islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Noyabr 8, 2018

Day

Олий маъҳадда отинойилар учун малака ошириш курси ташкил этилди

Бугунги кунда диний соҳа вакилларининг аҳоли ўртасида фаоллигини, фуқароларнинг диний-маърифий соҳадаги билимларини ошириш борасида ўрни беқиёсдир. Давлатимиз раҳбари турли учрашувларда диний соҳа вакиллари бўлган имом хатиблар ва отинойиларнинг жамиятда фаол бўлишга чақирдилар. Диний соҳа вакилларининг замон билан ҳамнафас бўлишлари, доимий равишда илмларини бойитиб боришлари, инсон психологиясини яхши тушуниши улар учун ташкил этилаётган малака ошириш дарсларига боғлиқдир. Бугун, 8 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институтида диний соҳа вакиллари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг билимларини ошириб бориш мақсадида, Тошкент вилоятида фаолият юритаётган отинойилар учун қисқа муддатли малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди, дея хабар бермоқда ЎМИ Матбуот хизмати. Ўқув машғулотларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институтидан жалб қилинган уламолар ва профессор-ўқитувчилар олиб бормоқдалар. Отинойилар “Қуръон тафсири”, “Оилавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиниши”, “Исломда аёллар ҳуқуқи”, “Аёлларга хос фиқҳий масалалар”, “Исломда никоҳ ва талоқ масалалари”, “Хатоба илми” ва “Отинойилар масъулияти ва вазифалари” ва бошқа мавзулардаги маърузаларни тингладилар. Машғулотлар маъруза, тренинг, муҳокама ва савол-жавоб тарзида ўтказилиб, отинойилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил маълумот олдилар. 305

Ҳадис илми мактабига қабул Тошкент ислом институтида бўлиб ўтмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш, ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис илми мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳамда соҳага оид олий маълумотли етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинган эди. Қарорга кўра, Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги олий диний таълим берувчи нодавлат таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда мактаб битирувчиларига бериладиган давлат намунасидаги диплом Ўзбекистон Республикасида олий диний таълим соҳасидаги бакалавр даражасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади. Мактабда “Ҳадисшунослик” таълим йўналиши бўйича бакалавр даражасидаги кадрлар тайёрланиши белгиланган эди. Аввал хабар берганимиздек, 8 ноябрь куни Ҳадис илми мактабига қабул жараёнлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида бошланди. Маълумот учун, Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг иқтидорли битирувчилари саралаб олинади, дея хабар бермоқда ЎМИ матбуот хизмати. Қабул жараёндан фотолавҳаларни қуйида кузатишингиз мумкин. 161