Имом Абу Ҳанифа* раҳмутуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, у киши айтади: «Устозим Ҳаммодни ҳурмат қилиб, мен оёғимни устозим ҳовлиси томон узатмадим. Ҳолбуки, менинг ҳовлим ва устозим ҳовлиси орасида етти кўча бор эди. Устозим Ҳаммод вафот этганидан бери, ҳар намозим ортидан ота-онамга қўшиб у учун ҳам Аллоҳдан мағфират сўрадим. Зеро, менга таълим берган ҳар бир киши учун Аллоҳдан мағфират сўрайман». (Имом Муваффақ Хоразмий, Маноқиби имом Абу Ҳанифа: 2-жуз/7-бет)
===================
Имом Абу Юсуф* раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, у киши айтади: «Дуо қилганимда мен олдин устозим Абу Ҳанифа, сўнг ота-онам ҳаққига дуои хайр қиламан. Дарҳақиқат, устозим Абу Ҳанифадан: «Ота – онамга қўшиб устозим Ҳаммод ҳаққига дуои хайр қиламан», деганини эшитганман». (Имом Муваффақ Хоразмий. Маноқиби имом Абу Ҳанифа: 2-жуз/7-бет)
==================
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал* раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, у киши айтади: «Мана ўттиз йилдирки, тунда уйқуга кетишдан олдин устозим Имом Шофеъий* ҳаққига дуои хайр қиламан ҳамда у учун Аллоҳдан мағфират сўрайман». Шунда Имом Аҳмаднинг ўғли ундан: «Отажон, Шофеъий деганлари қандай зот эдики, унинг ҳаққига кўп дуои хайр қилаётганингизни эшитаман?», деб сўради. Имом Аҳмад: «Имом Шофеий гўё дунёга нур сочаётган қуёшдек эди», деб жавоб берди. (Хатиб Бағдодий, Тарихи Бағдод: 2-жуз/62-бет)
«Ҳадис ва ислом тарихи» фанлари кафедраси ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов
* Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳим – буюк мужтаҳид, фақиҳ ва муҳаддис олимлардан бўлишган. Аҳли сунна ва жамоа эътиқодига кўра, улар эътироф этилган тўртта фиқҳий мазҳабнинг учтаси: ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари соҳибларидир.
* Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ – Имом Абу Ҳанифанинг икки буюк шогирларидан бири. Аббосий халифа Ҳорун Рашид даврида илк бор Ислом оламида «Қозилар қозиси» унвонини олган.






