islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Устозларга эҳтиром

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила

Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидирлар. Биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзозласак шунча оз. Ислом динининг таълимга берган аҳамиятидан таълим ходимлари бўлмиш устозларни муаллимларни улуғлаш ва уларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром юзага келган. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару эрнинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ хам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар.” дедилар.

Ҳаммамизнинг у ёки бу соҳада устозимиз бор. Бировимиз бир устоздан касб-ҳунар ўрганганмиз. Бошқамизга мактаб ва олий ўқув юртларида бир неча устозлар турли илмлардан сабоқ беришган. Инсон ким бўлишидан қатъий назар қайси соҳа вакили бўлмасин билим олиш учун устозга муҳтож. Пайғамбарлардан бошқа ҳамма инсонлар илм ҳосил қилиш учун муаллим остонасини ўпган. Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, устоз деганда фақатгина диний билимларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки динимиз исломда илмлар диний­дунёвийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади. Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм исломда ардоқланади. Устозларнинг меҳнатини, шогирдларига илмни тушунтириб етказишдаги заҳмати, бу йўлда чеккан беҳисоб машаққатини таърифлашга сўз етмайди. Шунинг учун олимларга эҳтиром кўрсатишга, уларнинг иззатини жойига қўйишга, хизматларини адо этишга бурчлимиз. Улуғ муҳаддис, ҳофиз Шайх Айдарус ибн Умар ал­-Ҳазрамий ўзининг “Уқудул лаал фи асанидир рижал” номли китобида шундай дейдилар: “Машойихларимиз айтар эдилар: “Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, уларнинг фазилатларини ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиш, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим бўлади. Бу – шогирд зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир. Зотан, устоз унга отаси бергандан кўра афзалроқ бўлган абадий саодатга етказувчи нарсани тақдим этгандир. Бинобарин, устознинг ҳурмати отанинг ҳурмати каби. Шу боис ҳар бир толибдан устозини ва унга тааллуқли барча нарсаларни эҳтиром қилиши, улуғлаши ва унга нисбатан уламоларимиз баён қилган одоблар билан муносабатда бўлиши талаб қилинади”. Муваффақ Хоразмийнинг “Имом Абу Ҳанифа маноқиблари” номли китобида келтирилади: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Мен устозим Ҳаммоднинг ҳурматидан унинг уйи томонга ҳеч ҳам оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан буён қачон намоз ўқисам, албатта, отам билан унинг ҳаққига истиғфор айтаман. Зотан мен доимо менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман”, деган эканлар.

Ислом тарихи олтин саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган бу сатрлар афсона эмас, балки айни воқеий ҳақиқатдир. Шу билан бирга бу айтганларимиз уммондан бир қатра, холос.

Ховос тумани “Ҳуснобод”

 жомеъ масжиди имом хатиби,

Тошкент Ислом институти

2-курс талабаси Б.Носиров 

51700cookie-checkУстозларга эҳтиром

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: