Март – Эътиқод мусаффолиги ойлиги доирасида Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси устозлари ва битирувчи курс талабалари Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюриб, марказ фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида марказ директори Жамолиддин Каримов меҳмонларга Имом Мотуридий мероси, марказда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳамда нашр этилган асарлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, марказ кутубхонаси ва қўлёзмалар жамланмаси билан яқиндан танишиш имконияти яратилди.
Учрашув чоғида Имом Мотуридий таълимоти, унинг ақидавий қарашлари ва бугунги кунда мотуридийлик таълимотининг долзарблиги юзасидан маълумот берилди. Институт талабалари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Мазкур ташриф талабаларнинг аждодларимиз бой илмий-маънавий меросига бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг билим ва тадқиқотчилик салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.
ТИИ Матбуот хизмати