islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyul 24, 2018

Day

Тошкент Ислом институтида кириш имтиҳонлари бошланди

Бугун 24 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентлар учун ижодий имтиҳонлар бошланди. Имтиҳон Қуръон тиловати ва дуо билан бошланди. Сўнгра институт ректори Уйғун Ғафуров абитуриентларга имтиҳон жараёни ва тартибини тушунтириб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов Муфтий ҳазратларининг табрикларини абитуриентларга етказдилар ва Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалолиддин Нуриддинов омад тилаб, дуо қилдилар. Ижодий имтиҳон материаллари солинган конверт имтиҳон бошланиши олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси кузатувчиси, Тошкент Ислом институти қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ҳамда ота-оналар иштирокида очилиб, бу ҳақда далолатнома тузилди. Кузатувчилар, ота-оналар имтиҳон учун ажратилган хоналар ва имтиҳон топширувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Фарзандларига руҳий далда бўлиб, улар билан ҳамроҳ бўлиб келган ота-оналар ва меҳмонлар учун институт ҳудудида салқин ичимликлар ва шинам кутиш жойлари ташкил қилинди. Имтиҳонларни талаб даражасида ўтказиш мақсадида ички ишлар ва тиббиёт ходимлари ҳам жалб қилинди. Абитуриентлар ижодий имтиҳонда Араб тили фанидан синовдан ўтишмоқда. Тошкент Ислом институтига абитуриентларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ақоид, Фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари эртага 25 июль куни бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, 2018-2019 ўқув йили учун жами 202 абитуриентлардан аризалар қабул қилинган бўлиб, бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 50 та ўрин ажратилган бўлиб, шундан 8 нафари аёл-қизлардан иборат. 460