Буюк муҳаддис Абул Аҳвас Имрон ибн Муслимдан, у эса Иброҳим Таймийдан, у эса отасидан ривоят қилиб айтади. Отаси айтди: “Биз Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан ўтирган эдик. Бир киши даврамизга кириб келди ва ўзининг қавмидан бўлган бирини ўзига мақтай кетди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Ўртоғингни майиб қилдинг. Аллоҳ ҳам сени майиб қилсин” деди”, деб айтиб берган эканлар.
Бир куни Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни ҳузурларига бир киши кириб Усмон ибн Афвон розияллоҳу анҳуни мақтай кетди. Шунда Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу тиз чўкиб, ердан тупроқ олиб, Мақтаётган кишининг юзига сепа бошлади. Шунда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Нима қиляпсан эй Миқдод?” деди. Шунда Миқдод: “Албатта Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Маддохларни кўрсаларингиз, уларнинг юзларига тупроқ сепинглар” деганларини эшитган эдим. Эй Амирал Мўъминин! Бунинг маддохлигини кўрмадингизми”, дедилар.
Юқоридаги мақталаётган кишилар оддий шахслар бўлмаган, балки ислом умматининг подшоҳлари, қолаверса Пайғамабримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг буюк саҳобалари бўлганлар. Улар тўғрисида Сарвари коинот саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг саҳобаларим Осмондаги юлдузлар кабидир. Қайси бирига эргашсаларингиз ҳам, ҳидоят топаверасизлар”, деб мақтаганлар. Демак мақталаётган саҳобалар ўзлари мақтовга лойиқ бўлсаларда бир – бирини мақташдан қайтарган эканлар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Бир бирларингизни мақташдан сақланинглар. Чунки у сўйишдир” деганлар.
Маддохлар бир кишини мақтаб – мақтаб, манманлик чўққисига чиқариб қўйса, у инсоннинг бу чўққидан тушиши жуда оғир бўлади. Бунга тарихда мисоллар кўп. Бани Исроил ўзларининг орасидаги Қорун исмли кишини ҳам мақтаб – мақтаб мутакаббир қилиб қўйган. чунки Аллоҳ таоло унга кўп бойлик берган эди. Ҳатто унинг олтинларининг ҳисоби чексиз бўлиб, хазинахоналарининг калитларининг ўзи 60 та эшшакка юк бўлди. Одамлар унинг бойлигига ҳавас ва умид қилиб, уни мақташар, у эса гўёки бу бойликларни Аллоҳ унга синаш учун бераётганини унитиб, бу бойликларга ўзининг меҳнати билан эришаётгандек фахр ва кибр отига минар эди. Қорун маддох қовмининг мақтовлари билан ҳаддан ортиқ кибрга кетиб қолгач, унинг қавмидан баъзи кишилар: “Фахрланма, албатта Аллоҳ фахрланувчиларни севмас”, деб огоҳлантиришди. Бу огоҳлик унга фойда бермади. Натижада Аллоҳ Қоруннинг ўзини ҳам, олтинларини ҳам ерга юттирди.
Инсонларда пайдо бўладиган риё, сумъа ва хўжакўрсин каби ёмон иллатлар мақтовларнинг натижасидир. Агар маддохлик бўлмаганда мана шу каби иллатлар бўлмас эди.
Мақтовни биз умуман ёмонламоқчи эмасмиз. Мақтовни баъзи ўринларда ишлатиш лозим. Мақтовга арзийдиган инсонлар бор, арзимайдиганлари бор. Маддоҳлар эса шуларни ажрата олмайдиган кишилардир. Масалан: Ёш болалар бирор яхши амал қилса, уларни янада рағбатлантириш ва қизиқтириш учун мақтаса бўлади. Аммо шу боланинг ҳам ёши катта бўлиб борган сари уни кибр ва фахрга олиб бориб қўймаслиги учун мақтовни ҳам чеклаш ёки маълум замонларга қайдлаш лозим.
Қолаверса Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобаларини юзларига ҳам ортларидан ҳам мақтаганлари тўғрисидаги ҳадислар кўп келган. Масалан: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни юзларига қараб айтганлар: “Эй Абу Бакр! Мен сизни қиёмат куни жаннатнинг барча эшикларидан чақириладиган киши деб умид қиламан” деганлар. Бошқа ҳадисларида: “Сиз изорини судровчи мутакаббир кишилардан эмассиз” деганлар. Умар розияллоҳу анҳуга ҳам қараб: “Эй Умар! Агар шайтон сенга йўлда дуч келиб қолса, ўзига бошқа йўл топиб кетади” деб мақтаганлар.
Агар кимдир, Мақташдан қайтариш тўғрисидаги ҳадис билан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари саҳобаларини мақтаганликларини қандай тушинамиз?”,деб савол қилса, унга ҳадис уламолари қуйидагича жавоб берилади.
Уламолар иккала ҳадисни бир – бирига мувофиқлаштириб: “Агар айтилаётган мақтов – иймон ва ишончнинг камолати тўғрисида бўлиб, мақталган кишини фитнага солиб, кибрланишга олиб бормайдиган мақтов бўлса жоиз. Агар бу мақтов сабабли мақталаётган киши кибрга, гуноҳу маъсиятга кетиб қоладиган бўлса, мутлоқ жоиз эмас”,деганлар.
Уламолар мақташнинг уч тури бор дейдилар. 1. Бир инсонни, унинг ўзига ва юзига доимо бўртириб мақташ – энг ёмон мақташдир. Бундан қаттиқ наҳий қилинган. 2. Бир инсонни йўқлигида мақтайди, аммо бу мақтов унга етиб боришини билатуриб мақтайди – бу ҳам наҳий қилинган мақтовдир. 3. Бир кишини йўқлигида мақташ, бу мақтов унга етиб бормаслигини била туриб мақташдир – бу зарари бўлмаган мақтов бўлиб, инсонлардан бундан қайтарилмаган.
Аммо кишининг қўлидаги Аллоҳ ато қилган неъматни мақтаса, бу мақтовнинг зарари бўлмайди қачоники шу неъматнинг эгаси бу мақтов билан кибрланиб қолмаса.
Энди савол туғилади. Нега энди Маддоҳларнинг юзига тупроқ сепиш керак? Нега айнан тупроқ? Унинг ҳикмати нима? Аслида бир кишини мақтаётган маддоҳ, ундан қандайдир дунёвий бир манфаат умид қилиб, мақтаётган бўлади. Уламолар айтадики, унинг юзига тупроқ сепишдан мурод – ўзи мақтаётган кишидан кўнглини совитиш ва умидини кесиш учундир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг “…юзига тупроқ сепинглар” деган сўзини, баъзи уламолар “уни умид қилган нарсасидан махрум қилинглар” ёки “унинг қўлини тупроқ билан тўлдиринг”,деган маънодадир, бу “Итнинг пулини сўраган кишининг қўлини тупроқ билан тўлдиргин”,деган ҳадисга ўхшайди деб айтганлар.
Бошқа уламолар эса “Унинг қўлига шундай мол бериб, мақташдан тўхтатингларки, у мол тупроқдек қадрсиз бўлсин”, деган, яъни унга шундай мол берилсинки, мақтаганига пушаймон бўлиб, маддохликдан қайтсин деган маънода келган дейдилар. Баъзи уламолар эса “ҳақиқий тупроқ сепиш маъносида келган, уни бошқа маънога буришга ҳожат йўқ”,деганлар. Маддоҳнинг юзига бошқалар тупроқ сепса ҳам бўлади. Агар мақталаётган кишининг ўзи томонидан тупроқ сепилса, бу янада аъло бўлади. Шунда маддоҳ ўзи мақтаётган кишидан бутунлай кўнгли совуб, уни ҳеч қаерда мақтамай қўяди дейдилар.
Умуман олганда маддохлик қилиб, бошқаларнинг мурувватини таъма қилиш жуда ҳам ҳақир амал ҳисобланар экан. Айни бугунги кунда баъзиларнинг маддохликлари ўта ошиб тушаётгани ҳеч кимга сир эмас. Азизлар бизни Аллоҳ ўзининг каломида мақтаган умматмиз. Яъни Аллоҳ каломида айтади: “Сизлар одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Яхшиликка буйирасизлар. Ёмонликдан қайтарасизлар…..”,деб марҳамат қилди. Демак энг гўзал сифатимиз шу экан, шунга кўра бир – бирларимизни мункар ишдан қайтариб, яхши амалларга чақириб яшаш барчамизга насиб бўлсин.
Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси А.Тошпўлатов