Миллатимиз қуёши – ҳазрат Навоий инсон умрини тўрт фаслга бўлиб назмий асарларига тўрт фаслга мос равишда тартиб бергани замирида буюк ҳақиқат борлиги барчага аён. Улар: болалик – баҳор, ёшлик – ёз, ўрта ёш – куз, кексалик – қиш. Ана шу даврийликни инсон зоти умрининг ҳар йили давомида ҳам яшашига эътибор қилганмисиз? Масалан, ҳозир куз фасли. Келинг, шу фаслнинг кириб келишини хотирлаб кўрамиз: офтобнинг чароғон нурлари камаяди ва куйдирувчи тафти секин-аста сўниклашади… Кўп ойлар кўк юзида кўринмаган булутлар суруви қайдандир пайдо бўлиб, баъзида бир неча кунлаб қуёш юзини тўсиб қўяди. Айнан шу кезларда кўплаб инсонлар кайфияти маҳзунлашади. Ҳатто, табиатан қувноқ, шалдир-шулдир одамларнинг ҳам аллақандай мунгли туйғулар оғушида, ўйчан бўлиб қолгани кўзга ташланади. Қизиғи, ўша туйғунинг нима эканини уларнинг ўзлари ҳам тушунтириб бера олмайди. Аслида уларнинг бирор дарди ва жони сиқиладиган иши йўқ. Фақат вақт оқиб бораётир; инсонни қонини гупиртирган, жойида тек тура олмайдиган даражада ғайрат-шижоат, завқу шавқ ато этган фасллар ортда қолаётир… Демак, бу ўйчанликнинг асл сабаби назмга, насрга, кўй-қўшиқларга мавзу бўлган, буюк шоирларимиздан бирининг таъбири билан айтганда, донишманд куз – хазон (ҳазин) фаслидир. Табиатдаги яшиллик қандай сўлишни, сарғайишни бошласа, инсон ҳам бир куни айни шундай сўлиб, сарғаяди. Ҳозир биз яшаётган куз фасли эса ана ўша томонга қараб ташланаётган қадамлардандир. Унинг ортидан қилич қайраб келаётган қиш фасли эса гумонасини ичида тарбия қилган, каттартирган она раҳмига ҳамда инсон қайта тириладиган кун қийматга қадар ичида қоладиган қабр ҳаётига ўхшайди. Ва ниҳоят баҳор! Туғилишнинг бошланиши… тупроқни ёриб чиққан чечаклар ер юзига жилмайиб, атрофга масрур боқадиган, шоду хуррамлик улашадиган, муаттар ҳидлар таратадиган беғубор фасл. Раббимизнинг қудратини тафаккур этмоқ учун энг ажойиб вақтлардан бири. Шип-шийдам, ўлик тупроқ қандай қилиб бирданига тирилади. Инсоннинг ҳам туғилиши бўлган баҳор, навқирон кучга тўлган ёзи, ҳаётининг сўнгги дамлари бўлган кузи, ниҳоят бу дунё ҳаётининг охири – охиратнинг остонас и бўлган қиши бор. Бинобарин, ҳар баҳорда ер юзининг тирилиши қиёматда инсонларнинг қайта тирилишига ўхшаши бир неча оятларда ифода этилган. Хусусан: “Яна унинг оятларидан, ерни қақраган ҳолда кўришингдир. Бас, Биз унинг устидан сув туширсак, у қимирлар ва ўсар. Уни тирилтирган Зот, албатта, ўликларни ҳам тирилтиргувчидир. Албатта, У зот ҳар нарсага қодирдир”, деб марҳамат қилинади (Фуссилат сурасининг 34-ояти). Инсон ҳаёт кечирар экан, ҳар йили ана шу оятнинг тасдиғини ўз тимсолида кўради. Кимдир фасллар алмашувини одатий табиат ҳодисаси деб ҳисоблайди. Аммо ҳар бир ишга ҳикмат назари билан боқувчи мўминнинг яшнаган уруғни кўрганда иймони ортади. Она раҳмига тушган уруғ қандай қилиб гўзал бир чақалоқ ўлароқ бу дунёга кўзларини очса, айни шаклда бу дунёдаги ҳаётини яшаган борлиқ янги бир бошланғич учун тупроқ бағрига кўмилади. Мевалари ғуж-ғуж бўлган дарахтларнинг мевалари тугаб, барглари сўлмоқни, сарғаймоқни бошлайди. Хушбўй ҳидли гулларнинг япроқлари тўкилади, тириклиги битади. Бу ҳол инсонни ҳазинликка ундайди. Шу туйғу уни қоплаб олади. Ўзини кучсиз ва ҳорғин ҳис қилади. кўк юзидан томган ҳар ёмғир томчиси кўзидан оққан ёшга ўхшайди. Осмоннинг ойдинлиги ўз ўрнини қора булутларга бўшатганда қалбининг завқи ҳам ўрнини сассизликка бўшатади. Бошқа тарафдан, ёзнинг узун кунларида тиним билмай ишлаган инсон учун энди ўтириб дам олмоқ замони… Қисқарган кунлар, узайишни бошлаган кечалар, инсон учун бир роҳатланиш, ҳордиқ чиқариш даври экан, кишининг жони нега сиқилсин… Аллоҳни севган, унга етишмоқ талабида...
Қуръони каримда мўминлар ўзаро бир-бирларига дўсту биродар экани баён қилиниб, «Албатта, мўминлaр динда ўзаро биродардирлар…» дейилган (Ҳужурот сураси, 10-оят). Ислом дини инсонларни бир-бири билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Зеро, инсон табиатан киришимли қилиб яратилган, яъни у жамиятдан ажралиб, алоҳида яшай олмайди. Шундай экан, мўмин киши диний ва дунёвий ишларини тўғри йўлга қўйишда солиҳ дўсту ёрларни танлаши лозим. Агар бу дўстлик Аллоҳ учун бўлса, у яна ҳам мустаҳкам бўлади, чунки Аллоҳ розилиги учун бўлган дўстликка ҳеч қандай дунёвий ғараз аралашмайди. Бошқача қилиб айтганда, дунёвий ишлар юзасидан сен-менга бориб қолган тақдирда ҳам, уларнинг дўстлигига путур етмайди. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло ҳеч қандай соя бўлмайдиган қиёмат кунида етти тоифа инсонларга Ўзининг Арши соясидан жой беради. Улардан бири Аллоҳнинг розилиги учун дўстлашган инсонлардир», деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Аллоҳ йўлида дўстлашган инсонлар учун охиратда нурдан минбарлар барпо қилинади. Уларни кўриб, ҳатто пайғамбарлар ва шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар», деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Дарҳақиқат, аҳли солиҳ кишилар билан ошно бўлган инсон ҳеч қачон панд емайди. Бундай кишилар билан дўстлашиш нафақат дунёда, балки охиратда ҳам фойда бериши Қуръони каримда баён қилинган (Зухруф сураси, 67-оят). Шунингдек, бетавфиқ, нодон инсонлар билан дўстлашиш дунёда шармандалик, охиратда эса ҳасрату надомат келтириши ҳам очиқ-равшан баён этилган (Фурқон сураси, 27, 29-оятлар). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Киши ўз биродарининг динида бўлади», деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда: «Сен ўзинг дўстлашаётган одамнинг хулқ-атвори, унинг қандай одам эканига эътибор бергин», деб марҳамат қилганлар. Халқимизда ҳам «Сен менга дўстинг кимлигини айт, шунда мен сенга қандай одам эканингни айтаман», деган бир гап бор. Дарвоқе, бирор инсонга баҳо беришда унинг ёру биродарлари қандай одамлар эканига қаралади. Агар улар дину диёнатли кишилар бўлса, ўзгалар наздида унинг ҳақида ҳам шундай фикр пайдо бўлади. Борди-ю, ошнолари Худо бехабар, бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган, муттаҳам кимсалар бўлса, уларнинг касофати уриб биродари ҳам ёмонотлиқ бўлиши табиий. Шундай экан, мусулмон киши дунё ва охирати учун манфаатли бўлган инсонлар билан ошно бўлишга эътибор бермоғи лозим. Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ, Тошкент ислом институти ўқитувчиси 416
Энг кўп кўзимиз тушадиган ҳашаротлардан бири чумолидир. Ана шу ҳашаротнинг ҳаёт кечириш тарзига диққат қилсак, кўп ажойиботларга дуч келамиз. Чумоли – уйқу нима, тиним нима билмайдиган меҳнаткаш жонзот. Унинг инсонларга фойдали жиҳати шундаки, кўп хонали уя қилгани боис дарахтлар ва ўсимликларнинг илдизлари атрофи бирмунча очилиб у ерга кислород кириши яхшиланади. Бу эса ўсимликлар ривожига ижобий таъсир қилади. Чумолилар ақлли жонзот ҳам саналади. Улар уясига ташиб олган арпа-буғдой бошоқларини иккига бўлиб қўяди. Шундай қилса, дон нам тортиб кўклаб кетмаслигини билади. Шунга ақли етганига ҳайрон қолаётган одам уларнинг кашнич уруғини тўртга бўлиб қўйишини, агар бу уруғ иккига бўлинса ҳам кўклаб кетиши мумкинлигини эшитса, ҳайрати янада ошади. Негаки, кашнич донининг икки бўлакка ажратиб қўйилса ҳам кўклаб кетишини унча-мунча деҳқон ҳам билмайди. Чумолиларнинг қатъий интизомини кўрганда эса ҳайратдан ёқа ушлаб қолишимиз тайин. Чумоли тўдаларида мустаҳкам иш низоми мавжуд ва ҳар бир чумоли ўз зиммасига юкланган вазифани росмана фидокорлик билан бажаради. Биз чумолиларни кўрганда ҳаммасини бир хил деб ўйлаймиз. Лекин улар бажарадиган вазифалар турли-туман бўлади. Масалан, тўдадаги бир қисм чумолиларнинг вазифаси уянинг эшигида қоровуллик қилмоқдир. Эшикбон чумолиларнинг бошининг катталиги уянинг оғзи билан бир ўлчамда бўлади. Уя оғзига махсус мўлжалланган бу бош структураси унинг уяга ўзининг киришига ҳам, бошқаларнинг киришига ҳам тўсқинлик қилади. Эшикбонлар кун узоғи ҳеч қимирламасдан уянинг оғзида қаққайиб туради. Бу чумолилар уяга фақат ўз тўдасидан бўлган чумолиларни киритади, бошқаларни уя оғзига йўлатмайди. Шунинг учун бирор хатар туғилса, душманга биринчи бўлиб дучлашадиганлар – эшикбон чумолилар бўлади. Чумолиларнинг бир қисми эса тадқиқотчи чумолилардир. Улар уядан чиқиб атрофни айланиб егулик ахтаради. Бирор егулик манбасини топгани заҳоти қорнини мумкин қадар овқатга туйдиради ва бошқа чумолиларга хабар бериш учун жадаллик билан уяга қайтади. Қайтиб келаётганда ҳар-ҳар ерга қорнини ишқалаб кимёвий белги қўйиб келади. Уяга қайтар-қайтмас ҳамма чумолига хабар бериб, уларнинг орқасидан юришини айтади. Шу тариқа тадқиқотчи чумоли қолган чумолиларни белги қўйиб келган йўлидан юриб ўзи топган озуқага манбаига бошлаб боради. Чумолиларнинг антеннага ўхшаган аъзолари таъм билиш, ҳид сезиш, намлик ва кимёвий моддаларни фарқлаш вазифасини бажаради. Чумолилар ана шу антенналар ёрдамида бошқа чумолилар тўдаси қолдирган кимёвий ишоратни англайди ва улар билан мулоқотга киришади. Аллоҳ таоло чумолиларга егулик ташийдиган, уя қурадиган ва уяларини ҳимоя қиладиган, жуда кучли жағ ато қилган. Агар инсоннинг жағи чумолиникидек бақувват бўлганида тишлари билан бемалол юк машинасини судрай олар эди. Чумолининг олдинги жағлари бажарадиган ишларига ихтисослашган. Барг кесувчи чумолининг олдинги жағлари қайчи каби кескин қиррали; жангчи чумолиларни эса ўткир бўлиб, душманнинг бошини қимирлатмайдиган даражада кучлидир. Баъзиларининг жағлари эса аррага ёки тегирмон тошига ўхшайди. Айрим чумоли турларининг оғзида бошқа чумолиларни кўчириш ёки личинкалар ҳосил қилиш учун моддаларни сақлайдиган митти чўнтаги ҳам бўлади. Чумолилар ниҳоятда фидокор ва топганини баҳам кўришни севадиган сахий ҳашаротлардир. Мабодо, бир тўдадан икки чумоли дучлашиб қолса, улардан бири оч ва чанқаган бўлса; иккинчисининг оғзида чайналган ёки ярим ҳазм бўлган егулик бўлса, эҳтиёжи бўлган чумоли егулик талабида бўлади. Овқати бор чумоли ҳеч қачон уни рад этмайди ва ўзидаги егуликни у билан баҳам кўради. Чумолилар личинкаларини ўзларининг озиқ-овқатлари билан боқадилар. Ҳатто аксаран ўзларига бошқаларни меҳмон қилганидан кам егулик айиради. Чумоли тўдасидаги бир қисм чумолининг вазифаси эса уяни ҳимоя қилмоқдир. Бу вазифага махсус тайёрланган чумолилар уяларини ҳимоя...
Бир одам Каъбатуллоҳда туриб: – Эй тўғриларга ёрдам этувчи, ҳаромдан қочганни қурувчи! – деб дуо қилаётган эди. Унга одамлар “шундан бошқа дуони билмайсанми?” дейишди. Шунда у нега бундай дуо қилаётганининг сабабини қуйидагича изоҳлади: – Мен Байтул шарифни тавоф этарканман, оёғимга теккан қандайдир нарсани эгилиб олдим. Қарасам, ичи олтинга тўла ҳамён экан. Шу ондаёқ шайтон ва иймоним мужодала этишни бошлади. “Минг тилло ҳазилакам пул эмас, кам-кўстингнинг бутлаб оласан”, деди шайтон. Иймоним эса “бу сенга ҳаром, бировнинг пули, уни кўтариб юрма, эгасини топиб топшир”, деди. Ана шу мужодала ичида эканман, қулоғимга бировнинг “Шу орада бир олтин тўла ҳамён йўқолди. ким топиб олган бўлса, олиб келсин, ўттиз тилло мукофоти бор”, дея чақириб юргани чалиниб қолди. Минг ҳаромдан ўттиз ҳалол афзал дедим-да, ҳамённи эгасига топширдим. У хурсанд бўлиб менга ўттиз тилло санаб берди. Ўттиз тиллони чўнтакка уриб мисгарлар бозорини айланиб юрган эдим, бир араб қулнинг бир тиллога сотилишини эшитиб қолдим ва шартта уни сотиб олдим. Орадан қанчадир вақт ўтиб, қулимнинг ёнида бир тўда араблар пайдо бўлди ва улар сирли равишда шивирлаша бошлади. Ажабланиб қулимдан нимани гаплашганларини сўрадим. У яшириб ўтирмасдан тўғрисини айтди-қўйди: – Мен мағриб султонининг ўғлиман. Отам ҳабаш султони билан жанг қилиб мағлуб бўлди. Душманлар мени ҳам асирга олиб бу ерларга олиб келиб сотдилар. Отам бу одамларга эллик минг тилло бериб юбормишларки, мени сотиб олиб борсинлар. Сен менга кўп яхшилик қилдинг, ўз фарзандингдек меҳрибон бўлдинг. Мен сендан жуда ҳам мамнунман. Улар мени сотиб олмоқчи бўладилар; ҳеч ҳам камига рози бўлма, эллик минг тиллога сот мени. Унинг айтганидек бўлди. Қулимни эллик минг тиллога сотдим. Шу қадар катта пулга хийла мол олиб Бағдодга бордим. У ерда бир дўкон очдим-да, молларимни сота бошладим. Кунларнинг бирида бир танишим келиб, у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтирди-да, “Машҳур бир тужжор бор эди, вафот этди. Ой каби гўзал қизи етим қолди. Юр сенга ўша қизни сўраб борамиз”, деб қолди. Мен ҳам рози бўлдим. Қизнинг васийларига ҳам маъқул бўлдим ва қизни никоҳимга олдим. Уйдаги жавонга териб қўйилган сандиқчалар ичида олтинга тўла ҳамёнлар бор эди. Уларнинг ҳаммасининг устига “минг олтин” деб ёзилган, фақат биттасининг устида “тўққиз юз етмиш” деб ёзиб қўйилган эди. Нега бундайлигини сўраганимда қизгина: – Отам шу ҳамённи Ҳарами шарифда йўқотиб қўйган экан. Бир ҳалол одам топиб олиб қайтариб берибди. Отам ўша одамга суюнчи деб ўттиз танга берибди, қолгани шу, ичидагилар, – деди. Унинг гапларини эшитиб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, шукрлар қилдим. Зеро, буларнинг ҳаммаси тўғриликнинг, озгина яхшиликнинг беҳисоб барокати эди. Бўлган воқеаларни қизгинага батафсил сўзлаб бердим, бахтиёрлигимиз янада зиёда бўлди… Туркчадан Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси (muslim.uz) 382
Ибн ал-Хайсамнинг кашфиётидан бурун, 1000 йилларда одамлар кўз нурни қайтаради, ана шу сабабдан одамлар кўра олади деб ҳисоблар эди. Тасвирнинг кўзгуда ҳосил бўлиши назарияси билан милоддан аввалги III асрда Аристотель, Платон, Евклид шуғулланган. XI асрда араб олими Ибн ал-Хайсам (Альгазен) ҳақиқатни юзага чиқарган: кўз аслида бошқа предметлар ва юқоридан таралган ёруғликни қабул қилишини кашф қилган. Унинг таълимотини 1620 йилларда голланд олими В.Снеллиус ва Р.Декарт ривожлантириб, Хайсамнинг назарияси тўғри эканини исботлаган. Робия ЖЎРАҚУЛОВА (muslim.uz) 351