islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Баййина нима эканини биласизми?

“Баййина” сураси Қуръони каримдаги энг буюк суралардан биридир. Суранинг номи ушбу суранинг биринчи оятида зикр қилинади:

لم يكن الذين كفروا من أهل الكتاب والمشركين منفكين حتى تأتيهم البينة

“Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар “баййина” келмагунча ажралмасдилар”.

Биз бу баҳсимизда айнан “баййина” нима эканлиги ҳақида сўз юритамиз ва буюк Қуръон мўъжизасига гувоҳ бўламиз иншаАллоҳ!

Мазкур оятдаги баййина сўзини уламолар турлича тафсир қилганлар. Жумладан “Тафсисул жалаалайн” муаллифлари роҳимаҳумаллоҳ: “Баййинадан мурод очиқ ҳужжат яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар” деганлар. Бу фикрга далил қилиб суранинг

رسول من اللهي تلوا صحفا مطهرة

“У Аллоҳ томонидан юборилган расул бўлиб, покланган саҳифаларни тиловат қиладур” оятидаги Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи оятдаги баййинадан бадал (араб тилидаги грамматик қоида) дейдилар. Ҳазратимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳам шу фикрни “Тафсири ҳилол”да зикр қилганлар.

Яна бошқа уламолар жамоаси “Баййина-Росулуллоҳнинг пайғамбар қилиб юборилишликлари” дейдилар. Бу фикрни замонамизнинг буюк муфассир уламоларидан Муҳаммад Алий Собуний ҳазратлари “Софватут тафосир” китобларида келтирганлар.

Имом Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ “Тафсийру Ибн Касир” да “Баййина-Қуръондир” дейдилар. Энди худди шу фикрни қувватлайдиган буюк мўъжизани зикр қиламиз:

Баййина сўзи 4 ҳарфдан иборат “بينة”. Бу ҳарфларни баййина сурасида неча мартадан зикр қилинганига назар соламиз:

“Б” ҳарфи 13 марта, “Й” ҳарфи 36 марта, “Н” ҳарфи 34 марта, “Ҳ” ҳарфи 31 марта зикр қилинган. Ҳаммасини қўшамиз 13+36+34+31=114.

114 сони сизга нимани эслатди? Ҳа, бу Қуръондаги сураларнинг ададидир.

Биз қатъиян “Баййина Қуръондир” деб айтишдан йироқмиз, лекин биз зикр қилган мўъжиза бу нарсага далолат қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Уламоларимиздан Аллоҳ рози бўлсин. Алал хусус Ибн Касир роҳимаҳуллоҳни Аллоҳ даражотларини зиёда қилсин. Бизни ҳам шу зотларга иқтидо қилиб тўғри йўлда, ҳидоят йўлида мустақим бўлишимизда ўзи бизга мададкор бўлсин. Қуръонни ҳаёт йўлимизга дастур қилсин. Омин!

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси
2 “Е”-гуруҳ талабаси Аҳадхон Ҳамидхонов

69060cookie-checkБаййина нима эканини биласизми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: