Улуғ имом ва мужтаҳид олим, кўплаб машҳур асарлар муаллифи Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Язид ибн Касир ибн Ғолиб ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ 224 ҳижрий санада Табаристонда туғилганлар. Ёшлигидан илмга муҳаббат қўйган олим ўн икки ёшларида илм талаби билан Миср, Шом, Ироқ диёрларида бўладилар. Сўнг Бағдодда қолиб таълим оладилар, бир қанча талабаларга устозлик қиладилар. Умрларининг охиригача шу ерда истиқомат қиладилар. У кишининг ёзган машҳур китоблари: Жомеъул баён фи тафсирил Қуръон; Китобут-тарих; Китобул-қироот; Вал-адад ват-танзил; Китоб ихтилофил-уламо; Тарихур-рижал минассаҳобати ваттобеъин. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ ўз асрининг тенгсиз илм соҳиби эдилар. У киши тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих ва бир қанча илмларнинг билимдони эдилар. Қуръон оятларининг маъноларини дақиқ жойларигача тушунган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билувчи, унинг саҳиҳ ва заифи, носих ва мансухини ажратувчи олим эдилар. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳ тафсир илмида “Тафсир илмининг отаси” деган номга сазовор бўлганлар. Худди шунингдек, тарих илмида ҳам ушбу улуғ номга мушарраф бўлганлар. “Тафсири Табарий” ҳақида “Тафсири Табарий” китоби тафсир китобларининг ичида энг машҳур китоблардан бўлиб, тафсир илмида мукаммал ёзилган китоблардан биридир. Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ибн Жарирнинг тафсири тафсир китобларининг энг буюк ва машҳурларидан ҳисобланади. Ушбу китоб муфассирлар наздида нақлий тафсирларининг биринчиси, аҳамиятга ақлий тафсир манбаларидан биридир”. “Тафсири Табарий” китобининг дастлабки нусхаси (ўттиз минг варақ) ҳозирги нусхасидан (уч минг варақ) анча катта ва кенг бўлган, сўнгра муаллиф уни қисқартириб, ҳозирги кўринишга келтирганлар. Имом Табарий раҳимаҳуллоҳнинг Қуръони каримни тафсир қилиш усуллари ҳар жиҳатдан очиқ-равшанлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир оятни тафсир қилишда: “Бу сўз Аллоҳ таоло каломининг таъвилида мана бундай ва бундай”, – дер ва ундан сўнг оятни тафсир қиладилар ва далил сифатида саҳоба ёки тобеъиндан қилинган ривоятларни санади билан келтирадилар. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу китобнинг шаъни ҳақида сўз юрита туриб, жумладан, қуйидагиларни айтганлар: “Бу уммат Имом Табарийнинг тафсиридек тафсир китобини ёзмаганига ишонч ҳосил қилдим!”. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 1 252
Аллоҳ таоло ўз каломида тиловат қилувчи Аллоҳнинг каломини тиловат қилаётганда тадаббур ила тиловат қилиши кераклиги ҳақида марҳамат қилиб айтганки: “Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир”, деган (Сод, 29). “Албатта, у (Қуръон) сенга ҳам шарафдир, қавмингга ҳам. Ва, албатта, сўралурсизлар”, (Зухруф, 44). Дунё ва охиратнинг барча баракаси ушбу китобдир. Ким икки дунёнинг баракасини олишни хоҳласа, ушбу муборак китобга амал қилсин. Ким икки дунёнинг бахт-саодатига эришишни истаса, ушбу Қуръонни ўзига дастур қилиб олсин. “Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида (чуқурроқ) фикр юритмайдиларми?! Агар (у) Аллоҳдан ўзганинг ҳузуридан (келган) бўлса эди, унда кўпгина қарама-қарши гапларни топган бўлур эдилар”, (Нисо, 82). Мана, ўн тўрт аср ўтаётган бўлсада, илоҳий мўжиза – Қуръони карим оятларида келтирилган маълумотларда бирорта хато жумла топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт, табииёт ва бошқа нарсаларга доир оятларнинг нақадар тўғри ифода этилгани кун сайин ўз тасдиғини топиб келмоқда. Қуръон каримни тадаббур қилиш, яъни, уни чуқурроқ англашга интилиш жуда зарур ишдир. Исломни билмоқчи бўлган одам, ҳақиқатни англамоқчи бўлган киши бевосита Қуръони каримга мурожаат қилмоғи керак. Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам, унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди. “Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”. Албатта, инсон ақли етганича ўрганади. Ҳеч ким: “Мен Қуръонни охиригача фаҳм этдим, бундан бошқа тушунча бўлиши мумкин эмас”, дея олмайди. “Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларда қулфлари бордир?!” (Муҳаммад, 24). Бу ердаги баъзи мунофиқларнинг дилларида, эҳтимол, келажакда имон келтириш ниятининг ўзи йўқдир. Балки уларнинг дилларига Аллоҳ “имон келтирмайди” деб муҳр босиб қўйгандир, дейилмоқда. Қуръон оятлари ҳақида фикр юритишга ҳам ўша муҳрланган қалбларда салоҳият бўлмаслиги мантиқ юзасидан барчага маълумдир. Қуръони карим тиловат қилинаётган вақтда, уни тинглаш, жим туриб қулоқ солиш кераклиги ҳақида Аллоҳ таоло ўз каломида қуйдагича амр қилади: “Қуръон тиловат қилганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз” (Аъроф, 204). Ушбу оятдан уламоларимиз Қуръони карим тиловат қилинганда унга жим туриб қулоқ осиш вожиблиги ҳақидаги ҳукмни чиқарганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, намозда имом қироат қилганида, иқтидо қилувчилар жим қулоқ осиши лозим, деб ҳукм чиқарганлар. Умуман, Қуръон карим Аллоҳнинг каломи, уни ўқиш, тинглаш, ўрганиш ва унга амал қилиш зарурий ишдир. Ҳар бирининг ўзига яраша зарурати ва ҳаловати бор. Ҳар бир мўмин-мусулмон Қуръони карим тиловати қулоғига тушиши билан Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги амрини эсга олиб, дарҳол уни тинглаши ва жим туриши вожиб бўлади. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 885
Аввал хабар берганимиздек, 2018 йилнинг 29-декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида жорий йил якуни бўйича “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги йил сарҳисоби” мавзусида йиллик ҳисобот мажлиси бўлиб ўтди. Унда кўплаб масалалар қатори йил якуни бўйича ЎМИ тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида самарали фаолият юритган устоз ҳамда ходимлар турли наминациялар бўйича тақдирландилар. Жумладан, институтимизнинг “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари“ кафедраси мудири Баҳодир Аъзамов “Энг илғор ўқитувчи” наминацияси бўйича ЎМИнинг мақтов ёрлиғи билан тақдирланди. Баҳодир Аъзамов, 2015-2017 йиллар мобайнида Андижондаги “Саййид Муҳйиддин махдум“ислом билим юртида ўқитувчи, 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Тошкент ислом институти “Диний фанлар“ кафедраси Ҳадис фани ўқитувчиси, 2018-2019 ўқув йилидан буён янги ташкил этилган “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари“ кафедраси мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда. 1 089
Банда учун Аллоҳ таолонинг лаънатига учрашдан ҳам оғирроқ мусибат бўлмаса керак. Ҳа, Аллоҳнинг раҳмати қай даража олий бахт бўлса, лаънатланиб раҳматидан мосуво бўлмоқ шу даража ачинарли бахтсизликдир. Аллоҳ ҳеч бир мўминни раҳматидан маҳрум қилмасин, лаънатига дуч келиб бадбахт бўлишдан асрасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёви, аҳли байт аъзоси Али розияллоҳу анҳудан баъзи асҳоблари бир кун шундай савол сўради: Ҳазрат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтга бошқа одамларга ўргатмаган нарсаларни ўргатганми? Биз билмаган нарсалар ҳам бормики хоссатан сизларга ўргатилган. Агар бўлса биз билан бўлишсангиз? Али розияллоҳу анҳу жавоб берди: Йўқ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ўзимизга алоҳида бирор нарса ўргатмаганлар. Оммага нимани етказган бўлса, биз ҳам ўшани биламиз холос. Илло, мана бу қиличим қинида сақлаб юрган бир саҳифа бор. Ўшанда ёзилган нарсаларни сизларга айтиб бераман: عن الله من ذبح لغير الله، لعن الله من سرق منار الارض، لعن الله من لعن والديه، لعن الله من آوى محدثا Аллоҳ таолодан бошқасига атаб жонлиқ сўйганларни Аллоҳ лаънатлади! Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олганларни Аллоҳ лаънатлади! Ота-онасини лаънатлаганларни Аллоҳ лаънатлади! Динда янгилик пайдо қилганга жой берганни Аллоҳ лаънатлади! Имом Бухорий ривояти. Изоҳ: Лаънат деб Аллоҳ таолонинг раҳматидан мосуволикка айтилади. Ислом жонлиқни фақат Аллоҳнинг номи ила ва фақат унинг ризолиги йўлида қурбон қилишга буюради. Аллоҳдан ўзгасига аталган қурбонлик ҳам, унинг гўшти ҳам ҳаром бўлади. Бу ишни қилганлар эса тавба қилмаса лаънатга гирифтор бўлишади. Шунингдек, Ўзига тегишли бўлмаган ерни ўзлаштириб олиш ҳам ҳаром саналади. Ҳадисларда ер ўғриларини қабр қаттиқ қисиши ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳам жуда оғир гуноҳ. Ҳаттоки, Муҳаммад Ходимий раҳматуллоҳи алай ноқонуний ўзлаштирилган ерда яшовчи инсоннинг уйига мутлақо кириш мумкин эмаслигига алоҳида урғу беради. Касаллигида зиёрат учун ҳам кириш гуноҳ. Тўй қилса, таклиф этилганлар тўйига бориб уйида меҳмон бўлиши ҳам гуноҳ бўлади. Ота-онани лаънатлаш икки хил бўлиши мумкин. Тўғрида тўғри ўз оғзи билан ота-онасини ҳақоратлаб лаънатлаганлар ёки кимнингдир ота-онасини ҳақорат қилади, у ҳам жавоб тариқасида бунинг ота-онасини ҳақорат қилади. Натижада бировнинг ота-онасини ҳақоратлаш билан ўз ота-онасига ҳам лаънат олади. Қиёмат куни булар ҳам тавбасиз кетишса Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлишар экан. Динда янгилик пайдо қилган одамни бидъатчи дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир бидъат залолат, залолат эса жаҳаннамга олиб бориши тўғрисида куюниб гапирганлар. Ислом уламолари бидъатчилар билан илиқ муносабатда бўлишдан қайтарадилар. Юқоридаги ҳадисда ҳам бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатлади деб бекорга айтилмаган. Салафи солиҳлар йўлини лозим тутган ҳар бир содиқ мўмин, бидъат аҳлидан иложи борича нарида юриши керак. Жазоирлик шайх Абдулазиз ибн Рийс ҳижрий 1429 ражаб ойининг 8 санасидаги илмий анжумандаги чиқишида сукутий ижмоъ ҳақида гапириб, унинг мисоли тариқасида икки масалани кўрсатиб ўтган эди: 1- Қуръонни махлуқ – яратилган, деган киши кофирдир, деган масалага боғланган ижмоъ; 2- Аҳли бидъатни ҳажр қилишлик ва у билан муносабатларни узишлик лозим эканига боғланган ижмоъ. Андижон шаҳар «Чинор» жоме масжид имом хатиби Авазбек Мўминов 735
Қуръони каримни тартил билан тиловат қилиш борасида Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил”, деган (Муззаммил, 4). Қуръонни тартил билан ўқиш деб, уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ва оятнинг маъноларини тадаббур қилишга имкон бўладиган ҳолатда ўқишга айтилади. Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин-мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У кишидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандоқ бўлган, деб сўралганда, чўзиб ўқиш бўлган, деди ва Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб “бисмиллаҳ”ни чўзиб, “ар-Роҳман”ни чўзиб, “ар-Роҳийм”ни чўзиб қироат қилди”. (Сунан суғро лил имам Аҳмад Бйҳақий 994-ҳадис.). Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали нозил қилган. У зот Қуръони каримни қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, худди шундоқ қилиб саҳобаларга ўргатганлар. Саҳобаи киромлар эса худди ушбу ривоятда Анас розияллоҳу анҳу ўргатаётганларидек тобеъинларга ўргатганлар. Ана шу тарзда Қуръони карим ва унинг қироати авлоддан авлодга омонат ила ўтиб келмоқда. Демак, Қуръони карим тиловати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловатларига ўхшаши керак. Бунинг учун эса, устоздан ҳар бир ҳарфни, ҳар бир сўзни, ҳар бир оятни ўрганиш лозим бўлади. Устозлар ушбу ривоятда васф қилинаётгандек, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга ўхшаб аниқ қилиб ўргатмоқлари керак. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қироатларини узиб-узиб қилар эдилар. “Алҳамду лиллаҳи роббил аламийн” деб, сўнгра тўхтар эдилар. “Ар-Роҳманир роҳийм” деб, сўнгра тўхтар эдилар. Кейин “Малики явмидийн” деб, қироат қилар эдилар”, (Термизий Шамоил Муҳаммадийя 307-ҳадис.). Шарҳ: Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўлиқ ёдлаган ҳамда бошқаларга устозлик қилган зотлардан эдилар. У киши бу ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларидаги бир хусусиятни, ҳар бир оятнинг охирида тўхташларини баён қилмоқдалар. Бу ҳақдаги барча далилларни ўрганиб чиққан уламолар, ҳар бир оятда тўхтаб қироат қилиш мандубдир, деганлар. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон соҳибига: қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охири қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади”, дедилар”, (Сунан Термизий 3914-ҳадис.). Имом Шофеий эса: тартилнинг энг ози тиловатда шошилишни тарк этишдур деганлар. Ёдда сақланг! Тажвид илми қуйидагиардан иборат: Чўзиш ҳарфларини табиий миқдоридан ортиқча чўзиш Ғунналарни чўзиш Сакта (нафас олмай бир оз тўхтаб сўнгра давом эттириш) Танғим (овозни гўзал қилиш) Табиий савол туғилади тажвид китобларидаги булардан бошқа қоидаларчи? Улар нима? Жаваб: Улар соф араб тилининг асл қоидаларидур. Соф араб тилида у қоидаларга амал қилинган ва ҳозирда ҳам амал қилинади. Юқоридаги 4 қоида Аллоҳнинг каломига хос бўлган қоидалардир. Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Абдусамад Тожиддинов 1 652