islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муфтий Равиль ҳазрат Панчеев: Ўзбекистонда ислом маънавиятининг тарихий ҳақиқатлари қарор топмоқда

Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришган илк кунлардан бошлаб, муқаддас ислом дини буюрган бағрикенглик, саховат, мурувват каби амалларга ҳамоҳанг тарзда ўзбек заминидан етишиб чиқиб, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган машҳур алломалар меросига таянган ҳолда, бу юртда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини тарғиб этиш бўйича кенг кўламли ишларни олиб бормоқда.

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб боряпмиз. Бинобарин, қалби пок ниятларга йўғрилган кўпчилик инсонлар қатори Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий минтақаси мусулмонлари Диний бошқармаси жамоаси, унинг тимсолида шу ҳудудда ислом динига эътиқод қилувчи барча фуқаролар теран тафаккурга асосланиб олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг самараларини юксак баҳолайди.

XXI асрда инсоният терроризм деган манфур иллат билан тўқнаш келди. Мана шундай шароитда Ўзбекистон раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг юксак минбаридан туриб дин ниқоби остида амалга оширилаётган жиноий хатти-ҳаракатлар негизида жаҳолат, диний ва дунёвий саводсизлик ётганини қатъий таъкидлади. Жаҳолатга қарши эса фақат маърифат орқали курашиш самара келтириши мумкин. Шавкат Мирзиёев халқпарвар ҳамда тинчликсевар сиёсатчи сифатида ёш авлодни ана шундай ёт қарашлардан муҳофазалаш учун барчани ҳамкорликда ҳаракат қилишга чақирди.

Унинг “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган фикрларини қатъий қўллаб-қувватлаймиз.

Шу маънода, ислом динининг туб моҳиятини тушунтириш, ёшларни буюк алломаларнинг бой мероси билан таништириш, маърифатли ислом ғоясини кенг ёйиш мақсадида бевосита Президент ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий маркази, Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил қилингани беқиёс аҳамият касб этади.

Гўри Амир андозасидаги масжид Бизни бу кўҳна ҳамда мўътабар замин билан кўп муқаддас ришталар боғлаб туради. Хусусан, XIX аср охири — XX аср бошларида бизнинг Санкт-Петербургда биринчи ва энг кўҳна ҳамда катта собор масжиди барпо қилинган. Бу хайрли ишга Бухоро амири ҳам хайрия маблағи билан ҳисса қўшган экан. Яна бир эътиборли томони, шаҳримиздаги мазкур муқаддас маскан учун Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси андоза қилиб олинган. Бу борада тақдим этилган 45 та лойиҳадан унга энг яқин келадигани танлаб олинган. Аммо ўтган асрнинг 50-йилларида мазкур масжид ҳудудининг бир қисми тураржой бинолари қуриш учун ажратилиши натижасида унинг майдони қисқариб қолган. Вақт ўтиб унинг қумдан қилинган минора гумбази муттасил совуқ об-ҳаво ва ёғингарчиликлар туфайли тўкилиб тушди. 1978 йилда эса трамвайнинг рельсдан чиқиб кетиб бинога урилиши оқибатида гумбазнинг маълум бир қисми қулаб, масжидни реставрация қилиш эҳтиёжи кун тартибига чиқди.

1970 — 1980 йилларда молиявий аҳвол мураккаб ҳолатда эди. Ҳар нарса вақти-соати билан деганларидек, отам (у киши ҳақида қуйида сўзлаб бераман) ана шу камчиликни бартараф этиш учун маблағ топа олган. Бу йўлда об-ҳаво шароитларига мос тушадиган гумбаз макети тайёрланиб, мутахассислар гуруҳи ташкил қилинган. Сопол пишириш учун техник чиннидан печлар тайёрланган. Унинг муқобили ҳозир ҳам дунёнинг ҳеч бир ерида учрамайди.

Шу тариқа Гўри Амирнинг Санкт-Петербургдаги “эгизаги”га эътибор асло сусаймади. Шаҳар раҳбарияти, хусусан, губернатор Сергей Полтавченко томонидан масжид минтақавий даражадаги меъморий ёдгорликка айлантирилди. Бунинг учун бюджет маблағлари ҳам йўналтирилди. Ана шундай улуғ даргоҳ қурилишида ўз ҳиссасини қўшган, Гўри Амир мақбараси андозасидан фойдаланиш имконини берган ўзбек халқидан доим миннатдормиз.

Етук инсонлар дуоси

Ўзбекистон билан каминани бирлаштирадиган яна кўплаб гўзал хотиралар бор. Отам муфтий Жаъфар ҳазрат Панчеев ўтган асрнинг 60-йилларида Бухородаги Мир Араб мадрасасида сабоқ олган. 1975 йилда эса Тошкент ислом институтининг илк битирувчиларидан бўлган. Кези келганда эътироф этишни истардимки, бугунги кунда Бухородаги Мир Араб мадрасасига олий диний таълим муассасаси мақоми берилгани нафақат ўзбекистонликлар, балки россиялик дин уламоларини ҳам бирдек қувонтирди.

Болалик чоғларимда Тошкент ҳамда Самарқандга борганимни катта қувонч ва ҳаяжон билан эслайман. Бир сафар, югуриб юрганимда, буюк дин уламоси, маърифатпарвар инсон Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мени кўриб қолди. Ўшанда у киши беғуборлик ила каминага алоҳида меҳрибонлик кўрсатган эди. Ана шу ёқимли дамлар хотирамда бир умр сақланиб қолган. Ўзбекистонлик буюк инсонлар билан кўришганим, уларнинг дуоларини олганимдан ғурурланиб юраман. Бундай ҳис-туйғу авлоддан-авлодга ўтиб боравериши ўзбек халқи билан қилўтмас дўст-биродарлигимизни мустаҳкамлайверади. Шунинг учун нафақат отам, балки оиламизнинг барча аъзоси ўзбек замини, бу ердан етишиб чиққан пиру арконлар, устозларнинг беминнат хизматлари, қилган яхшиликлари, берган беқиёс билимларини ҳеч қачон унутмайди.

Хабарингиз бўлса керак, ўтган йили отамнинг дўсти, у киши билан бирга Бухоро ва Тошкентда ўқиб, ҳужраларда яшаган Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода томонидан Озарбайжон ҳамда Ўзбекистон дин уламолари билан ҳамкорликда халқаро конференция ташкил этилди. Унда ислом тараққиётига йўналиш берувчи инсонлар қатнашди. Айнан шундай шахслар шарофати билан ислом синов даврини бошдан кечирганимизга қарамасдан минтақамизда сақланиб қолди. Ҳатто, бир пайтлари юртимизга келган Араб давлатлари делегацияси вакиллари ҳайрон қолиб, худосизлик билан боғлиқ оғир йилларда исломни қандай асраб қолганимиз ҳақида сўраганини эслайман.

Оталаримиз асраб келган фазилатларни фарзандларимизга ҳам етказишимиз даркор

Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмайди. Бугун мусулмонларни бир-биридан айириш, ёт кучларнинг ислом динини бўлиб ташлаш, унинг ривожланишига йўл қўймасликка қаратилган бузғунчи ғояларга хизмат қилаётганлар сафи кенгайиб боряпти. Улар бу ишларни исломни ёмонотлиқ қилиш, бировнинг тинчини бузиш, жарақ-жарақ пул топиш мақсадида амалга ошираётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Чин эътиқод эгаларининг бу каби ашаддий душманлари бизни қашшоқлик, жаҳолат даврига қайтармоқчи. Биз эса қаршилик кўрсатиб, маърифат туғини баланд тутган ҳолда қатъий курашяпмиз. Бинобарин, ислом динининг асл моҳияти янада кенг очилиб, аҳоли эътиқоди кучайиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Агар ўтган асрнинг 70-йилларида жума намозлари пайтида 6,5 минг кишилик ўринга эга масжидимизнинг ярми ҳам тўлмаган бўлса, ҳозир келувчиларга жой етмаслиги бунга мисол бўла олади. Ҳар қандай об-ҳаво шароитида одамлар чин ибодат учун ошиқишидан хурсанд бўламиз. Биз эса уларга шароит яратиб беришни ўз бурчимиз, деб биламиз.

Санкт-Петербургдаги биринчи ва энг кўҳна масжид. Фото: “Халқ сўзи”

Шу ўринда бир вақтларда оғир бўлгани, бироқ баъзи ибратли ҳолатлардан ҳам кўз юмиб бўлмаслиги ҳақида айтиб ўтмоқчиман. У пайтларда “Сен бу миллатдансан ёки сен унисидан”, деб бир-биримизга айирмачилик, миллатчилик, маҳаллийчилик, умуман, паст назар билан қарамаганмиз. Дўст бўлганмиз. Бугун айнан шу муҳим қадриятдан фойдаланиб, диний маърифат, соф маънавият ва ахлоқ қоидаларини кенг ёйишимиз зарур. Оталаримиз асраб келган фазилатларни фарзандларимиз, невараларимизга ҳам етказишимиз даркор.

Мана, ҳозир муқаддас Рамазон ойи. Ҳар йили масжидимиз ҳудудида ифторликлар уюштирамиз. Дастлаб 50 киши йиғилган бўлса, бугун уларнинг сони 2000 нафарга етди. Ҳар куни улар бу ерга келиб, дуо қилиб, оғиз очади. Татар, ўзбек, чечен, қозоқ, тожик каби миллатларга мансуб мусулмон аҳли ислом кимлар учундир уруш ва ўлдириш учун ниқоб эмас, балки олижаноблик, эзгулик, аҳиллик ҳамда ҳамжиҳатлик эътиқоди эканлигини намоён этишмоқда.

Зотан, динимиз ёвузликка эмас, балки яхшиликка, одамларни бир-бири билан дўст-биродар бўлишга, Аллоҳ томонидан берилган ҳар бир неъмат, ҳар бир кун учун хурсандчилик туйишга чақиради. У бизга ота-онамиз билан суҳбатлашиш, болаларимиз билан бахтли яшаш, Яратган қудрати билан оила, чақалоқлар дунёга келишидан қувониш имконини беради. Биз буни қадрлаймиз.

