islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дантега илҳом берган мусулмон олими

Мусулмонларнинг  астрономия ва географиядаги ютуқлари жуда ҳам катта бўлган. Улар турли хил зижлар (юлдуз маълумотномалари)ни тузганлар, ернинг диаметрини ҳисоблаб чиққанлар. Ислом оламининг ана шундай ёрқин олимларидан бири Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Фарғоний (мил. 798-861)дир. У илм-фанга кўпгина ихтироларни олиб киргани билан шуҳрат қозонган. Ал-Фарғоний Ғарбда Алфраганус номи билан танилган. Унинг кўплаб асарлари лотин тилига таржима қилинган ва астрономия соҳасида асосий асар бўлиб хизмат қилган. Жумладан, “Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби” рисоласида олим Птоломейнинг “Алмагест” асари асосида астрономияга қисқача тавсиф берадиган китоб ёзади. Ал-Фарғоний унда астрономиянинг барча муҳим масалаларини батафсил баён қилган. Бундан ташқари, Шарқнинг буюк олими ўзидан аввалги маълумотларнинг тўғрилигини қайта текширган, илгари мавжуд бўлган кўплаб астрономик маълумотларга тузатиш киритган. Ал-Фарғонийнинг сўзларига кўра, унинг китоби талабалар учун астрономиядан дарслик бўлиб хизмат қилиши керак эди. Шунинг учун муаллиф китобни тушунарли ва содда қилиб ёзишга аҳамият берган.

      Асар Ғарб илм-фанининг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатди. XII асрга келиб ушбу китоб икки марта лотин тилига таржима қилинди. Кейинги асрда эса, китоб таржималари турли Европа тилларида пайдо бўлди. Асар биринчи марта 1493 йилда нашр этилган. 1669 йилда голландиялик арабшунос ва математик Жейкоб Голиус Ал-Фарғоний асарини яна лотин тилига ўгиради.Унинг асарларини ўқиган кўп сонли китобхонлар орасида Ал-Фарғонийдан 600 йил кейин яшаган Кристофор Колумб ҳам бор эди.

     Денгизчи ернинг айланаси 56 2/3 минг мил деб ҳисоблаб чиққан ал-Фарғонийнинг маълумотларидан фойдаланган.  Аллома ўлчамларни  араб милларида олган эди, бироқ Колумб Европа ва Хитой ўртасидаги масофани иложи борича камайтириш учун бу, “Рим миллари бўлиши керак”, деган қарорга келади. Ҳисобнинг нотўғри талқин қилинишидан экспедицияда хатоликлар келиб чиққан. Колумб босиб ўтилиши керак бўлган чорак масофани қисқартиргани учун ҳам белгиланган меридиандаги Сипанго (Япония)  ва Виржиния оролларини топа олмаган. “Денгиз адмирали”нинг кутган ҳисоб-китоблари нотўғри бўлиб чиқишига қарамай, у  ўз лойиҳасини Португалия қиролига молиялаштириш учун  тақдим этади. Хатолик унинг фойдасига ишлаган эди: унинг илтимоси бажо келтирилади. Чунки қирол уни  “Ҳиндистон”ни кашф қилганига ишонган эди-да. (Samuel Eliot Morrison, Admiral of the Ocean Sea)

Христофор Колумбнинг босиб ўтган йўллари

      Ал-Фарғонийнинг асарларидан илҳомланиб қўлига қалам олган ёзувчилар орасида Дантени ҳам учратишимиз мумкин. У ўзининг “Илоҳий комедия” сини битишда фойдаланган манбалар қаторида ал-Фарғонийнинг шоҳ асари ҳам бор. Данте олимни «Алфраганус» номи билан тилга олган. Комедияда тасвирланган маҳшаргоҳ ернинг жанубий ярим шарининг ғарбий қисмидаги тоғда жойлашган. Ал-Фарғоний ҳам юлдузларнинг жойлашишини ўрганаётганда Ғарбда номаълум қитъа бор деган хулосага келиб, ўша қитъанинг осмонига тавсиф беради. “Илоҳий комедия” даги маҳшаргоҳ ҳам ал-Фарғоний айтган бир хил юлдузлар остида жойлашган эди. XV аср охирида Колумб томонидан кашф этилган “Ҳиндистон” га келиб қолган италиялик картограф Америго Виспуччи қитъанинг жанубидаги осмонда – Данте тасвирлаб берган юлдузларни кўрганини айтган. Шу пайтгача номаълум бўлган қитъа Америгонинг номи билан “Америка” деб аталган. Шундай қилиб ғарб сайёҳлари Американинг кашф этилишида ал-Фарғонийдан 7 аср ортда қолган эдилар. (Ильмира Гафиятуллина, Мусульманский ученый, предсказавший открытие Америки)

      Ал-Фарғонийнинг астрономияга оид асарлари 700 йил давомида Европада асосий дарслик вазифасини бажарган. Олим осмон жисмларини доимий равишда кузатиш орқали кўплаб кашфиётларда биринчиликни қўлга киритган. Масалан, у ернинг шарсимонлигини илмий жиҳатдан исботлаб, йилнинг энг узун куни – 22 июнь ва энг қисқа куни – 23 декабрь санаси эканини белгилаб берган.

     Ал-Фарғоний  ҳаётининг сўнгги йилларини Қоҳирада ўтказган. У ерда юлдузлар ўрнини аниқлаб, улар орасидаги масофани ўлчайдиган асбоб – астурлобнинг  устида ишлайди. Олим қурилмага математик тавсиф беради ва уни такомиллаштириш бўйича чораларни таклиф қилади.

     Астурлоб – жойнинг географик координаталарини, вақтни, объектнинг азимутини, юлдузларнинг чиқиш ва ботиш пайтларини, шунингдек амалий астрономиянинг бошқа масалаларини ҳал қилишда ишлатиладиган кўчма астрономик асбоб.

Қиблани аниқлашга мўлжалланган астурлоб

     Ал-Фарғонийни машҳур қилган ихтиролардан яна бири сув сатҳини ўлчайдиган нилометрдир. Ускуна 861 йилда ал-Фарғоний раҳбарлигида Нил дарёсининг  сув сатҳини ўлчаш учун қурилган. (Ильмира Гафиятуллина, Мусульманский ученый, предсказавший открытие Америки). Ушбу ўлчовлар Миср халқи ҳаёти учун жуда муҳим бўлган. Тўрт минг километр узунликдаги  Нил Миср халқи учун ҳаёт –мамот дарёси эди. Мамлакат ҳудудининг атиги олти фоизидагина деҳқончилик қилиш, бирон егулик етиштириш мумкин бўлган. Бу ҳам Нил туфайли. Қолган қисми қумлик бўлиб, дарё суви етиб бормас эди. Шу олти фоиз сувли ер халқни боқиб келган. Бир йил сув сатҳи кўтарилса қирғоқдаги деҳқон ерларини сув босиб ҳосили нобуд бўларди. Аксинча, сув сатҳи пасайиб кетса қирғоқдан узоқроқдаги ерлар қурғоқчиликка учрарди. Шунга қарамай давлат солиқчилари ҳар икки ҳолатда ҳам ер эгаларидан бирдек солиқ талаб қилган. Аҳмад ал-Фарғоний юлдузлар ҳаракатини узлюксиз кузатиш баробарида Нил дарёси сатҳидаги ўзгаришни дарёдан узоқ-яқинлигига қараб ерлар ҳосилдорлиги жадвалини тузади ва шу тартибда солиқ тизимини яратади. Олимнинг Нил дарёси оролларидан бири-Роуд “бурни”га қурган “нилометр” ускунаси Мисрда янгича солиқ миқдорига асос солди.

 

Қоҳира нилометри

Аллома сув сатҳи кўрсаткичига нисбатан деҳқоннинг ери дарёдан неча чақирим наридалигига қараб қанча солиқ тўлаши лозимлигини математик формулалар асосида аниқ ҳисоб-китоб қилиб белгилаб берган. Шундай қилиб, сув сатҳи кўтарилса, ери дарёга яқин деҳқонлар камроқ, ери дарёдан олисроқдаги деҳқонлар кўпроқ ва аксинча, сув сатҳи одатдагидан пастлаб кетса дарёга ери яқин деҳқон кўпроқ, ери узоқроқдаги деҳқон камроқ солиқ тўлаган. Аслида оддий қоидага ўхшайди. Аммо унда ҳозирги ўлчам бирлигидаги бир метр ўзгарса ҳам солиқ миқдори ўзгарадиган жадвални тузиш ҳақиқатда буюк кашфиёт бўлган. (Муҳаммаджон Обидов, Ал-Фарғонийнинг “Миқёси Нил” ускунаси Мисрда янги солиқ миқдорига асос бўлди.)

 Ҳозирда дарёлар, кўллар, сув омборлари ва каналларда сув сатҳини ўлчаб, ёзиб борадиган энг замонавий “Валдей” ёки океан ва денгизлар сув сатҳини ўлчайдиган “Рорданса” типидаги қурилмалар ал-Фарғоний кашф этган “Миқёс ан-Нил” (нилометр) қурилмасидан андоза олиб тайёрланган. (Axmedov A., Ahmad al-Farg‘oniy)

Бу асбоб Қоҳира марказида ҳанузгача сақланиб келмоқда.

Манбалар асосида Тошкент ислом институти ходимаси

Мунаввар Ниёзалиева тайёрлади.

240960cookie-checkДантега илҳом берган мусулмон олими

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: