Етук аллома, фақиҳ имом Дабусийнинг тўлиқ исми Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо ад-Дабусий бўлиб, Абу Зайд унинг кунясидир. Аллома 978 йили (ҳижрий 360) йили Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги Дабусия шаҳрида туғилган. Дабусия шаҳри ҳозирги Самарқанд вилоятига қарашли Пахтачи тумани ҳудудларига тўғри келади. Бу зотнинг яшаган даври Аббосийлар ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Манбаларда аллома Дабусий туғилган шаҳар «Дабуса», «Дабус» деб ҳам номланган. Бу зот Самарқанд ва Бухорода таҳсил олди. Фиқҳни Абу Бакр Жаъфар ал-Устуршонийдан таҳсил олган. Унинг ота-онаси, оиласи ва ёшлиги ҳақида таърих китобларида маълумотлар кам учрайди. Унинг «отам бу ҳадисни Бағдодлик шайхлардан ривоят қилган» деган гапидан келиб чиқиб, отаси Умар ибн Исо диний илмлардан хабардор бўлганини хулоса қилиш мумкин. Абу Зайд ад-Дабусий яшаган даврда Мовароуннаҳрда илм-фан ривожланган бўлиб, ҳанафий ва шофеий мазҳаблари ўртасида илмий баҳс-мунозаралар, тортишувлар кучайган эди. У зот усулул фиқҳ олими ва ҳанафий олимларнинг катта фақиҳларидан бўлган, араб тилида шеърлар ҳам ёзган. Имом Дабусий Қорахонийлар даврида расмий қози вазифасида ишлагани сабабли у фиқҳий асарларда «Қози Зайд» деб номланган. Ҳаттоки ҳужжатларни келтиришда қарашлари ўта кучли бўлгани учун унинг номи зарбулмасал қилинган. Ибн Холликон айтганидек бу зот хилоф илмида кўзга кўринган кишилардан бўлган. Бу алломани кўплаб ёзган китоблари бўлиб, улардан машҳурлари қуйидагилар: ал-Анвор Тақвиймул адилла (усулул фиқҳга оид). Таъсийсун назар (хилоф илмига оид). ал-Асрор (усул ва фуруъ масалаларига оид) ал-Амрул ақсо (ҳикматлар ва насиҳатларга оид) Шарҳу жомиул-кабийр (фуруъ масалаларига оид) Алломанинг айниқса «Тақвиймул адилла» асари усулул фиқҳ фанининг ривожланишида улкан ҳисса қўшган манбалардан ҳисобланади. Бу зот 1039 йили (ҳижрий 430 йили) Бухорода вафот этган. Имом Абу Бакр ибн Тархон яқинига дафн қилинганлар. Аллоҳ таоло у кишининг бизга қолдириб кетган меъросларидан манфаат олишимизга муваффақ қилсин. 4-курс талабаси Улуғбек Ҳасанов 841
ЎМИнинг muslim.uz сайтида “Соғлом эътиқод сабоқлари” деб номланган янги рукн ташкил этилди. Тўғри эътиқодли бўлиш ва хато эътиқодий қарашлардан сақланиш ҳар бир мусулмон учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун сайтда мазкур рукн остида зарурий эътиқодий масалаларни содда, тушунарли ва лўнда шаклда баён қилиб борилади. Рукнга “Диний фанлар” кафедраси “Ақоид” фани ўқитувчиси А.Пардаев муҳаррирлик қилмоқда. “Соғлом эътиқод сабоқлари”да А.Пардаевнинг “Имон калималари” номли мақоласи рукннинг илк мақоласи сифатида эълон қилинди. Аллоҳ таоло бошлаган ушбу ишни хайрли ва манфаатли бўлишини таъминлаган бўлсин. 966
1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси фондида сақланаётган тарихчи-манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг “Тасаввуф алломалари” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎМИ матбуот хизмати хабар бероқда. Унда тасаввуф олимлари, профессор-ўқитувчилар, уламолар, имом-хатиблар ва талаба-ёшлар иштирок этди. Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан тиловат ва дуо қилиниб, сўнг муаллиф Комилхон Каттаевга сўз берилди. Муаллиф мазкур китобнинг ёзилиш тарихи, устозларнинг беқиёс кўмаги, келтирилган маълумотлар илмий асосга эга экани, асарда келтирилган азиз авлиёлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур “Тасаввуф алломалари” китоби ҳақида гапирар экан, муаллиф ушбу китобни ёзишда жуда кўп меҳнат қилгани, соҳа мутахассислари ва тарихий манбаларга мурожаат этганини билдирди. Имом Термизий халқаро илмий- тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг қабрларини топишда Комилхон Каттаев жуда катта ҳисса қўшганини маълум қилди. Жумладан, Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб алломаларнинг қабрларини топишда иштирок этганини айтиб ўтди. Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтининг катта илмий ходими Сайфиддин Сайфуллоҳ тарихчи-манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг “Тасаввуф алломалари” китобида улуғ авлиёлар ва ориф зотларнинг ҳаёти ва ижоди қаламга олингани, мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида маънавий меросимизга янгича ёндошиш туфайли тасаввуф алломаларига бўлган эътибор катта бўлаётганини билдирди. Эндиликда уларнинг илмий-маърифий меросларини ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш улкан ижобий натижаларни беришини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, тадбирда профессор ўқитувчилар, соҳа мутахассислари ҳам сўзга чиқиб, муаллифнинг ижодига улкан муваффақиятлар тилашди. 882
28 февраль куни Тошкент ислом институти 3-курс талабалари мурабиййи А.Олимов билан биргаликда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати (ҳозирги Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси) асосчиси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратлари ва у кишининг оила-аъзолари уй музейига ташриф буюрдилар. Эшон Бобохон ҳазратларининг набиралари Амир Саид ака диний назорат бошқармаси тарихи ва Эшон Бобохонлар оиласининг динимиз ривожига қўшган улкан хизматлари ҳақида батафсил маълумот берди. Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратларининг Ўзбекистонда ислом дини тикланиши, унинг ривожига қўшган ҳиссаси, бутун Ўрта Осиё мусулмонларини бирлаштирдаги саъйи ҳаракатлари ва Диний идора тизимига асос солиши билан боғлиқ барча маълумотлар музейдаги кўплаб фотосуратларда акс этган эди. Ташриф давомида Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохоннинг диний назоратдаги муфтийлик фаолияти билан биргаликда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини ташкил этишда қилган улкан хизматлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Шамсиддинхон Бобохонов ҳазратларининг муфтийлик йилларида амалга оширилган хайрли ишлари, элчилик соҳасида эришган улкан ютуқлари ҳақида маълумот ҳам тўлиқ маълумот берилди. Тадбир сўнгида талабалар томонидан қилинган Қуръони карим хатми уларнинг ҳақларига бағишланди. Талабалар музейнинг ташриф дафтарига ўз таассуротларини ҳақида қайд қилиб қўйди. 3-курс талабаси Нуриддин Муҳаммаджон 1 039