islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Саҳобаи киромларнинг Найбий алайҳиссаломга муҳаббатлари

Пайғамбар алайҳис саломнинг саҳобаларининг ичида У зотнинг мавлолари Савбон розияллоҳу анҳу ҳам бор бўлиб, Набий алайҳиссаломга ғоят муҳаббатли, У зотни кўрмаса туролмас эди.

Бир кун Савбон Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига ранги бўзлаган ҳолда келди. Юзида чуқур маҳзунлик бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Эй Савбон сенга нима бўлди, бемормисан?» дедилар.

Савбон:«Йўқ, мен бемор эмасман, ҳеч қаерим оғримаяпти. Бунинг сабаби сизни соғинчингиз, Эй Аллоҳнинг Расули. Агар сизни озгина кўрмай қолсам қаттиқ соғинаман, ҳатто сизни кўрмагунимча бу соғинч, бу изтиробим босилмайди. Бугун ана шундай соғинч ортидан охиратни ўйлаб қаттиқ қўрқиб кетдим. Сиз жаннатда баланд даражага, набийлар билан кўтарилиб кетсангиз. Мен ҳам жаннатга кирсаму, аммо мени даражам сизникидан паст бўлиб, у ерда сизни соғинсам, кўролмайманми?», деди.

Пайғамбар алайҳиссалом жим туриб қолдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом мана бу оятни олиб келдилар:

«Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши» (Нисо-69).

Бу оят Савбон розияллоҳу анҳунинг севгиси сабаб умматга барака ояти бўлди. Сизу биз ҳам Аллоҳга итоат қилиб, Расулуллоҳ алайҳиссаломни севиб, У зотни суннатларига эргашсак, жаннатда У зот билан бирга бўламиз. Пайғамбар алайҳиссалом бошқа бир ҳадисларида «Киши жаннатда севгани билан бирга бўлади», деб марҳамат қилганлар.

Наманган шаҳар «Мулла бозор охунд» жомеъ масжиди

имом хатиби Зоҳиджон қори Нўъмонов

433300cookie-checkСаҳобаи киромларнинг Найбий алайҳиссаломга муҳаббатлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: