Бугунги жамоат транспорти – сабр мактаби бўлиши керак эди. Аммо у кўпинча асаб бозори, одоб синови эмас, балки иймоннинг йиқиладиган жойига айланмоқда. Автобус ёки маршруткага чиққан заҳоти айримлар гўё барча ахлоқий мажбуриятлардан “тушиб қолгандек” бўлади.
Ҳайдовчи: уч томондан гуноҳ остида
Жамоат транспорти ҳайдовчисига Аллоҳ томонидан катта омонат топширилган. У фақат рулни эмас, инсонлар тақдирини “ушлаб” турибди. Аммо бугун айрим ҳацдовчилар бу ҳақиқатни унутган.
Тезликни ошириш, йўловчини бақириб-чақириб тушириш, бекатда тўлиқ тўхтамаслик – булар етмагандек, энди рулда ўтириб телефонда эзмаланиб гаплашиш ҳам “оддий ҳол”га айланган. Савол туғилади: инсонлар жонини олиб кетаётган пайтда ғийбат ва бекорчи суҳбат қанчалик жоиз?
Исломда ҳар бир сўз ҳисоб-китоб остида. Телефонда кулиб-гаплашиб, диққатни йўлдан узиш эса нафақат қоидабузарлик, балки билвосита хиёнатдир. Чунки бир лаҳзалик эътиборсизлик – бир умрга етадиган пушаймонликка сабаб бўлиши мумкин.
Йўловчи: жим гуноҳкор
Йўловчилар орасида ҳам телефонда эзмаланиб гаплашиш балоси авж олган. Автобус ичида баланд овозда шахсий муаммоларни ёйиш, оилавий жанжалларни ошкор қилиш, бошқаларнинг тинчини бузиш – булар одоб эмас, беҳаёликдир.
Исломда ҳаё – иймоннинг бир бўлаги. Аммо бугун баъзи йўловчилар учун автобус гўё махсус суҳбатхонага айланган. Ёнида кекса, бола, бегона аёллар борлигига қарамай, сўзнинг чегараси, овознинг меъёри билинмайди. Бу ҳолатни кўриб, “Мусулмон тилига эгалик қилмай қўйдими?” деган савол туғилади.
Телефон: восита эмас, синов
Телефоннинг ўзи гуноҳ эмас. Аммо у одобни ютиб юбораётган қуролга айланса, синовга айланади. Исломда бекорчи сўз қораланган. Пайғамбаримиз ﷺ: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшилик гапирсин ёки жим турсин”, деганлар.
Аммо жамоат транспортида бу ҳадис гўё эсдан чиққандек. Жим туриш ибодат бўладиган жойда, эзмаланиб гаплашиш устун келмоқда.
Хулоса
Жамоат транспортида одоб – ҳайдовчининг рул тутиши билангина ўлчанмайди. Бу – йўловчининг ўзини тутиши, тилига эгалик қилиши, телефонини ҳам ҳалол чегарада ишлата билиши билан ўлчанади.
Агар биз автобусга чиққач, одобни ўчириб, телефонни ёқсак, муаммо йўлда эмас – қалбимизда. Чунки ҳақиқий мусулмон учун масжид, кўча, бозор ва автобус орасида фарқ йўқ: у ҳар жойда одамларни безовта қилмайдиган, зарар етказмайдиган инсон бўлиб қолади.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби






