Ватан ҳақида сўз кетар экан, бу борада кўп ва хўп гапириш мумкин. Ватан тушунчаси баъзилар ўйлагандек, шунчаки оддий тушунча эмас.
Яқин бил, кимни кўпроқ айласанг ёд,
Бўлур дўстунг сани, эй одамизод.
Билур ҳар одам ўғли бўлса уйғоғ,
Ватаннинг аслидур бизларға туфроғ.
Ватандошимиз машҳур мутасаввиф олим Сўфи Аллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ юқоридаги байтда бизга қуйидагиларни насиҳат қилмоқдалар.
У зот сўзида ўзини ҳазрати инсонга мансуб эканлигини даъво қилувчи ҳар бир ғафлат уйқусидан уйғоқ, сергак одам Ватан деганда яшаб турган тупроқини тушунмоғи кераклиги уқтирмоқдалар. Бошқача қилиб айтганда инсоннинг асли тупроқдан яралган. Ким шу тупроқни қадрлар, Ватаним, деб ҳурматини жойига қўяр экан, билсинки, у инсон аввало бу билан ўзини, аслини ҳурмат қилаётир.
Ўзини, аслини ҳурмат қилмайдиганлар эса ўзгаларни ҳеч қачон ҳурмат қилмайди!
Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган асримизда бузғунчи ғояларни тарқатиб тинч юртларни вайрон қилаётганларнинг борлиги ҳам айни ҳақиқат. Нима эмишки, ислом динида Ватан тушунчаси йўқ, унга ҳеч қандан таъриф берилмаган.
Инсон эга бўлган нарсалар ичида энг қимматбаҳоларидан бири туғилиб ўсган Ватанидир. Бирор инсон йўқки, Ватанини улуғламаса. Қандай улуғламасин?! Чунки, Ватан_ унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурган, хотиралари муҳрланган, ота – боболарининг юрти, фарзанд – у набиралари улғайган заминдир!
Ёлғиз инсон эмас, ҳаттоки ҳайвонлар ҳам ўз Ватани – инини бошқа ҳеч бир нарсага алишмас. Унга рози ҳам бўлмайди. Унинг йўлида ҳар қандай қиммат ва нафис нарсаларини қурбон қилади.
Қушлар инида бахтиёр яшайди. Бирор нарсани ҳас – чўпдан бўлган инига алишмайди.
Балиқлар денгиз ва океанлар оша минглаб чақиримларни сузиб ўтадилар. Яна барибир ўз Ватанларига қайтадилар.
Митти чумолини кўринг, ризқ талабида қанча жойларга боради, тепаликларга қийналиб чиқади. Бу ҳам ўз инига – Ватанига қайтади.
Баъзи ҳайвонлар асл Ватанидан бошқа жойга кўчирилса нобут бўлиб қолади. Кўряпсизми, ҳамма ҳазрати инсондан тортиб то майда ҳашоратларгача ўз Ватанини севадилар. Демак, бу мавжудотлардаги Аллоҳнинг одати, қалбига солган туйғу! Уни инсонни фитратига Аллоҳ солиб қўйган. Бўлмаса ҳарорати олтмишга етадиган иссиқ жойларда ёки ҳарорат нолдан паст бўлган шимолий қутбларда ёҳуд ўрмонларда, ҳар кун ҳаёт учун хавфли ерларда яшашга уларни нима мажбур қилади?! Уларни бунга ундаган нарса фақатгина Ватанларига бўлган муҳаббатдир.
Шундай экан, Исломда инсонни фитратида жойлашган, ери устида покиза неъматларини еб ҳаёт кечирадиган, осмони остида тинч осуда Роббисига ибодат қиладиган Ватанининг қандай ҳақлари бор?
Инсоннинг Ватани олдида бир неча ҳақ ва вазифалари бор. Уларнинг энг муҳимлари учта:
Биринчи ҳаққи: мана шу Ватаннга чин муҳаббат қўйишдир.
Иккинчи ҳаққи: уни ерини обод этиш.
“У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди”. (Ҳуд сураси 61 – оят).
Учинчи ҳаққи: унда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. “Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг”. (Аъроф сураси 56 – оят).
Ҳамаср олимлардан шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ Ватан ҳақида оз ва соз, зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўядиган, жуда гўзал таъриф айтган:
«Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади. Ватанни севиш юракка сингиб кетган, инсонни унда бўлганда хотиржам, йироқ кетганда талпинадиган, ҳужум қилинганда асрайдиган, камситилганда ғазабланадиган қилиб қўядиган туйғудир».
Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларини бироз шарҳлайлик.
Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади.
