islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 8, 2020

Day

Самарқандда туғилиб, етукликка эришган алломани бугун бутун дунё ўрганмоқда

Маълумки, жорий йил 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция ўтказилади. Калом илми султони таваллудининг 1150 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган ушбу нуфузли анжуманга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги қадимий Чокардиза қабристонида барпо этилган Имом Абу Мансур Мотуридий мақбарасида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Дунёнинг турли мамлакатларидан йирик мотуридийшунос уламолар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этиши кутилаётган анжуман мақбара зиёрати билан бошланиши кўзда тутилган. -Мотуридий Самарқандда туғилиб, шу ерда ўқиб, ўрганиб, ўз юртидан четга чиқмай шундай етукликка эришган, — дейди Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси раҳбари ёрдамчиси Саидазимхон Ҳабибов. – Буюк муҳаддис Имом Бухорий вафот этиши билан Самарқандда яна бир ислом дини уламосининг дунёга келиши ҳам бежиз бўлмаса керак. Шу боис, бугун дунёда 70-75 фоиз мусулмонлар Имом Абу Мансур Мотуридий таълимотига амал қилади. Ўша даврда динимизда турли оқимлар, ақидалар авж олади. Мотуридий ислом динининг асл моҳиятини, тўғри амалларини яратган. Шунинг учун ҳам ислом оламида бу буюк зотни ўрганишга қизиқиш жуда юқори. Бизнинг мақбарада ҳам ушбу жиҳатлар инобатга олинган ҳолда, нуфузли анжуманга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Айни пайтда “Вақф” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан мақбара таъмирланмоқда. Тез кунларда белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ мақбара ҳудудини ободонлаштириш, шаҳар марказидан мақбарага олиб келувчи йўлларни таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилади. Маълумотларга кўра, мақбара жойлашган Чокардиза қабристони ҳудуди 20 гектарга яқин бўлган. Тахминан бу ерда 1 миллион 444 минг олиму уламо қабри бўлган. Уларнинг 400 таси Муҳаммад исмли мужтаҳидлардир. Манба: uza.uz 190