“Имом Бухорий” ордени соҳиби, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ташриф буюрди. Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Ректор домла меҳмон ҳақида сўз юритиб: –“Бугунги меҳмонимиз файзли ва баракали сулола вакили, дастлаб шу даргоҳда таълим олган, кейинчалик шарқшунослик соҳасида таҳсилни давом эттирган, “Имом Бухорий” ордени соҳиби, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусовдир. Биз таълим берувчи, улар эса иш берувчи – буюртмачи. Яъни қандай мутахассис кераклигини айтади, биз эса шу асосда талабаларни тайёрлаймиз”, — деди. Шунингдек, ректор домла бу олий орден жаҳонда фақатгина бир нечта президентларга берилганини, дин соҳасидан эса 6 нафар инсонгина бу мукофотга сазовор бўлганини таъкидлаб, бу эътироф талабалар учун катта мотивация эканини қайд этди. Абдуқаҳҳор домла Юнусов ўз нутқида институт тарихи, ўтган авлод уламоларининг заҳматлари ҳақида тўхталиб, талабаларга бир қатор насиҳатлар берди: • фаолиятда холислик ва барқарорликни сақлаш; • одамлар фикрига ортиқча реакция билдирмаслик; • ростгўйликда ҳам ҳикмат билан иш тутиш; • масжид ва маъҳад обрўсини ҳимоя қилиш; • илмни мансаб учун эмас, холис ният билан ўрганиш. Шунингдек, Абдуқаҳҳор домла талабаларни нотиқ, имом ва мударрис бўлишга даъват этди. “Талабалар халқ учун, юрт учун энг олижаноб инсонлардир. Биз сизларни ишга йўналтирилганингиздан сўнг қўллаб-қувватлаймиз, ҳатто орқангизда туриб ибодат қилиб, йўл-йўриқ кўрсатамиз”, – деди домла. Тадбир давомида масжидларда маърузаларни халқ билан баробар даражада қилиш зарурлиги, фатво масалаларида масъул марказга мурожаат этиш кераклиги ва уммат бирлиги йўлида ҳамжиҳатлик муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, институт раҳбарияти талабалар амалиётининг янги тизими ҳақида маълумот берди. Унга кўра, бу йилдан бошлаб: • 2-курс талабалари таътил пайтида ЎМИ ва шаҳар вакилликларига, • 3-курс талабалари ўз ҳудудларидаги ЎМИ вакилликларига, • 4-курс талабалари эса мадрасаларга амалиётга юборилади. Тадбир сўнгида институт раҳбарияти томонидан меҳмонга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. 63