Нега бундай? Чунки бу туйғуни, бу муҳаббатни инсон ўзидан – ўзи пайдо қилган эмас. Уни бандаси қалбига солган, қон – қонига, жон – жонига сингдириб қўйган, яратишда муҳаббати ила қориб яратган зот унинг Холиқидир. Демак бу шунчаки оддий эмас, илоҳий туйғудир. Қалбга муҳаббатни Аллоҳ солганидан кейин гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам уни яхши кўраверади. Имкониятларни чегараланганлиги, ризқининг танглиги ва шароитнинг торлигига эътибор бермайди, ундан шикоят ҳам қилмайди. Ҳақиқатда инсон қийналса-да ўз Ватанида бошқа жойга қараганда хотиржам, ҳур яшайди. “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл”, ҳикмати ҳам бежиз айтилмаган. Камбағал инсон ўз юртида подшоҳлар каби ҳаёт кечиради. Ҳикматларда: “Кишининг ризқи ўз ватанида бўлиши саодатдир”, дейилган.
Имом Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Инсоннинг хору зор бўлиши учун Ватани ва яқинларидан айрилишнинг ўзи кифоя!”, деган.
Ҳақиқатда ўз юртидан узоқда, қийинчиликда яшаётганлар қанча!
Ватанни-ку қўйинг, инсон ўзига тегишли бир қарич ерни ҳам бировга бергиси келмайди. Мўмин-мусумон Ватани сарҳадларига ҳужум қилинганини кўрса, ҳимояга шайланади. Керак бўлса, унинг йўлида жонини қурбон қилади. Ёвга Ватаннинг бир ҳовуч тупроғини ҳам бериб қўймайди.
Ватан ҳақида гапирар эканмиз, аввало, бир олимнинг бўлаётган жараёнларга холисона айтган фикрини келтириб ўтмоқчимиз: “Бугунги кунда бўлаётган тўс – тўполонлар, уриш – жанжаллар, ноҳақ қон тўкилишларнинг асосий сабаби Ватанга бўлган муҳаббатнинг етишмаётганидандир”.
Ватанни севиш ва унга ошиқишни уламолар мустаҳаб, деганлар.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтаётиб Мадина кўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. Агар уловда бўлсалар уни ниқтардилар”.
Ҳумайднинг ривоятида эса: “Уловни уни (Мадинани) севганларидан ниқтардилар”, дейилган. (Бухорий ривояти)
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадисда Мадинанинг фазилати, Ватанни севиш ва унга ошиқишнинг шариатда борлигига далил бор”, – деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун уловларини ниқтадилар? Жавоб ҳадиснинг ўзида айтилмоқда. Бу ишни ўз Ватанлари Мадинани севганларидан қилдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сафар азобнинг бир бўлагидир. Сизларни таоми, шароби ва уйқусидан тўсади. Қай бирингизни сафаридан мақсади ҳосил бўлса аҳлига шошилсин». (Муттафақун алайҳ)
“Фатҳ ал Борий” китобида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руқялари (дам солишлари) бобида қуйидагилар келтирилган:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам руқяларида: “Турбату арзина ва рийқоту баъзина юшфа сақимуна биизни Роббина”ни ўқир эдилар”.
Дуонинг таржимаси: “Еримизнинг тупроғи, баъзимизнинг тупуги Роббимизнинг изни ила касалимизга шифо бер”.
Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳадиснинг маъноси – ўз тупугини кўрсатгич бормоғига текказади. Сўнг уни тупроққа босади. Бармоққа ёпишган нарсани оғриётган жой ёки жароҳатга суркалади. Суркаш асносида мазкур дуони ўқийди”.
Ватан тупроғини ўзига хос хислатлари мавжуд. Бунинг тагига етишдан ақллар ожиз қолади. Бу ҳақда улуғ олим шундай дейди.
Машҳур муфассир Байзовий раҳматуллоҳи алайҳ: “Кўпгина тиббий баҳсларда Ватан тупроғининг мижозни сақлаш ва зарарни даф қилишда таъсири борлигига гувоҳ бўлганман. Мусофир (сафаридан олдин) ўзи билан Ватани сувидан олиши, агар унга ожиз бўлса тупроғидан олиб кетмоғи лозим. Турли сувлардаги зарарлардан сақланиш учун ундан бироз қўшади”.
“Фатҳ ал Борий”да Таъбир китоби, “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийни илк бошланиши боби”да: “Улар мени чиқарадиларми?” ҳадиси шарҳида қуйидагиларни айтган:
Суҳайлий айтади: “Ҳадисдан нафсга Ватандан айрилишни қийинлиги олинади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Варақа улар (мушриклар)нинг азият бериши, ёлғончига чиқариши ҳақидаги гапини жим эшитдилар. Улар (Сизни Ватанингиздан) чиқаришади дейганида Ватан муҳаббати ва ошнолиги сабаб жойларидан қўзғалиб, “Улар мени (Ватанимдан) чиқарадиларми?”, – дедилар”.
Ислом Ватанга муҳаббат қўйиш ва мансубликни ақидани бир жузи этиб, Ватан тупроғини ҳимоя қилишни муқаддас бурч қилиб қўйди. Муборак набавий сийрат бизга исломда Ватаннинг ўрнини гўзал тарзда гавдалантириб, кўрсатиб беради.
Олийҳиммат Расулуллоҳнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунаваррага ҳижрат қилиб чиққан ўша вақтлари йиғладилар, Маккага маҳзун ҳолда қайта – қайта қараганлар ва машҳур сўзларини: “Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши ерисан ва мен учун Алоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар сени аҳлинг мени сендан чиқармаганларида, чиқмасдим”, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан мажбур чиқдилар. Рисолатни етказиш учун Мадинага бордилар. Шунга қарамай қалби доим туғилиб, ўсган Макка томон талпинар эди. У зотнинг қалби Аллоҳ таолонинг: “Сенга Қуръонни фарз қилган зот, албатта, сени қайтар жойга қайтаргувчидир” (Қасос, 85) сўзи нозил бўлгунича таскин топмадилар.
Тарих китобларида ёзилишича Нажмиддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳга Чингизхон томонидан бизга қўшилинг деган таклиф бўлганда рози бўлмаган экан. Ундан ташқари у зотга Хоразм Шоҳ томонидан ҳам Ватандан чиқиб кетиш таклифи айтилганида кўнмаган эканлар.
Ватан муҳаббати борасида ўтган тасаввуф намоёндаларининг ибратли ҳаётлари биз учун катта тажриба мактаби. Ундан парча келтирамиз.
Улардан бири шайх Нажмиддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳ.
Ким бир жойнинг тузини тотган бўлса унинг учун ўша жой Ватани қаторида бўлади.
Ибратли ҳикоя
Анча замонлар илгари бир уйга ўғри тушибди. У кечаси қўлга илинадиган нима бор экан, деб ҳамма ёқни пайпаслай бошлабди. Ногоҳ қўли токчадаги бир идишга тегибди. Унинг ичида нимадир бор эди. Идиш ичига қўл солиб ундан татиб кўрса туз экан. Ўғри ўша жойда бироз ўйланиб туриб қолибди. Ичида бу уйнинг тузини тотдим. Энди уларга хиёнат қилишим тўғри бўлмас, деб уйни ҳеч нарса олмай тарк этибди.
Ҳикоя ҳаётийми йўқми, нима бўлган тақдирда ҳам, тарбиявий аҳамиятга эга.
Хулоса қиладиган бўлсак, ким бир жойни тузини тотган бўлса у ўғри бўладими ёки тўғри ўша жой, ўша ер унинг учун ҳурматга, эҳтиромга лойиқ масканга айланади. Шундай экан, яхшиликка фақат яхшилик билан жавоб қайтармоқ даркор! Зеро, халқимизда ҳам катталарнинг: “Тузини еб, тузлиғига туфлама”, деган насиҳатлари бор.
Ислом тарихидан намуна
Инсонлар азалдан Ватанга хиёнат қилишни энг ёмон жазога лойиқ қабиҳлик деб билишган.
Ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳнинг машҳур ва мўтабар сийрат китобида қуйидагилар келган:
Абраҳа бир ибодатхона қурдирди. У ҳожиларни Байтуллоҳга эмас, ўзи қурдирган ўша ибодатхона буриб юборишни хоҳларди. Шунда араблардан бир киши бориб нажосат чиқариб унинг деворига суркайди. Абраҳа эса Каъбани бузишни қасд қилиб, унинг учун қўшин ва филларни йўлга ҳозирлайди. Тоифга етганларида Масъуд ибн Матъаб чиқиб:
- Эй Подшоҳ! Албатта биз сенинг қулларингмиз. Сенга қулоқ соламиз, сенга итоат қиламиз. Биз сенга йўл кўрсатадиган кишини жўнатамиз. Унинг олдига Абу Риғолни Маккагача йўл кўрсатувчи қилиб юборишди.
Йўлда Абу Риғол вафот этди. Араблар уни қабрини тошбўрон қилишди. Ўша тошбўрон қилинган қабр Муғаммасда жойлашган.
Шундан қилиб қадим араб тарихида Абу Риғолдан бошқа бирор бир инсон хоин сифатида танилмаган.
Равшанбек ЎРИНБОЕВ,
Тошкент ислом институти
Махсус сиртқи бўлим талабаси