Тараққиётимизнинг янги даврида кўп асрлик ноёб ва нодир асарларни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаёт давом этар экан, бу соҳада янги-янги замонавий талаблар кун тартибига қўйилиши табиий. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу ҳаётий зарурат нуқтаи назаридан қабул қилинган тарихий ҳужжатдир. Халқимизнинг жуда бой маданий мероси бўлган нодир қўлёзмалар, қадимги босма китоблар сони бугунги кунда 100 минг нусхадан зиёддир. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, аҳоли қўлида эъзозлаб сақланаётган ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, лекин давлат томонидан рўйхатга олинмаган нодир қўлёзмалар ва босма китоблар ҳам оз эмас. Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фонди энг нодир маънавий хазиналардан бири бўлиб, 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмаларимиздан бири – “Усмон Мусҳафи” Қуръони каримнинг қадимий ва табаррук нусхаси. Яна фондимизда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Жалолиддин Румий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб улуғ аллома ва мутафаккирларнинг қўлёзмалари сақланмоқда. Бу борада жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланган Миср ва Туркия давлатларидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари, Тошкент ислом институти ўқитувчилари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов Миср давлатига хизмат сафарларини бошладилар. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ходимлари Муҳаммад Аюб домла ва Камолиддин устозни Қоҳира аэропортида кутиб олишди ва сафарга алоқадор барча ишларда амалий ёрдам беришмоқда. Маълумки, Миср юрти Қуръони каримда айнан шу ном билан бир неча марта зикр этилган. Бу эса унинг баракоти, хайри кўплигига далилдир. Бу замин юзлаб саҳоба ва тобиъийлар ҳокини бағрида яширган. Буюк алломалар бу ерда таълим олган, минглаб китоблар таълиф этишган. Миср билан Ўзбекистонни боғлаб турувчи алоқалар жуда қадим тарихга бориб тақалади. Аллома Аҳмад ал-Фарғонийнинг Мисрдаги илмий фаолияти, Ихшидийлар сулоласидан тортиб, Қоҳирадаги ўзбакийя маҳалласигача юртларимиз ўртасидаги минг йиллик алоқалардан сўзлайди. Сафар жараёнларини сайтимиз орқали ёритиб борамиз. 825
Энг ишончли 6 ҳадис тўпламларидан бирининг муаллифи муҳаддис Абу Абдурраҳмон Аҳмад ибн Али ибн Шуайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ал-Хуросоний милодий 831 йилда Насо (Нисо) шаҳрида таваллуд топган. Она юртида Қуръони Каримни ёд олгач, кўпроқ илму маърифат ҳосил қилиш ниятида 15 ёшидан бошлаб хорижий мамлакатларга сафарга чиқади. Айниқса, Ҳижоз, Ироқ, Шом ва Мисрга қилган илмий сафарлари самарали бўлиб, у Мисрнинг «Зуқоқул қанадил» маҳалласида узоқ вақт яшаб, сўнгра Дамашққа боради. У ерда турли сабабларга кўра тазйиққа учраб, оғир ҳолатга тушади. Баъзи манбаларга кўра, Маккада, бошқа ривоятларда Байтул Мақдис (Қуддус)да милодий 915 йили вафот этган, дейилади. Ҳадис бобида ёзган «Сунанул кубро» тўплами унинг шоҳ асари ҳисобланади. Ундан ташқари Имом Насаий «Сунанус суғро» ёки «Мужтабо», «Хасоис», «Фазоилус саҳоба», «Маносик» ва бошқа китоблар ёзиб қолдирган. Булардан, юқорида санаб ўтилган «Сунанус суғро»да 5758 та ҳадис мавжуд бўлиб, китоб фиқҳий боблар асосида тартибланган. Уламолар ушбу “Мужтабо”ни “Сунан” китоблари орасида заиф ҳадислари энг кам китобдир”, деганлар. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 826
Аввалроқ, қўлёзмалар фондига эга бўлган Туркия давлатидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари, Тошкент ислом институти ўқитувчилари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов хизмат сафари билан ушбу мамлакатга ташриф буюрганлари ҳақида хабар берган эдик. Жорий йилнинг 21 январь куни Диний идора мутахассислари Топкапи Саройига Истанбул муфтийлиги вакиллари ҳамроҳлигида ташриф буюрдилар. У ерда Топкапи Саройи кутубхонасининг ходими Гоксел Эрдоған ва Топкапи Саройи қўлёзмалар кутубхонаси ходими Рамазан Актемур билан учрашув ўтказилди. Сарой кутубхона ходими кутубхонадаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг факсимил нусҳалари билан таништирди. Учрашувда нодир қўлёзмаларни сақлаш, уларга ишлов бериш масалалари юзасидан муҳокама ўтказилди. Ўзбекистон делегацияси томонидан Топкапи Саройи кутубхонасига Ҳазрати имом ва ЎМИ фотосуратлари тўплами ҳадя қилинди. 768
