وَإِنْ كُنْتُمْ فِي رَيْبٍ مِمَّا نَزَّلْنَا عَلَى عَبْدِنَا فَأْتُوا بِسُورَةٍ مِنْ مِثْلِهِ وَادْعُوا شُهَدَاءَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ فَإِنْ لَمْ تَفْعَلُوا وَلَنْ تَفْعَلُوا فَاتَّقُوا النَّارَ الَّتِي وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ أُعِدَّتْ لِلْكَافِرِينَ (سورة البقرة 23- 24)
“Ва агар бандамизга (Муҳаммадга) туширган нарсамиздан (Қуръондан) шубҳада бўлсангиз, бас, сиз ҳам унга ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз. Борди-ю, (бу ишни) қилмасангиз – зинҳор қила олмайсиз ҳам – у ҳолда ёнилғиси одамлар ва тош (бут ва санам)лардан иборат, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг” (Бақара сураси, 23-24 оятлар).
Қуръони карим – тўғри йўлни кўрсатувчи, инсонга қиёматгача дастурул амал бўладиган Аллоҳ таолонинг ҳақ каломидир. Олдинги пайғамбарлар замонларида бўлганидек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан замонамизгача ва то қиёматгача Аллоҳ таолонинг мукаммал дини – Исломга, пайғамбари ва ҳақ китобига шубҳада бўлувчи ва ёлғон деб даъво қилувчи кимсалар ҳам чиқаверади. Аллоҳ таоло бу ояти карималарда пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга туширган каломига, унинг Аллоҳ томонидан эканлигига шак-шубҳада бўлсалар, Қуръон каримга ўхшаш, ҳеч бўлмаса биргина сура келтиришларига уларни чақиряпти. Қилаётган ёлғон даъволарида тўғрисўз бўлсалар уларни бу даъволарини тасдиқловчи гувоҳларини чақиришларига ундаяпти. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримни Пайғамбарига ҳақ ила туширганига гувоҳлик бериб бўлган.
Имом Ибн Жарир Тобарий ушбу оятларни шундай тафсир қиладилар: “Оятнинг умумий маъноси: “Агар сиз – кофир ва мушриклар Муҳаммад Менинг ҳузуримдан келтирган Қуръонни Мендан эканига шубҳада бўлсангиз унга ўхшаш биргина сура келтиринг ва бир-бирингизга бу ишингизда ёрдам беринг. Токи ожиз қоласиз ва Қуръон фақат Менинг ҳузуримдан экани ва уни сизлар ўйлаганингиздек Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзи ва ундан бошқа бирор кимса ҳам ўзидан тўқиб чиқиши мумкин эмас эканини тушуниб етасиз. Агар сизлар ва шерикларингиз бир-бирингизга ёрдам бериб ҳам биргина сура келтира олмасангиз – келтира олмайсизлар ҳам – ёнилғиси одамлар ва тош бўлган дўзахдан қўрқинг”. Қуръони каримни тўқима деб даъво қилганлар (яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидаги араблардан иборат кимсалар) Қуръон уларнинг ўз она тилларида ва уларнинг сўзлашув услубларида нозил бўлган бўлсада, унга ўхшашини келтиришликка ожиз қолдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Исро сурасининг 88-оятида шундай марҳамат қилади: “Айтинг: “Қасамки, агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бир – бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг мислини келтира олмайдилар”.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бас, сиз ҳам унга (Қуръонга) ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг”,- яъни “Унда ботил ва ёлғон бўлмаган, ҳақ ва тўғриликда Қуръонга ўхшашини келтиринг”,-маъносидадир”.
Оятлардаги “зинҳор қила олмайсиз ҳам (яъни, Қуръонга ўхшаган биргина сура келтиришни)…” жумласи ҳам бир мўъжизадир. Чунки ўша замонлардан токи бугунги кунгача қанчадан-қанча кимсалар Қуръони каримга ўхшашини ўзларича келтиришга уринишди. Лекин бунинг уддасидан чиқа олмадилар ва қиёматгача уддалай олмайдилар ҳам. Чунки Аллоҳ таоло юқорида келтирган ояти каримада: “зинҳор қила олмайсиз ҳам…”,- дея хабар қилган. Қуръони каримга ўхшашини қила олмасликлари у ёқда турсин токи қиёматгача Қуръонга бирор бир ҳарф қўшишлари ёки камайтиришлари ёки уни ўзгартиришларидан сақлаб, ҳимоя қилиб туришини ваъда қилиб шундай дейди:
إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ
“Албатта, биз бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни ўзимиз асрагувчидирмиз”.
Энди ўрганиб чиқаётган юқоридаги икки оятдаги “у ҳолда ёнилғиси одамлар ва тош (бут ва санам)лардан иборат, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг” жумласига эътибор қаратсак. Ватандошимиз Маҳмуд Замахшарий ушбу жумлаларни қуйидагича тафсир қилганлар:
“Агар: “Нимага дўзах ёнилғиси сифатида айнан одамлар ва тошлар ишлатилди?”,- десангиз, шундай қуйидагича жавоб бераман: “Чунки улар дунёда айнан тошлардан бут – санам ясаб, уларни Аллоҳ таолога шерик қилганлар ва у тошларга ибодат қилганлар. Аллоҳ таоло ҳам шу маънода айтадики: “(Эй, мушриклар!) Сизлар ва Аллоҳни қўйиб сиғинаётган (бут)ларингиз ҳам жаҳаннам ўтинидир”. Бу оятнинг ўзи биз кўриб чиқаётган оятларни тафсир қилиб беради. Яъни, мушриклар тошларни уларни мусибатлардан қутқарувчи, ёрдам берувчи маъбуд деб эътиқод қилишгани сабабли Аллоҳ таоло янада аламлироқ ва азоблари кучлироқ бўлиши учун уларга жаҳаннамда бериладиган азобни айнан ўша тошлар билан бирга қилди”.
Бобокалонимиз Абу Лайс Самарқандий эса ушбу жумлани қуйидагича тафсир қилади: “Дўзахдаги ҳар бир инсоннинг бўйнига тош боғланади. Дўзах қиздирилганда тош уни қуйи тортиб кетади. Бошқа бир ривоятга кўра эса у тошлар – олтингугурт тоши бўлади. Чунки олтингугуртда бошқа тошларда бўлмаган бешта хусусият бор:
1) Тез қизийди;
2) Секин совийди;
3) Жуда сассиқ;
4) Иссиқ;
5) Баданга ёпишиши осонроқдир”.
Саҳобаларнинг катталаридан бўлмиш Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу оятдаги “ёнилғиси одамлар ва тош (бут ва санам)лардан иборат (дўзах)”,- жумласи ҳақида шундай дейдилар: “(Жаҳаннамнинг ёнилғи бўлган) тош – олтингугурт тошидир. Аллоҳ таоло уни Ўзи хоҳлаганидек яратган”. Яъни, у тошнинг аниқ кўриниши Аллоҳнинг Ўзигагина аёндир.
Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилган вақтларида арабларда маърифат умуман бўлмаган, балки улар саводсиз халқ бўлишган. Сеҳр, тиббиёт ва фалсафа ҳақида хабардор бўлишмаган. Уларда фақатгина шеърият ва нотиқлик ўта олий даражада ривожланган. Шеърият ва қасидахонлик, нотиқликка шу даражада қаттиқ киришиб кетишганки, уларнинг ўша даврда тан олинган шоир ва нотиқлари – Қос ибн Саида, Имриъул Қойс, Набиғо Зибёний ва Зубайр ибн аби Салама кабиларнинг шеър ва байтларини олтин сувида зарҳал ҳарфлар билан битиб, уни Каъба ичига илиб қўйишар эди ва бу тарихда “муаллақ еттилик ёки муаллақ ўнлик” номи билан қолган. Улар ўзларининг бу хислатлари билан фахрланишар эди. Айнан шу сабабли Аллоҳ таоло ўта ҳакимлик (яъни, узоқни кўра билишлик) ила уларни беллашувга чақирди. Зеро, улар бундан ожиздурлар.
