҳам эслаб ўтди. Яқин кунларда ана шундай тадбирларни Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Насафийлар зиёратгоҳларида ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда. Мамнуният билан қайд этиш мумкинки, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчилари Ж.Неъматов, З.Маҳмудов, А.Рашидов, Ж.Рўзиев, И.Убайдуллаев раҳбарлигида Тошкент ислом институтига ўқишга киргандан кейин 73 нафар талаба Қуръони каримни тўлиқ ёд олдилар. Жорий ўқув йили давомида бир қанча қори ва қория талабалар Қуръони каримни бир ўтиришда ёддан ўқиб бергандилар, институт қорилари республика Қуръон мусобақасида фахрли ўринларни эгалладилар ҳамда Кувайт, Эрон, Малайзияда ўтказилган халқаро Қуръон мусобақаларида муваффақиятли иштирок этдилар. 2018 йил Рамазон ойида институтнинг 78 нафар қорилари Тошкент шаҳри ва вилояти масжидларида таровеҳ намозларида “Хатмул Қуръон” қилиб бердилар. Тадбир давомида “Диний фанлар” кафедраси мудири С.Примов “Хатмул кутиб” тадбирининг буюк аждодларимиз давридаги кўриниши, тадбирнинг аҳамияти ва бугунги кунда бу анъанани давом эттиришнинг муҳимлиги ҳақида гапирди. “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчилари С.Примов, Я.Раззоқов, Ф.Маманосиров,А.Пардаев, Қ.Сиддиқметов, Ф.Жўраев ва “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси И. Убайдуллаев томонидан қуйидаги китоблар талабаларга машғулотларда ва дарсдан ташқари тўгарак соатларида ўқитилди: Ж.Маҳаллий ва Ж.Суютийнинг “Тафсири Жалолайн”, Абу Исо Муҳаммад ибн...