Самарқандлик муҳаддис, муфассир ва фақиҳ Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Баҳром ибн Абдуссамад ад-Доримий ал-Ҳофиз ас-Самарқандий милодий 794–869 йиллари яшаган бўлиб, Имом ал-Бухорий устози ҳисобланади. Ёшлигидан ақл-заковати ва ўткир қувваи ҳофизаси билан тенгдошлари орасида пешқадам бўлиб, ҳадис илми бўйича дастлабки билимни Самарқандда эгаллади. Сўнгра Миср, Шом, Ироқ ва Хуросоннинг турли шаҳарлари ҳамда Макка ва Мадинада таниқли олимлардан сабоқ олди. Нажмиддин Умар ан-Насафий (XII асрда яшаган) Доримий ҳақида: «У ҳадис илми, илми осор ва суннат илмини Самарқандда юзага чиқарган зотдир», деб айтган. Доримий Самарқанд султони томонидан қози калон лавозимига таклиф этилади, бироқ қозихонада биргина ишни кўриши биланоқ, истеъфога чиқади. Доримийнинг «Ал-Муснад», «Ат-Тафсир», «Ал-Жомеъ» ва бошқа асарлари бор. «Ал-Муснад» асари «Сунани ад-Доримий» номи билан машҳур. Ислом алломалари уни «Ас-Саҳиҳ» деб аташни таклиф қилганлар ва «Ас-Сиҳоҳ ас-Ситта» («Олти саҳиҳ») китоблари жумласига (Ибн Можанинг «Саҳиҳи» ўрнига) киритишни тавсия этишган. У ҳадисларни мавзуларга ажратиб баён этган. Доримий Самарқанддаги Чокардиза қабристонига (бошқа манбаларга кўра Марвда) дафн этилган. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 1 194
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади…” дедилар. Ушбу ҳадис ислом динининг асоси бўлиб, кўпгина ҳикматларни қамраб олган. Уламолар ҳадиснинг бир қанча ҳикматларини санаб ўтганлар. Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ: “ Бу ҳадис исломнинг ярмидир. Чунки диннинг ташқи кўриниши амал, ботини эса ниятдир”, деган. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу ҳадисга илмнинг учдан бири киради. Бунинг сабаби шуки, банданинг амали қалби, тили ва аъзолари билан бўлади. Ният эса, шу уч қисмдан бири бўлган қалб билан бўлади”. Олимлар асарларини ушбу ҳадис билан бошлашни маъқул кўрадилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни “Саҳиҳ”ларида биринчиси ҳадис сифатида келтирган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Риёзус Солиҳийн”, “Ал-азкор” ва “Арбаъийн” асарларини “амаллар ниятга боғлиқдир”, деб бошлаганлар. Асарлар ниятнинг ҳикматини очиб берувчи ҳадис билан бошланишининг асосий сабаби, ҳар бир инсон нимаики иш бошламасин ниятни Аллоҳ таоло учун холис қилиш лозимлигини шу ҳадис орқали билиб олади. Абу Убайд раҳматуллоҳи алайҳ “ҳадисларнинг бундан-да жамловчироғи, маъноси кенгроғи ва фойдаси кўпроғи йўқдир”, деганлар. Уламолар ҳар бир ишда ва ибодатда ниятнинг шарт эканлигини таъкидлаганлар ва бажарилган амаллар ниятсиз шаръан эътиборли бўлмаслигига ҳамда савоб берилмаслигига иттифоқ қилганлар. Намоз, рўза ва ҳаж каби фарз қилинган ибодатлар ниятсиз дуруст бўлмайди. Аммо ҳанафий мазҳабида ғусл, таҳорат каби амаллар тўлиқ бўлиши ва савоб ҳосил бўлиши учун ният шартдир. Шофеий ва бошқалар эса ниятсиз бу амаллар тўғри бўлмайди, деганлар. Ниятнинг вақти ибодатнинг аввалидир. Ҳудди намоздаги такбири таҳрима, ҳаждаги эҳром каби. Аммо рўзада бомдод вақтининг киришини кузатиш машаққатли бўлгани учун ниятни эртароқ қилиш кифоя қилади. Ниятнинг ўрни қалбдир. Уни талаффуз қилиш шарт эмас. Лекин тилнинг ҳам иштироки яхшидир. Агар солиҳ амални ният қилган одамни вафот, касаллик ёки шунга ўхшаш нарса амални бажаришдан тўсса, банда шу нияти учун савоб олади. Байзавий айтадилар: “Амаллар ниятсиз тўлиқ бўлмайда.Чунки амалсиз ниятга савоб берилади, ниятсиз амал эса зоедир. Амалдаги ният ҳудди жасаддаги руҳ кабидир. Жасадга руҳсиз ҳаёт йўқ, руҳга эса жасадга боғланмасдан бу дунёда зоҳир бўлиш йўқ”. Ҳар бир фойдали ва хайрли амал ният, ихлос ҳамда Аллоҳнинг розилигини исташ билан ибодатга айланади. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 1 346