Ўзбекистон ҳақида сўзлашдан чарчамайман

Ўзбекистонда ислом йўналишида сўнгги йилларда ниҳоятда салмоқли ишлар қилинаётгани ҳақида ҳар қанча сўзлашдан чарчамайман. Зеро, мазкур йўналишда катта ютуқларга эришиш, тарихий ҳақиқатларни қарор топтиришга Ўзбекистоннинг тўла маънавий ҳуқуқи бор. Бунинг яна бир асосли сабаби унинг улуғ мутафаккирлар юрти эканлигидир. Бу манзилда камол топган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номлари бутун дунёда машҳур.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар туфайли ушбу алломаларнинг ибратли мактаблари қайта тикланди, ривожлантириляпти. Бу эса улар яратган бебаҳо диний-маърифий, маънавий дурдоналарни аҳоли, айниқса, ёш авлод орасида кенг ўрганилишига мустаҳкам замин яратяпти. Бундай саъй-ҳаракатлар, энг аввало, жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишга хизмат қилади.

Мухбиримиз Омонулла Файзиев Равиль ҳазрат Панчеев билан суҳбатлашмоқда. Фото: “Халқ сўзи”

Зеро, бугун Ер юзида рўй бераётган геосиёсий ўзгаришлар ва глобаллашув жараёнининг тезлашуви нафақат инсониятнинг имкониятлари кенгайишига олиб келмоқда, балки қарама-қаршилик ҳамда тўқнашувларнинг кучайишига, мамлакатлар ўртасидаги тафовутнинг чуқурлашувига ҳам сабаб бўлаётир. Бунинг натижаси ўлароқ, тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи, кўлами бўйича трансмиллий тусдаги, мисли кўрилмаган хавф-хатарлар юзага келди. Шу боис ҳар бир тинчликсевар давлат ҳамда халқ барқарорликни сақлаб қолиш йўлида ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда, бунда маърифий дастурлардан фойдаланиляпти.

Диний соҳадаги ҳамкорлигимиз ривожланмоқда

Россия Федерацияси Ўзбекистон билан қатор жабҳалар қатори, диний соҳада ҳам муҳим ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу — Диний бошқармалар ўртасида маърифат йўналишидаги ҳамкорлик, экстремизм ва терроризмга қарши биргаликда курашиш, кўп томонлама анжуманлар ўтказиш, сайёҳликни ривожлантиришни ўз ичига олади.

2017 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Санкт-Петербург ва Россиянинг Шимоли-Ғарбий минтақаси мусулмонлари Диний бошқармаси ҳамкорлигида, ўзбек уламолари иштирокида Санкт-Петербург шаҳри ва бошқа ҳудудларда ёшлар, меҳнат мигрантлари билан қатор учрашувлар ўтказилди. Бу йил ҳамкорлик бўйича икки томонлама шартномани имзолаш, бошланган маърифий ишларни давом эттириш ниятидамиз.

Санкт-Петербургдаги масжиднинг ички кўриниши. Фото: “Халқ сўзи”

Бизнинг маънавий ҳаётимиз масжиддан ҳамда ибодат хоналаридан ташқарида ҳам давом этади. Санкт-Петербург шаҳри, Ленинград вилояти раҳбарлари билан биргаликда мигрантлар билан ишлаш бўйича қилинадиган улкан фаолият бунинг ёрқин мисолидир. Жума намозидан кейин одамлар келиши учун тегишли қўмиталар, Россия федерал миграция хизмати, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва меҳнат қўмиталари вакиллари иштирокида семинарлар ташкил қиляпмиз. Йўналишлар йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Муҳожирлар эса аниқ фаолият билан шуғулланиб келадиган ҳокимият вакиллари билан тўғридан-тўғри гаплашади. Уларнинг бошқа жойларга мурожаат этиши, ўз масалаларига жавоб излашига ҳожат қолмайди. Чунки мазкур соҳада ишлайдиган аниқ мутасадди шахсдан жавоб олиш имконияти яратилади. Агар таълим бўйича савол туғилса, таълим қўмитаси, фарзанд билан боғлиқ масала бўлса, соғлиқни сақлаш тизими мутасаддиси шу ернинг ўзида аниқ тушунча беришга шай туришади.

Ўзбекистонда олиб борилаётган диний-маърифий ишлар бизга беҳад қувонч бағишлашини эътироф қилган ҳолда, халқларимизни осойишталик ва фаровонлик асло тарк этмаслигини Яратгандан илтижо қилиб сўраймиз. Президент Шавкат Мирзиёевга хайрли ислоҳотларни янада кенг кўламда рўёбга чиқаришида ютуқлар тилаймиз.

http://xs.uz

42900cookie-checkМуфтий Равиль ҳазрат Панчеев: Ўзбекистонда ислом маънавиятининг тарихий ҳақиқатлари қарор топмоқда

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: