25 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўтказилган йиғилишда Самарқанд вилоятида “Ҳадис”, “Калом”, Фарғона вилоятида “Ислом ҳуқуқи”, Бухоро вилоятида “Тасаввуф”, Қашқадарё вилоятида “Ақида” илмий мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича масалалар келишиб олинди. Мажлисни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов кириш сўзи билан очиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 15 июнда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги видеоселекторда аҳоли, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, уларни миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк аждодларимиз қолдирган илмий меросни ўрганиш мақсадида, Самарқанд вилоятида ҳадис илми, калом илми, Фарғона вилоятида ислом ҳуқуқи, Бухоро вилоятида тасаввуф, Қашқадарё вилоятида ақида мактабларини ташкил этиш бўйича берган тавсия ва кўрсатмаларига алоҳида тўхталиб, мазкур мактаблар фаолиятини ташкил этиш юзасидан таклифлар билдирди. Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўз олиб, ташкил этилаётган мактаблар олдига жуда катта вазифалар қўйилганини алоҳида таъкидлаб, ҳар бир мактабларда фаолият олиб бориш учун жалб қилинадиган ўқитувчилар диний идорада тузиладиган махсус ҳайъат суҳбатидан ўтказилгандан сўнг иш бошлашини маълум қилдилар. Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров муҳокамада сўзга чиқиб, ташкил этилаётган мазкур мактаблар Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида ташкил этилаётган Ислом академияси ва магистратура мутахассисликларида таҳсил олиш истагида бўлганларни тайёрлашда ҳам муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаб ўтди. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Уватов ушбу мактабларга диний маълумотга эга бўлган мутахассислар билан бир қаторда дунёвий илмларга эга бўлган фан номзоди ва фан докторларини ҳам жалб қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Сўзга чиққан нотиқлар мазкур илмий мактаблар илмий-тадқиқот маркази шаклида ташкил этилиши, уларда юртимизда шаклланган устоз-шогирд анъаналарига асосланган Бухоро, Самарқанд мактаблари услубида фаолият олиб боришини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, илмий мактаб ходимлари ихтисослиги бўйича мўътабар асарлар асосида давра дарсларини олиб бориши, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориши, тингловчилар (илмий изланувчи) учун тегишли асарларни давра дарслари шаклида ташкил этилиши, жамиятдаги турли диний масалаларни чуқур ўрганган ҳолда матбуотда материаллар эълон қилиниши тўғрисида сўз борди. Шу ўринда маълумот ўрнида айтиш керакки, ушбу илмий мактабларга диний маълумоти тўғрисида ҳужжатга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари суҳбат асосида тингловчи сифатида қабул қилинади. Тингловчиларга илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва давра дарсларида иштирок этиш муддати белгиланмайди, яъни таълим замонавий модуль шаклида олиб борилади. Мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлаганлиги тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилади. Йиғилиш сўнггида мактаб фаолиятини юритиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг! 968
Американинг Бостон шаҳридаги Т.Х.Чан номли Ҳарвард жамоат саломатлиги мактаби олимларининг аниқлашларича, даврий равишда оч қолиш ҳужайралардагии қувват алмашинувини яхшилайди. Илмий тадқиқот натижалари ҳақида EurekAlert портали хабар қилмоқда. Тадқиқотчилар Caenorhabditis elegans нематодалар организмидаги моддалар алмашинувини ўрганишди ҳамда қаришнинг сабабларидан бири бу — митоходриал тармоқларнинг фаолият юритиши бузилиши эканини аниқлашди. Бу тармоқлар эса физиологик бошқарув ва қувват алмашинувида муҳим ўрин тутади. Вақт ўтиши билан тармоқлар яроқсиз ҳолатга келади ва ҳужайраларни заҳарловчи ҳамда метаболизмни бузадиган эркин радикалларни ишлаб чиқара бошлайди. Айни шу жараён кексалик хасталикларининг пайдо бўлиши сабабларидан биридир. Биологларнинг аниқлашларича, истеъмол қилинаётган калорияларни камайтириш митохондриал тармоқлар фаоллигига самарали таъсир кўрсатади ва узоқ вақт мобайнида “яхши ҳолат”да қолишни таъминлайди. Шу билан вақти-вақти билан оч қолиш ёшга доир ўзгаришларни секинлаштиради ва умрни узайтиради, деб ҳисобламоқда олимлар. «Бизнинг изланишларимиз кексалик билан боғлик хасталиклар масаласи билан шуғулланаётганлар учун янги имкониятлар очмоқда», — дея ҳикоя қилади олимлар жамоаси раҳбари Ҳизер Вейр. Унинг сўзларига кўра, тадқиқотнинг навбатдаги босқичида таомланишни чеклаш сут эмизувчилар митохондриал тармоқлари «эгилувчанлиги»га қанчалик ёрдам беришини аниқлаш бўлади. kun.uz 881
Ҳиндистоннинг Телингана вилояти Бош вазири Кай Чандра Сехар Рао Ҳайдаробод шаҳрида Халқаро Ислом маданияти маркази барпо этилишини маълум қилди. Кай Чандра Сехар Рао мазкур марказ биноси келгуси уч ҳафта ичида тугалланишини таъкидлади. Марказ тўлиқ ишга туширилгандан сўнг, ташкилий ҳайъат томонидан меҳмонлар таклиф этилиб, улар учун Ислом таълимоти ва маданиятига оид турли хил дастурлар ишлаб чиқилади. Бош вазири Кай Чандра Сехар Рао Телингана вилоятидаги кам сонли мусулмонлар жамоасининиг турмуш тарзини бошқа жамоалар турмуш турзи билан яқинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабдан у зарур бўлган иш ўринларини яратишда мазкур вилоятдаги камсонли мусулмонлар раҳбарларига имтиёзли маблағлар ажратилиши бўйича фармон берди. Маълум бўлишича, 45 миллион кишидан иборат бўлган Ҳиндистоннинг Телингана вилояти аҳолисининг 12,5 фоизини мусулмонлар ташкил этади. 2017 йил статистик маълумотларига кўра, Телингана вилоятидаги мусулмонларнинг тенг ярми Ҳайдаробод шаҳрида истиқомат қилади. Аҳолиси бир миллиардга яқин бўлган Ҳиндистонда жами мусулмонларнинг сони 180 миллион кишини ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича Ҳиндистон дунёда Индонезия ва Покистондан кейинги ўринларни эгаллайди. Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг! 949
Қуръони каримда мўминлар ўзаро бир-бирларига дўсту биродар экани баён қилиниб, «Албатта, мўминлaр динда ўзаро биродардирлар…» дейилган (Ҳужурот сураси, 10-оят). Ислом дини инсонларни бир-бири билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Зеро, инсон табиатан киришимли қилиб яратилган, яъни у жамиятдан ажралиб, алоҳида яшай олмайди. Шундай экан, мўмин киши диний ва дунёвий ишларини тўғри йўлга қўйишда солиҳ дўсту ёрларни танлаши лозим. Агар бу дўстлик Аллоҳ учун бўлса, у яна ҳам мустаҳкам бўлади, чунки Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстликка ҳеч қандай дунёвий ғараз аралашмайди. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий ишлар юзасидан сен-менга бориб қолган тақдирда ҳам, уларнинг дўстлигига путур етмайди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳеч қандай соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа инсонларга Ўзининг Арши соясидан жой беради. Улардан бири Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашган инсонлардир», деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Аллоҳ йўлида дўстлашган инсонлар учун охиратда нурдан минбарлар барпо қилинади. Уларни кўриб, ҳатто пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар», деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Дарҳақиқат, аҳли солиҳ кишилар билан ошно бўлган инсон ҳеч қачон панд емайди. Бундай кишилар билан дўстлашиш нафақат дунёда, балки охиратда ҳам фойда бериши Қуръони каримда баён қилинган (Зухруф сураси, 67-оят). Шунингдек, бетавфиқ, нодон инсонлар билан дўстлашиш дунёда шармандалик, охиратда эса ҳасрату надомат келтириши ҳам очиқ-равшан баён этилган (Фурқон сураси, 27, 29-оятлар). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Киши ўз биродарининг динида бўлади», деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда: «Сен ўзинг дўстлашаётган одамнинг хулқ-атвори, унинг қандай одам эканига эътибор бергин», деб марҳамат қилганлар. Халқимизда ҳам «Сен менга дўстинг кимлигини айт, шунда мен сенга қандай одам эканингни айтаман», деган бир гап бор. Дарвоқе, бирор инсонга баҳо беришда унинг ёру биродарлари қандай одамлар эканига қаралади. Агар улар дину диёнатли кишилар бўлса, ўзгалар наздида унинг ҳақида ҳам шундай фикр пайдо бўлади. Борди-ю, ошнолари Худо бехабар, бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган, муттаҳам кимсалар бўлса, уларнинг касофати уриб биродари ҳам ёмонотлиқ бўлиши табиий. Шундай экан, мусулмон киши дунё ва охирати учун манфаатли бўлган инсонлар билан ошно бўлишга эътибор бермоғи лозим. Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ, Тошкент ислом институти ўқитувчиси 1 036
Энг кўп кўзимиз тушадиган ҳашаротлардан бири чумолидир. Ана шу ҳашаротнинг ҳаёт кечириш тарзига диққат қилсак, кўп ажойиботларга дуч келамиз. Чумоли – уйқу нима, тиним нима билмайдиган меҳнаткаш жонзот. Унинг инсонларга фойдали жиҳати шундаки, кўп хонали уя қилгани боис дарахтлар ва ўсимликларнинг илдизлари атрофи бирмунча очилиб у ерга кислород кириши яхшиланади. Бу эса ўсимликлар ривожига ижобий таъсир қилади. Чумолилар ақлли жонзот ҳам саналади. Улар уясига ташиб олган арпа-буғдой бошоқларини иккига бўлиб қўяди. Шундай қилса, дон нам тортиб кўклаб кетмаслигини билади. Шунга ақли етганига ҳайрон қолаётган одам уларнинг кашнич уруғини тўртга бўлиб қўйишини, агар бу уруғ иккига бўлинса ҳам кўклаб кетиши мумкинлигини эшитса, ҳайрати янада ошади. Негаки, кашнич донининг икки бўлакка ажратиб қўйилса ҳам кўклаб кетишини унча-мунча деҳқон ҳам билмайди. Чумолиларнинг қатъий интизомини кўрганда эса ҳайратдан ёқа ушлаб қолишимиз тайин. Чумоли тўдаларида мустаҳкам иш низоми мавжуд ва ҳар бир чумоли ўз зиммасига юкланган вазифани росмана фидокорлик билан бажаради. Биз чумолиларни кўрганда ҳаммасини бир хил деб ўйлаймиз. Лекин улар бажарадиган вазифалар турли-туман бўлади. Масалан, тўдадаги бир қисм чумолиларнинг вазифаси уянинг эшигида қоровуллик қилмоқдир. Эшикбон чумолиларнинг бошининг катталиги уянинг оғзи билан бир ўлчамда бўлади. Уя оғзига махсус мўлжалланган бу бош структураси унинг уяга ўзининг киришига ҳам, бошқаларнинг киришига ҳам тўсқинлик қилади. Эшикбонлар кун узоғи ҳеч қимирламасдан уянинг оғзида қаққайиб туради. Бу чумолилар уяга фақат ўз тўдасидан бўлган чумолиларни киритади, бошқаларни уя оғзига йўлатмайди. Шунинг учун бирор хатар туғилса, душманга биринчи бўлиб дучлашадиганлар – эшикбон чумолилар бўлади. Чумолиларнинг бир қисми эса тадқиқотчи чумолилардир. Улар уядан чиқиб атрофни айланиб егулик ахтаради. Бирор егулик манбасини топгани заҳоти қорнини мумкин қадар овқатга туйдиради ва бошқа чумолиларга хабар бериш учун жадаллик билан уяга қайтади. Қайтиб келаётганда ҳар-ҳар ерга қорнини ишқалаб кимёвий белги қўйиб келади. Уяга қайтар-қайтмас ҳамма чумолига хабар бериб, уларнинг орқасидан юришини айтади. Шу тариқа тадқиқотчи чумоли қолган чумолиларни белги қўйиб келган йўлидан юриб ўзи топган озуқага манбаига бошлаб боради. Чумолиларнинг антеннага ўхшаган аъзолари таъм билиш, ҳид сезиш, намлик ва кимёвий моддаларни фарқлаш вазифасини бажаради. Чумолилар ана шу антенналар ёрдамида бошқа чумолилар тўдаси қолдирган кимёвий ишоратни англайди ва улар билан мулоқотга киришади. Аллоҳ таоло чумолиларга егулик ташийдиган, уя қурадиган ва уяларини ҳимоя қиладиган, жуда кучли жағ ато қилган. Агар инсоннинг жағи чумолиникидек бақувват бўлганида тишлари билан бемалол юк машинасини судрай олар эди. Чумолининг олдинги жағлари бажарадиган ишларига ихтисослашган. Барг кесувчи чумолининг олдинги жағлари қайчи каби кескин қиррали; жангчи чумолиларни эса ўткир бўлиб, душманнинг бошини қимирлатмайдиган даражада кучлидир. Баъзиларининг жағлари эса аррага ёки тегирмон тошига ўхшайди. Айрим чумоли турларининг оғзида бошқа чумолиларни кўчириш ёки личинкалар ҳосил қилиш учун моддаларни сақлайдиган митти чўнтаги ҳам бўлади. Чумолилар ниҳоятда фидокор ва топганини баҳам кўришни севадиган сахий ҳашаротлардир. Мабодо, бир тўдадан икки чумоли дучлашиб қолса, улардан бири оч ва чанқаган бўлса; иккинчисининг оғзида чайналган ёки ярим ҳазм бўлган егулик бўлса, эҳтиёжи бўлган чумоли егулик талабида бўлади. Овқати бор чумоли ҳеч қачон уни рад этмайди ва ўзидаги егуликни у билан баҳам кўради. Чумолилар личинкаларини ўзларининг озиқ-овқатлари билан боқадилар. Ҳатто аксаран ўзларига бошқаларни меҳмон қилганидан кам егулик айиради. Чумоли тўдасидаги бир қисм чумолининг вазифаси эса уяни ҳимоя қилмоқдир. Бу вазифага махсус тайёрланган чумолилар уяларини ҳимоя...