Қурони каримни ҳақ китоб эканига шубҳа қилган, “Қуръонни Муҳаммадни ўзи тўқиган”,- деб даъво қиладиган мушрикларни Аллоҳ таоло тадрижий ҳолатда уч босқичда беллашувга чақирди. Биринчи босқичда улар ўзларининг даъволарида ҳақ бўлсалар Қуръонни бутунлигича ўхшашини келтиришларига чорлади. Бу чақирув Исро сурасида ўз ифодасини топди: “Айтинг: “Қасамки, агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бир – бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг мислини келтира олмайдилар”. Улар фасоҳат ва балоғат, шеърият ва нотиқлик арбоблари бўлишларига қарамасдан Қуръонни бутунлигича ўхшашини келтира олмадилар. Агар қўлларидан келганида эди аллақачон бу ишни қилган бўлар эдилар. Бу нафақат ўша даврдаги арабларга, балки қиёматгача ким Қуръони каримга шубҳа қиладиган ҳар қандай кимсалар учун хитобдир. Чунки оятда “инсу жин…”,- дея умумий лафз ишлатилди. Ваҳолангки, бу ожизлик – илоҳий қудрат қаршисидаги башарий ожизликдир. Иккинчи босқичда Аллоҳ таоло мушриклар қилаётган туҳматларида ҳақ бўлсалар, уларни Қуръони каримнинг ўнта оятини ўхшашини келтиришга қуйидагича чақирди: “Ёки: “Уни (ваҳийни Муҳаммад) тўқиб чиқаряпти”,- дейдиларми? Айтинг: “Агар гапларингиз рост бўлса, шунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтириб, Аллоҳдан ўзга кишини (ёрдамга ёки гувоҳликка) чақирингиз”. Бу чақирув ҳам биринчиси каби Кофирларнинг: “Ушбу китоб тўқима, у олдин ўтганганларниг гаплари бўлиб, Муҳаммад уни улардан ёзиб олган”,- деб айтган ёлғон даэволарини синдирди. Учинчи бочқичда мушрикларнинг ёлғон даъволари ва туҳматлари батамом синдирилди. Ғурурлари, ўзларига бўлган кибрлари шармандаю – шармисол бўлди ва ожизликларини ошкор қилинди. Бу Қуръони карим сураларининг энг қисқаси бўлган Кавсар сурасичалик биргина сура келтиришларига чорлашдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ёки: “Уни (Муҳаммад) тўқиган”,-дейдиларми?! Айтинг: “У ҳолда, агар ростгўй бўлсангиз, унга тенг биргина сура келтириб, Аллоҳдан бошқа кимга имконингиз бўлса, ўшаларни (ёрдамга) чорлангиз!”. Бундан ташқари, мавзу сифатида ўрганаётганимиз – Бақара сураси 23 ,24 оятлари ҳам мана шу босқич доирасидаги чорловдир.
Демак, оламлар Роббисининг Ўзи Қуръони каримни ҳар қандай ўзгартириш, ҳар қандай бўлмағур ёлғон даъволару – туҳматлардан қиёматгача сақлайди ва ҳимоя қилади. Зеро, Қуръон карим – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган энг буюк ва олий мўъжизадир.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Имом Табарий. “Жамиъул баён фий таъвилил Қуръон – Тафсири Табарий”.
2. Маҳмуд аз Замахшарий. “ал Кашшоф” тафсири.
3. Абу Лайс Наср ибн Иброҳим ас Самарқандий. “Тафсири Самарқандий” (Баҳрул улум).
4. Доктор Муҳаммад Ҳасан. Ал муъжизатул Қуръания. Муассасатур рисала нашриёти. – Байрут.: 1994.
Тошкент ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчиси Рўзиев Жаҳонгир