islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Жалолиддин Румийнинг ҳаёти ва фаолияти

Жалолиддин Румий 1207 йилнинг 30 сентябрида ҳозирги Афғонистоннинг Балх шаҳрида, Султонул уламо, яъни Уламолар Султони унвонини олган улуғ шайх Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида дунёга келган. У чориёрлардан Абу Бакр Сиддиқ зурриёдларидандир. Баҳоуддин Валад Нишопурда бир оз тўхтаб, авлиёлар султони Фаридуддин Аттор билан учрашади. 12 яшарлик Жалолиддин устози Атторни кўради ва унинг суҳбатига муяссар бўлади. Аттор Жалолиддинга ўзининг “Асрорнома” китобини туҳфа қилади [1].

Жалолиддин Румий Муҳаммад ибн Баҳоуддин Муҳаммад ал-Балхий шоир, мутафаккир, мавлавийлар (Мавлавия) тариқатининг норасмий шайхи. Отаси Баҳоуддин Валад сўфийлар ва фиқҳ донишманди бўлган. Шу боис ҳам султон Муҳаммад Хоразмшоҳ (1199-1220) уни саройга таклиф этган. Лекин Баҳоудддин Валад унинг таклифини рад этиб, мактабдорлик ва илмий-ижодий иш билан машғул бўлган. Жалолиддиннинг онаси эса хоразмлик саййидаларидан, яъни шажарада, у Муҳаммад Пайғамбарга боғланар, яна кимсан – хоразмшоҳнинг қизи эди. Хоразмшоҳ билан келишолмаган Валад, оиласи, муридларини олиб, Балхдан чиқиб кетади ва Макка сафаридан сўнг Ироқу Ажам шаҳарларини кезиб, Туркиянинг Куня (Коня) шаҳрида қўним топади. Салжуқ султонлари тарафидан иззат-икром билан қабул қилинган Баҳоуддин Валад шу ерда муқим туриб қолади. Румий отасининг вафотидан сўнг, унинг ўрнига Куня мадрасасининг бош мударриси бўлади.
Қизиқ бир далил. Румий тахаллуси Рум давлати номидан олинган деймиз, аммо у ерда бир нарсани айтишди: Рум сўзининг абжад ҳисоби 256 га тенг ва бу “Нур” сўзи маъносига мос келар экан. Араб, эрон ва ўзбек тилларида бу “ёруғлик” сўзи маъносини беради. Румийнинг ҳаётида бурилиш ясаган устозининг исми Шамсиддин эканини, у ўзидаги ёруғликни Жалолиддинга “кўчириб ўтказганини” инобатга олсак, бу далилда жон бордек.

1212 ёки 1213 йилда оила аъзолари ва яқинлари билан биргаликда Балхдан кетганлар. “Олимлар султони”нинг илк ўрнашган жойи Нишопур бўлди. Бу шаҳарда машҳур мутасаввиф Фаридиддин Аттор билан учрашди. Мавлоно кичик бўлишига қарамай у эрда Фаридиддин Атторнинг назарига тушди. “Олимлар султони” Нишопурдан Боғдодга ва кейинчалик Куфа йўли орқали Каъбага йўл олди. Ҳаж амалини бажаргандан сўнг, қайтишда Шомга кириб ўтди. Шомдан Малазя, Эрзинжон, Сивас, Қайсари, Ниғде йўллари орқали Ларенде (Караман)га келди[2].

Караманда амир Мусо қурдирган мадрасада қўним топди. 1222 йилда Караманга келган “Олимлар султони” ва унинг оиласи бу ерда етти йил яшади. Мавлоно 1225 йилда Шарафиддин Лолонинг қизи Гавҳар хонимга уйланди. Мавлононинг бу никоҳидан султон Валад ва Аловуддин Чалабий исмли икки ўғли бор. Бир неча йиллардан сўнг Гавҳар хонимни йўқотган Мавлоно бир боласи билан бева қолган Карра хонимга уйланди. Мавлононинг иккинчи никоҳидан Музаффариддин, Амир Алим Чалабий номли икки ўғил ва Малика хоним исмли бир қиз дунёга келди.

Ўша пайтларда Онадўлининг катта бир қисми Салжуқийлар давлатининг ҳукмронлиги остида эди. Кўнё бу давлатнинг пойтахти эди. Кўнё санъат асарлари билан машҳур, олимлар ва санъаткорлари кўп шаҳар эди. Қисқаси, Салжуқийлар давлати энг порлоқ даврини бошдан кечираётган бўлиб, давлат ҳукмдори “Олимлар султони” Баҳовуддин Валадни Карамандан Кўнёга таклиф этди ва шу эрда жойлашишини хоҳлади.

Баҳовуддин Валад Султоннинг таклифини қабул этди ва 1228 йил 3 майда Кўнёга оиласи ва дўстлари билан келди. Султон Аловуддин уларни тантана билан қаршилаб Олтинапа мадрасасидан яшашлари учун жой ажратди. “Олимлар султони” 1231 йил Пянварда Кўнёда вафот этди. Муборак жасади Салжуқийлар саройининг Гул боғчасига қўйилди. “Олимлар султони” вафот этгач, шогирдлари ва муридлари Мавлононинг атрофида тўпландилар. Мавлонони отасининг меросхўри қилиб қўйдилар. Дарҳақиқат, Мавлоно буюк бир шоир ва дин олими бўлгач, Ипликчи мадрасасида ваъзлар ўқирди. Ваъзлари уни тинглашга келганлар билан тўлиб тошарди.

 Жалолиддин Румийнинг тасаввуф оламига кириб келиши Шайх Фаридиддин Атторнинг башорати билан бўлганини унинг илк тафсирчиларидан Ҳусомиддин Чалабийдан тортиб, Давлатшоҳ Самарқандийгача бир овоздан тасдиқлайдилар: Каъба зиёратига йўл олган Баҳоуддин Валад ва унинг ўғли Нишопурга етганидан хабар топиб, Шайх Аттор зиёратчиларнинг қаршисига чиқади. Ўспириннинг суҳбатидан мамнун бўлиб, унга ўзининг “Асрорнома” китобини тақдим этади ва отасига қарата: “Ўғлингиз тез орада оламдаги барча куйганлар қалбига оташ солади”, – деб башорат қилади. Румий тариқат йўлини тутиб, шоир Саид Бурҳониддинга шогирд тушади, сўнг қаландар сўфий Шамсиддин Муҳаммад Табризий билан дўстлашиб, уни ўз пири деб эълон қилади. Табризий уч йил Румийга дарс беради: фалсафа, хусусан, сўфийлик таълимотини ўргатади. Румийнинг ўзи ҳам бир байтида: “Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди,- деган. Табризий таъсирида Румий ақлий изланишларидан воз кечади. Бу Румий муридлари, уламолар норозилигига сабаб бўлади ва улар фатвоси билан Табризий ўлдирилади. У бу фожиадан қаттиқ таъсирланиб, пирининг исми шарифини тахаллус қилиб, ғазаллар ёза бошлайди. Унинг “Шамси Табризий девон” номи билан шуҳрат қозонишининг боиси, у “Шамси Табризий”, “Шамси” тахаллусларини қўллашидадир[3].
Мавлоно 1244 йил 12 ноябрда Шамси Табризий билан учрашади. Бу учрашув тарихда “Икки денгизнинг учрашуви” дея аталди. Бироқ, биргаликлари узоққа чўзилмади. Шамс фоний дунёдан узилди. Мавлоно Шамснинг ўлимидан сўнг узоқ йиллар якка ўзи яшади. Кейинги йилларда Салоҳиддин Заркубий ва Ҳусомиддин Чалабий, Шамси Табризийнинг ўрнини тўлдира бошладилар.

 Ҳаётини «Хом эдим, пишдим, ёндим» сўзлари ила хулосалаган Мавлоно 1273 йил 17 декабрда якшанба куни Ҳақнинг раҳматига етишади. Мавлононинг жанозасини унинг васиятига кўра Садриддин Кўнявий ўқиди. Лекин Садриддин Кўнявий энг яхши кўрган инсони Мавлонони йўқотганидан ўзини тутиб туролмай, жанозада ҳушидан кетади. Шу сабабли Мавлононинг жанозасини қози Сирожиддин ўқийди.

Мавлоно ўлим кунини янгидан туғилган кун сифатида қабул қиларди. У ўлган заҳоти севганига, яъни, Аллоҳга етишишини биларди. Шунинг учун Мавлоно ўлим кунини тўй куни ёки келин кечаси маъносида келган сўз “Шаби аруо” дерди ва дўстларига ўлими орқасидан “Э, воҳ” дея йиғламасликларини васият қилганди.

“Ўлганимиздан сўнг мозоримизни ердан ахтарманг! Бизнинг мазоримиз орифлар кўнгилларидадир!”[4]

ТИИ Модуль таълим шакли

3-курс талабаси Ўразалиев Сардор

[1] Жалолиддин Румий. Ичиндаги ичиндадир. “Ёзувчи” нашриёти. Тошкент

[2] Меҳмет Ўндер. Мавлоно. “Шарқ” нашриёти. Тошкент 2020 й

[3] 42 минг байтли “Девони кабир”нинг иккинчи номи. “Девони Шамс Табризий”.

[4] Жалолиддин Румий. Ичиндаги ичиндадир. “Ёзувчи” нашриёти. Тошкент

306921cookie-checkЖалолиддин Румийнинг ҳаёти ва фаолияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: